“Ҳизбут-таҳрир” хатолари ҳақида
(ўз китобларига кўра)
(3-ҚИСМ)
Боши аввлга саҳифаларда...
Яна мазкур иқтибосдан маълум бўлишича, “Ҳизбут-таҳрир” муассисларининг фикрига кўра, уларнинг вазифаси – аслида маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш эмас, балки фақат жамоа ташкил қилиш бўлиб чиқади.
Шуниси қизиқки, шу кунгача нафақат Ислом уммати уламолари, балки оддий фуқаролари ҳам, ушбу ҳамда бошқа оят ва ҳадислар талабига биноан тарих давомида доимо бир-бирларини маъруфга буюриб, мункардан қайтариб келганлар. Шу жумладан, “Ҳизбут-таҳрир” мутасаддилари куюнаётгани – султон эгаларини ҳам мудом муҳосаба қилганлар. Узоққа бормайлик, охир-оқибати Имом Бухорийни Бухорои шарифдан ҳайдаб чиқарилиши ва алломанинг Хартанг қишлоғида жон топширишлари билан якун топган келишмовчилик асосида ҳам, буюк аллома билан Бухоро амири ўртасидаги келишмовчилик туради.
Эътибор қилинг-а, барча уламолар маъруфга буюришни ва мункардан қайтаришни ўзларига вожиб деб билганлар, лекин бунинг учун аввал бирон сиёсий уюшма тузиб, бирларини амир сайлаб, унга итоатда бўлиш керак, йўқса, буни ҳечам амалга ошириш мумкин эмас, деган хаёлга бормаганлар.
“Ҳизбут-таҳрир” эса бунинг бир йўла тескарисини қилиб: бизнинг вазифамиз маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш эмас, фақат шу иш билан шуғулланиш учун мўлажалланган сиёсий жамоа-уюшмани тузиш, демакки, битта амир сайлаб унга итоатда бўлишдир, дейди.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Аллоҳ таолонинг: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” деган буйруғидан Аҳли сунна вал жамоа олимлари қуйидаги хулосани чиқаришган:
Биз мудом Исломга даъват билан, одамларни амри маъруф ва наҳй мункар қилиш билан шуғулланишимиз лозим. Шунда биз Аллоҳ таоло бу оятда зикр қилган “уммат”ни ташкил қилган ва Унинг амрини бажарган бўламиз.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари хулосаси эса мана бундай:
Амри маъруф, наҳй мункар қилишимиз, Исломга даъват этишимиз шарт эмас, аввал оятда назарда тутилган “уммат”ни, демакки, бирон сиёсий ҳизбни ташкил қилсак, кейинроқ, келажакда ҳизб шу ишни бажариши мумкин бўлади ва шу билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўламиз.
Мана сизга мантиқий фикрлаш…
Одатда, “Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўзларининг схоластикасини баён қилар эканлар, кўп ҳам оят ёки ҳадис келтириш билан “чалғийвермайдилар”. Мабодо, ноиложликдан келтирган ўринларида ҳам, аксарият ҳолларда, бу оят ёки ҳадислар айнан улар исбот қилишга уринаётган нотўғри тушунчаларга далолат қилган ёки қилмаслигини исбот қилувчи бирон факт келтирмайдилар, чунки аслан бундай фактларнинг ўзи йўқ.
Жумладан, юқоридаги “Оли Имрон” сурасининг 104-оятидан Ҳизб ташкил қилиш лозимлигини келтириб чиқарар эканлар, ушбу оят борасида мўътабар Ислом уламолари тарафидан айтилган биронта сўзни мисол келтирмайдилар. Масалан, юқоридаги иқтибосда келгани:
“Сизлардан бир жамоат бўлсин” маъносидаги оятнинг ўртани боғлаб турадиган робита ва итоати вожиб бўлган амирга эга бўлган жамоат бўлсин, деган маънода эканлигини англатади… Шундан маълум бўлаяптики, бу оят ҳизб ёки уюшма, ёки жамият, ёки ташкилот ташкил этишга буюраяпти.
“Ҳизбут-таҳрир” раҳнамолари ўзларининг бу оят айнан, ўртани боғлаб турадиган робитаси ва итоати вожиб бўлган амирига эга бўлган жамоат бўлсин, деган маънони англатади, деган сўзларига қайси олим шундай дегани, ким бу оятни амалда шу тарзда қўллагани ва алоҳида бир гуруҳ тузиш лозимлиги фикрини ёқлаб чиққани ҳақида биронта далил келтирмайдилар.
Аслида, Қуръони карим оятларини фаҳмлашда қандай йўл тутилиши керак? Уни “Ҳизбут-таҳрир” олимлари йўл тутганидек, фақат ўзининг раъйига мисол қилиб келтиравериш мумкинми?
Нақлий тафсирлар орасида энг машҳур ва аҳамиятлиси бўлган “Тафсирул Қуръонил Азим” китоби муаллифи, машҳур муфассир ва имом Ҳофиз Ибн Касир ушбу китоби муқаддимасида қуйидагиларни айтади:
“Авваламбор Қуръонни Қуръоннинг ўзи билан тафсир қилиниши лозим… Агар бу иложсиз бўлса, (яъни Қуръоннинг ўзидан тафсир этадиган нарса тополмасанг) унда Суннатга мурожаат этасан. Зеро, суннат Қуръонни шарҳловчи ва изоҳ берувчидир. Имом Шофеъий айтган: “Расулуллоҳ нимага ҳукм қилган бўлсалар – демак у зотнинг Қуръондан ўзлари фаҳмлаганлари шу бўлган”… Агар бирор оятнинг тафсирини Қуръоннинг ўзидан ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан топмасак, саҳобаларнинг тафсирига мурожаат қиламиз, чунки улар оят нозил бўлган вақтдаги махсус аҳволлар ва қариналарга шоҳид бўлган кишилардир. Уларнинг фаросатлари ўткир, илмлари соғлом, амаллари солиҳ кишилардир. Хусусан, улар орасида уламолари ва буюклари, масалан рошид халифалар ва ҳидоят топган имомлар аталмиш чаҳорёрлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ва ислом уммати донишманди ва илм денгизи деб танилган Пайғамбар (алайҳиссалом) амакисининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) сингари уламолари мавжуд бўлганки, унинг ҳақига Расулуллоҳ: “Парвардигоро, уни динда фақиҳ қилгин ва Қуръон таъвилини ўргатгин”, деб дуо қилганлар “ /иқтибос тугади/.
Қуръони каримни ўз раъйи билан тафсир қилиш тўғрисида эса Ибн Касир ўша жойда шундай дейди:
“Аммо, қуруқ ўз раъйи билан тафсир қилишга келсак, бу ҳаромдир. Сабаби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ибн Аббос ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтганлар: “Ким Қуръон ҳақида ўз раъйидан бир гап айтса ёки аниқ билмаган нарсасини гапирса – дўзахдан ўзига жой ҳозирлайверсин” /Термизий ривояти/. Бошқа лафзда эса “Кимки Аллоҳ Китоби борасида ўз раъйидан келиб чиққан ҳолда бир гап айтса-ю, (иттифоқо) айтгани тўғри бўлиб чиқса ҳам, хато қилган бўлади”. Зеро, у ўзида шу ҳақда аниқ илм йўқ бўла туриб, худди бордек кўрсатган, унга буюрилмаган йўлни тутган бўлади. Шунинг учун мабодо айтгани тўғри чиққан тақдирда ҳам қилмиши хато саналади. Чунки у ишга ўз дарвозаси орқали кирмаган эди. Унинг мисоли худди ўзи жоҳил бўлатуриб, одамлар орасида ҳакамлик қилган кишига ўхшайди. Бундай киши, мабодо чиқарган ҳукми тўғри бўлган тақдирда ҳам, барибир дўзахга қулайди. Яна, Аллоҳ таоло қазф қилганларни[2]“Агар гувоҳларни келтирмасалар, демак, Аллоҳ наздида улар ёлғончилардир”, деб айтди. Демак, бировни қазф қилган киши – аслида, ҳақиқатан ҳам зино қилган одамнинг айбини айтганига қарамасдан – ёлғончидир. Чунки у аниқ билган нарсаси хабарини берган бўлса-да, хабар қилиш унинг учун ҳалол бўлмаган нарса ҳақида хабар қилган эди. Бу ҳам, (яъни раъйи билан тафсир қилган одам) ўзи аниқ билмаган нарсани бўйнига олиб ортиқча такаллуфга йўл қўйди. Валлоҳу аълам.
Шу боисдан кўпчилик уламолар бирон оят тафсиридан – агар у ҳақида ўзида аниқ илм бўлмаса – ўзларини олиб қочганлар.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Умар ибн Хаттоб ҳузурида эдик, унинг кўйлаги орқасида тўртта ямоғи ҳам бор эди. У: “Ва факиҳатан ва абба” (Абаса, 31) оятини қироат қилиб: “Абба”си нимайкин?” деди-да, сўнгра: “Ахир бу такаллуфнинг ўзгинаси-ку[3]. Нима бўпти, энди сен шуни билмасанг?” деб ўзига дашном берди”…
Иброҳим Таймий айтадики, айни шу оят ҳақида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан сўралганида: “Қайси Осмон менга соя солгай, қайси Ер мени кўтаргай, агар Аллоҳ Китобидаги бир оят ҳақида ўз раъйим ила ёки аниқ билмаган нарсам ила гапирсам?!” деб жавоб берганлар.
Ибн Абу Мулайка: “Бир оят ҳақида Ибн Аббосдан сўрашган эди, у киши бирон нарса дейишдан бош тортдилар. Ва ҳолбуки, агар шу оят ҳақида бировингиздан сўралганида – албатта нимадир деган бўлардингиз”, деди.
Саъид ибн Мусайяб ҳам Қуръондан фақат аниқ билган нарсаси ҳақида гапирар эди.
Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Мадина фуқаҳоларини ўзим кўрдим, барчалари тафсир борасида сўзлашдан ҳайбат қилишар эди. Солим ибн Абдуллоҳ[4], Қосим ибн Муҳаммад[5], Саъид ибн Мусаййаб[6], Нофеъ[7] ўшалардан эди”.
Ушбу саҳиҳ асарлар ҳамда салаф имомларидан шунга ўхшаш ривоятлар барчаларининг тафсир борасида аниқ билган нарсаларидан нари ўтмаганларига ҳамл қилинади…” /иқтибос тугади/.
Шунинг учун Қуръондан оят келтирган киши учун, бу оят ҳақида фақат юқорида Ибн Касир зикр этганлари – Қуръон, суннат ва саҳобалар тафсиридан ёки фақат шуларга суяниб тафсир қилган салаф уламолари сўзларидан келиб чиқиб гапириш ҳалол бўлади.
Келинг, “Ҳизбут-таҳрир” мутасаддилари ўрнига шу ишни ўзимиз қилиб кўрамиз ва ушбу оят тафсири ҳақида Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган муфассирлари ва олимлари келтирган фикрлар билан танишиб чиқамиз.
Ҳофиз Ибн Касирнинг Оли Имрон сураси 104-оятига қилган тафсиридан иқтибос келтирамиз:
“Сизлардан бир уммат бўлсин” – Яхшиликка чақириш ҳамда амри маъруф ва наҳй мункар ишини бажаришни зиммасига олган бир уммат бўлсин. Заҳҳок айтади: улар саҳобаларнинг ва ровийларнинг хоссалари, яъни уламоларидир. Ушбу оятдан кўзланган мақсад – шу уммат ичидан бу ишга мутасадди бўлувчи бир фирқа-жамоа бўлсин. Ва ҳолбуки, аслида, бу иш умматнинг ҳар бир аъзосига баҳоли қудрат фарз этилган бўлса ҳам. Зеро, имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Орангиздан кимда-ким бирор мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, башарти қўли билан ўзгартиришга қодир бўлмаса – тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса– қалби билан ўзгартирсин. Мана шу, яъни мункарни қалб билан ўзгартириш, шу мункарнинг бўлмаслигини чин дилдан хоҳлаш – Имоннинг энг заиф кўринишидир” /иқтибос тугади.
Давоми бор ...
Манба:Аҳлисунна.уз