“Ҳизбут-таҳрир” хатолари ҳақида
(ўз китобларига кўра)
(2-ҚИСМ)
Боши аввлга саҳифаларда...
Китобимизнинг бу қисмида “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳининг омма мусулмонлар эътирозига сабаб бўлган диний ва сиёсий қарашлари, уларнинг асослари ва уларга нисбатан Аҳли сунна вал жамоа олимларининг муносабатлари ҳақида сўз юритамиз. Баҳсимиз бўш бўлмаслиги ва туҳмат кўринишини олмаслиги учун “фалончининг айтишича” каби қуруқ гаплардан йироқ бўлиб, “Ҳизбут-таҳрир” тўғрисидаги сўзларимизни уларнинг ўзларига тегишли китоблардан олинган иқтибослар билан мустаҳкамлаймиз.
Авваламбор, мавзуга киришиш олдидан бугунги кунда Аҳли сунна вал жамоа олимларини ҳамда кўпчилик оддий мусулмонларни ташвишга солаётган “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳига қўйилмиш асосий айблардан бир нечтасини келтириб ўтамиз:
“Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.
“Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўтазила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.
“Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳбарияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларга бўлган ҳурматни “шахсга сиғиниш” даражасига кўтарадилар.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннатни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.
Улар Қуръон оятлари тафсирида ҳамда ҳадислар шарҳида шундай ғайриоддий таъвилот ва мулоҳазалар келтирадиларки, аслида, айни матнларнинг муроди тамоман бошқа нарса бўлиб, гоҳида ҳатто булар айтганининг акси назарда тутилган бўлади.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минглаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар.
Умуман олганда, биз фақат айрим нарсаларнигина зикр қилдик, холос. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, агар уларнинг кўплаб содда мусулмонларни йўлдан уриш ва адаштиришда фаол “хизматлари” бўлмаганида эди, улар ҳақида ёзиб ёхуд гапириб вақтимизни ҳам зое қилмаган бўлардик.
* * *
Сизлардан бир жамоат бўлсин…
Баҳсимизни “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳининг ташкил этилиши асослари билан танишишдан бошлаймиз.
“Ҳизбут-таҳрир” нашрларидан бири бўлган “Сиёсий фикрлар” китобида, “Ҳизбут-таҳрир”ни ташкил этиш, аслида, Ислом умматига Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 104-оятининг қатъий талаби билан фарз эканлигидан келиб чиқади деган ғояга урғу берилади. Иқтибос:
Аллоҳ таоло мусулмонларни яхшиликка даъват этиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ва ҳокимларни муҳосаба[1] қилишга буюргани каби, айни шу ишларни уюшма сифатида бажарадиган сиёсий уюшма ташкил этишга ҳам буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!”
Яъни, эй мусулмонлар, ўзларингдан икки ишни бажарадиган жамоат ташкил қилинглар, бу ишнинг бири исломга даъват этиш, иккинчиси маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришдир.
Жамоат ташкил этиш учун бўлган бу талаб қатъий талабдир… Бинобарин, оятдаги буйруқ вожиб маъносида бўлиб, жамоат ташкил этиш мусулмонларга фарзи кифоядир… Аллоҳ мусулмонлардан шу икки ишни бажариш учун ораларидан жамоат ташкил этишни талаб қилди. Демак, оятдаги буйруқ ушбу икки ишга эмас, жамоат ташкил қилишга қаратилгандир.
Жамоат эса жамоат сифатида иш бажара олиши ва жамоат сифатида қолиши учун муайян ишлар амалга ошиши зарур. Жамоат… аъзолари уюшма бўлишлари учун ўртани боғлаб турадиган робита мавжуд бўлиши шарт… Жамоат “жамоат” сифатини олмоғи учун итоат этиш вожиб бўлган амир ҳам лозимдир.
Бу икки сифат, яъни робита ва амирнинг мавжуд бўлиши: “Сизлардан бир жамоат бўлсин” маъносидаги оятнинг ўртани боғлаб турадиган робита ва итоати вожиб бўлган амирга эга жамоат бўлсин, деган маънода эканлигини англатади… Шундан маълум бўляптики, бу оят ҳизб ёки уюшма, ёки жамият, ёки ташкилот ташкил этишга буюряпти.
Оят сиёсий ҳизб ташкил этишга буюряпти. Чунки у жамоат ишини аниқ кўрсатиб берган. У иш эса Исломга даъват этиш ва маъруфга буюриш, мункардан қайтаришдир.
Маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш иши умумий бўлиб, ҳокимларни амри маъруф, наҳй мункар қилишни ҳам ўз ичига олади. Бунинг маъноси уларни муҳосаба қилиш демакдир. Ҳокимларни муҳосаба қилиш сиёсий иш бўлиб, уни сиёсий ҳизблар бажаради ва бу уларнинг энг муҳим ишларидандир.
Демак, оят Исломга даъват этиш, маъруфга буюриш, мункардан қайтариш ва ҳокимларни қилган иш ва тасарруфларида муҳосаба қилиш учун сиёсий ҳизблар ташкил қилишга далолат қиляпти /иқтибос тугади/.
Ушбу иқтибосда бизни қониқтирмаётган жиҳати – ҳизб муассисларининг оят ҳукмига кўра мусулмонлар бир-бирларини маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришлари лозим дегани эмас, албатта. Ҳокимларни амри маъруф ва наҳй мункар қилиш лозим деб таъкидлашларида ҳам эмас. Бу маъно тўғрилигини ҳамма тан олади. Чунки, аслида, амри маъруф ва наҳй мункар – мусулмон уммат зиммасидаги шундай бир муҳим рисолатки, шунинг учунгина бу уммат ҳаёт майдонига чиқарилган.
Лекин масала бошқа тарафда.
Маълумки, Тақиюддин Набаҳоний “Ҳизбут-таҳрир” партиясини 1953 йилда, яъни ҳижрий 1372 йилда ташкил этган. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан сўнг, тахминан, 1362 йил ўтган эди. Демак, бу иқтибосда эсга олинган ҳукм ҳаққоний бўлса, нима деб ўйлайсиз, шунча вақт, 1362 йил – қарийб 14 аср давомида, ислом умматида ҳеч ким бу оятга амал қилмай келганмикин?! Чунки Расулуллоҳдан кейин Абу Бакр даврида ҳам, Умар даврида ҳам, кейинроқ, умавийлару аббосийлар даврида ҳам, қўйингки, охирги усмонли халифалар давригача ҳеч бир замонда мусулмон олимлар тарафидан ушбу оятга амал қилиш мақсадида алоҳида бир жамоа тузиб, бир кишини унга амир этиб сайлаш фикри кўтарилмаган. Ҳолбуки, “Ҳизбут-таҳрир” таъкидлашича:
“Аллоҳ мусулмонлардан шу икки ишни бажариш учун ораларидан жамоат ташкил этишни талаб қилди. Демак, оятдаги буйруқ ушбу икки ишга эмас (яъни маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришга эмас), балки жамоат ташкил қилишга қаратилгандир”.
Давоми бор ...
Манба:Аҳлисунна.уз