1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (25-ҚИСМ) РУХСАТ СЎРАШ ОДОБИ

10-06-2020, 10:10 546 Ўқиш режими + -

 



         МУҚАДДАС ОИЛА (25-ҚИСМ)

 

РУХСАТ СЎРАШ ОДОБИ


Изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Бу одоблар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломида қай тариқа баён қилинганига эътибор қаратамиз: «Эй имон келтирганлар, ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча, кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангизлар» (Нур, 27). Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига киришга изн сўраб, “Кирайми?” деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтишни ўр­гатдилар. У одам: “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди ва унинг ичкарига киришига изн бердилар. Рухсат сўраш билан бирга, салом бериш ҳам ўзаро дўстлик ва муҳаббатни изҳор қилишдир. «Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни тополмасангиз, унда сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз. Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кета­ве­ринглар. Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билгувчидир» (Нур, 28). Ислом одобида изн сўраш уч маротаба бўлиб, биринчисида ичкаридаги одам эшитади, иккинчисида ўзларини тузатиб оладилар ва учинчисида эса киришга рухсат берадилар ёки қайтарадилар. Агар ичкаридан сизга ҳеч ким жавоб бермаса, у ерга кирмаслигингиз лозим бўлади. «Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фар­занд)­ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сиз­лар­дан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пе­шин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни таш­ла­ган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўли­ши мум­кин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гу­ноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бири­нгизга келиб кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сиз­ларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур, 58). «Қачонки, гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга ет­ган)лар каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. «Аллоҳ билим ва ҳикмат со­ҳибидир» (Нур 59). Ушбу оятларда, Аллоҳ таоло амрига биноан, фарзандлар ва хонадон хизматкорлари ўз ота-оналари ва уй со­ҳибларидан айтиб ўтилган уч пайтда изн сўраб кириши лозимлиги баён этилмоқда. Биринчиси, бомдод намозидан аввал, чунки бу вақтда кишилар ўринларида ором олаётган бўладилар. Иккинчиси, туш пайти. Бу вақтда ҳам кишилар аксарият ҳолларда ўз аҳли билан биргаликда дам олаётган пайт бўлади. Учинчиси, хуфтон намозидан сўнг. Ушбу вақт тун ма­ҳали бўлиб, дам олиш ёки ётиш пайтидир. Бу уч пайтда катталар ёки хонадон эгалари ҳу­зурига кириш учун изн сўраш шариатимиз қоидасига мувофиқ шарт қилинди. Мазкур вақтларда эр ёки хотин ёш фарзандларидан холи бўлиб, хос бир ҳолатда бўлиши табиийдир. Агар ёш болалар балоғат ёшига етсалар, бу уч вақтдан ташқари пайтларда ҳам изн сўраш лозим бўлади. Фарзандларнинг тарбияли, чиройли хулқ эгалари ва етук инсонлар бўлишларида Ислом дини таълимоти на­қадар аҳамиятли экани Қуръон оятларида яққол кўри­ниб турибди. Изн сўрашнинг ҳам ўз одоблари бўлиб, улар қуйи­дагилардир: Аввал салом бериб, сўнг изн сўраш Абу Довуд ривоят қилади. Омир қабиласидан бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйда бўлган вақтларида изн сўради ва: “Кирсам майлими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хиз­матчига: “Чиқиб, унга изн сўрашни ўргатгин, “Ас­са­лому алайкум, кирсам майлими?” деб айтсин”, деди­лар. Шунда у бу сўзни эшитиб, “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар ва у кирди. Исмини, сифатини ёки кимлигини билдириш Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг“ Саҳиҳ ”китобларининг “Исро” ҳадисида келтирилади: Расулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва саллам»: Сўнгра Жаброил алайҳиссалом дунё осмонига кўтарилди ва эшикни тақиллатди. Шунда: Ким? дейилди. Жаброил алайҳиссалом, деди. Ёнингдаги ким? Муҳаммад алайҳиссалом. Сўнгра мен билан иккинчи, учинчи осмонга ва бош­­қаларига кўтарилди. Ҳар бир осмон эшигида “Ким?” дейилди. Жаброил (алайҳиссалом), деди­лар. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китоб­ларида Абу Мусодан ривоят қилинади. Пайғам­бари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғнинг қудуғида ўтир­ганларида, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) келиб изн сўради. Абу Мусо: Ким? деди.  Абу Бакр (розияллоҳу анҳу). Сўнг ҳазрат Умар келди, изн сўради. Ким? деди Абу Мусо. Умар, деди. Сўнгра Усмон ҳам шундай қилди. Демак, бировнинг эшигига борган одам аввало ўзини та­ниш­тириши лозим бўлар экан. Шу ўринда баъзи киши­ларнинг хатти-ҳаракатлари ёдга тушади. Айниқ­са, айрим ёшлар телефон орқали бошқаларни безовта қилиб, ўзининг кимлигини билдирмасдан, турли кераксиз гап­ларни сўзлаши учраб туради. Муборак Рамазон ойида ҳам ёш болалар ва ўс­мирлар бемаҳалда эшикларни тақиллатиб, одамларни безовта қи­либ “Рамазон” айтиб юришади. Бу одат ҳам ди­ни­миз кўрсатмаларига мувофиқ келмайди, чунки мўътабар манбаларимизда бу ҳақда бирор-бир ма­ъл­у­мот йўқ. Кези келганида “Рамазон” айтиш тарихига назар соладиган бўлсак, аждодларимиз азалдан улуғ ой Ра­мазонни жуда катта хурсандчилик билан қарши олишган. Ҳатто­ки ёшлар бу қувончларини оҳангга солиб куйлашган, шодликларини бошқаларга ҳам етказиб, бир-бирларини қутлашган. Бундай улуғ хушхабарни олиб келганларни янада хушнуд қилиш учун саховатли ота-боболаримиз ширинликлар билан сийлаганлар. Кўриниб турибди, “Рамазон” айтиб бемаҳалда одамлар безовта қилинмаган ёки бирон нарса тама қилиш мақсад этилмаган. Шу боис фар­занд­ларимизга бу одатни ҳам тўғри маънода тушун­тиришимиз лозим. Уч марта изн сўраш Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Изн сўраш уч мартадир. Агар сенга изн берилса, киргин, изн берилмаса, бас, қайтгин,” дедилар. Биринчи марта изн сўраш билан иккинчисининг ора-сида тўрт ракаат намоз ўқиш муддатича кутиш мустаҳабдир. Чунки хонадон соҳиби намозда ёки за­рур иш билан банд бўлиши мумкин. Шу боис бир неча дақиқа кутиш афзалдир. Учинчи бор изн сў­ралганидан сўнг ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиш лозим экан. Шун­дай ҳол­ларда баъзилар эшикни ўзлари очиб киришлари динимиз қоидаларига зиддир. Эшикни оҳиста тақиллатиш Хусусан, ота-она, устоз ёки бирор аҳли уламо ёки фазилат соҳибининг хонадонига ташриф қилинадиган бўлса, янада тавозеъ ва одоб билан эшикни оҳиста тақиллатиш зарур. Бу борада саҳобалар ва салаф уламоларимиз одоб­лари қай даражада юксак эканига эътибор берамиз: Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Анас­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларини бармоқлар билан тақиллатишарди”. Салафлар улуғларнинг эшикларини тирноқлари билан тақиллатардилар. Бу эҳтиром ва одобнинг юқо­ри чўққисидир. Аммо уй эгаси эшикдан узоқроқда экани эҳтимоли бўлса, бундай вазиятда эшитиладиган тарз­да тақиллатилади. Бугунги ҳолатларда, яъни эшик­да қўн­ғироқ чалувчи мослама бўлса, ундан фой­даланганда ҳам узоқ муддат босиб турмаслик ёки кетма-кет, қайта-қай­та, тез-тез босавермаган маъқул. Чунки изн сўровчининг эшикни енгил, латиф тақил­ла­тиши унинг лутфу одоби, хулқи ва гўзал муома­ла­сидан далолатдир. Изн сўраш пайтида эшикка терс туриш Мабодо эшикни аёл киши очадиган бўлса, бегона кишига кўзи тушмаслиги ва уни хижолат қилмаслик мақса­дида изн сўраш одобидаги ушбу қоидага риоя қилиш талаб этилади. Изн сўраш баробарида назар солишда эҳтиёт­кор бўлиш шарт. Буни Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) саҳобаларига таъкидлаб: “Албатта, изн сўраш кўзни (жоиз қарашдан) сақлаш учундир”, де­ди­лар. Яъни, эшик тақиллатиб рухсат сў­ралганида, на­зар­ни олиб қо­чишнинг бошқа иложи йўқ. Шу сабабдан эшик­ка терс ёки ён билан туриш жоиздир. Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Басардан (розиял­ло­ҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйга келишда эшикнинг қаршиси­да турманглар, эшикнинг ёнида туриб изн сўранглар. Агар изн берилса киринглар, рухсат берилмаса, қай­тинглар”, деганлар. : Абу Довуд ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) одамлар эшигига келганларида юзлари билан эшикка юзланмасдилар, ўнг ёки чап ёнларини эшикка қилардилар ва: “Ассалому алайкум”, дердилар». Уй эгаси “қайт” деса, қайтиш Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бас, агар у уйларда ҳеч кимни топма­сан­гиз­, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кир­ма­нгиз! Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кетаверинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўл­дир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билув­чи­дир» (Нур, 28). Рухсат сўровчи кишига хонадон эгалари монелик билдирганида, дарҳол орқага қайтиши лозимлиги баён этил­моқда. Чунки хонадондаги айни муҳит ва вазият шуни тақозо қилаётгани учун шундай жавоб бўлди. Шу боис келган киши кириш учун бирор баҳона то­пишга ҳаракат қилмай, орқага қайтиши шарт. Чунки Аллоҳнинг буйруғи юқоридаги ояти каримада шунга далолат этмоқда. Қатода айтади: Бир муҳожир: “Бутун умрим бўйи бу оятдаги ҳолатни қидирдим. Аммо бундай вазиятга тушмадим. Бир вақтлари келиб, баъзи биродар­ла­рим­дан рухсат сўрадим. Улар “қайт” дедилар. Бас, мен хур­санд бўлган ҳолимда (яъни ўша оятга амал қил­ганимдан) ортимга қайтдим”, деди. Бу Ислом динимиздаги “изн сўраш” одобларининг энг муҳим қоидалардандир. Фарзандларимиз шу фази­лат­ларга эга бўлиб тарбия топар экан, албатта бугун, эртага ва то қиё­матга қадар давом этажак наслу на­са­би­миздан яна ула­мо­лар, фозиллар ва ўз илму маъ­ри­фат­ларининг манфаатлари ила жаҳонни ҳайратга сола­диган машҳур ин­сонлар етишиб чиқади, иншааллоҳ. Буюк ва Улуғ, Қо­дир Раббимиздан барчамиз илти­жолар қилиб, бу йўл­да олиб бораётган ишларимизда шижоат ва бара­котлар тилаймиз. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан