1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСУЛМОН МАМЛАКАТЛАРИ МАДАНИЯТИНИНГ ДУНЁ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ТАРАҚҚИЁТИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ ( 1-ҚИСМ)

12-06-2020, 09:58 746 Ўқиш режими + -


Мусулмон мамлакатлари маданиятининг дунё цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси  ( 1-қисм)

 

Инсоният маданиятида Ислом таъсир ўтказган майдонларни аниқлаш ва белгилаш мушкул. Чунки ислом динининг инсоният маданияти ва илм-фанига таъсири қон билан жон мисоли аралашиб, сингиб кетган. Ер куррасидаги турли миллат ва элатлар Ислом маданиятидан таъсирланганликларини сезмайди. Улардаги инсоний маданият аслида ёт, исломий маданият эканини ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Чунки, исломий маданият унсурлари аллақачон ҳамма миллатнинг ажралмас бир бўлаги, маданияти ва ҳаётига айланган

Ислом таъсири турли миллат ва элатларнинг фалсафаларида, динларида, маданиятларида намоён бўлар, ички дунёлари эса буни фош этарди. Мусулмонлар таназзулидан кейин ислоҳот ҳаракатларини ғайримуслимлар олиб боргани, уларнинг Исломдан таъсирланганидан дарак беради.

Исломнинг башарият илм-фани ва маданиятига ўтказган улкан таъсирини кўплаб инсофли ғайримусулмон ғарб олимлари эътироф этишади.

Франциялик олим Жоливет Костелот ўзининг “Тарих қонуни” китобида бундай ёзади: “Пайғамбар вафотидан кейин араблар катта тараққиётга эришдилар. Ислом ёйилиши замон талаби эди. Шу боис мусулмонлар тараққиёти жуда тезлаб кетди. Натижада ақлни лол қолдирувчи Ислом маданияти юзага келди. Фатҳлар билан бирга Ислом маданияти ҳамма жойга ёйилди. Ислом маданиятининг асари санъат, адабиёт, шеър ва илмларда акс этди. Шу билан фалсафа, фалакиёт илми, кимё, тиббиёт ва руҳий илмлар машъали бир қанча аср мусулмонлар қўлида қолди. Улар ихтирочиларга айландилар. Шунчаки ихтирочилар эмас, балки илм асосларини жуда ўткир ва ўта қобилият билан қўлга киритган ихтирочилар эди. Ислом маданиятининг қолдирган асари ҳаммани лол қолдирганди.

Дарҳақиқат, X асрдан то XIV асргача тараққиётига сабаб бўлгани ва Европада ўрта асрларда суст ҳаракат қилган илмий фалсафий фикрни Ислом маданиятидан олгани учун Европа Ислом маданиятидан қарздордир. Ислом маданияти, мусулмонларнинг илми, одоб-ахлоқи, санъати олдида Европа қолоқ ва жоҳил кўринарди. Илм ва маданият байроғини мусулмон олимлари кўтарган, ҳатто Европада ҳам Ислом маданиятидан ўзга маданият бўлмаган тўрт аср мобайнида мусулмонлар фикридан фойдаланганини Европа тан олади”.

Густав Лебон бундай дейди: “Одамлар тажриба, мулоҳаза ва айрим фактлардан умумий хулосага келишларни  Францис Баконга нисбат қиладилар. Бу иккиси янги илмий тадқиқотнинг негизи ва асосидир. Лекин бугун ҳам шуни тан олиш керакки, бу йўлларнинг барисини аслида мусулмонлар ихтиро қилганлар”.

Яна Густав Лебон ўзининг “Араблар маданияти” номли китобида бундай дейди:

“Мусулмонларнинг тадқиқотга бағишлаган ҳиммати кишини ҳайратга солади. Илм ва тадқиқотда мусулмонлар билан тенг миллат бўлиши мумкин, аммо тахминимча мусулмонлардан устуни бўлмаган. Мусулмонлар ҳукмига ўтган шаҳарларда масжид ва мадраса қуришга катта эътибор берардилар. Агар шаҳар катта бўлса, у ҳолда бир эмас, бир нечта масжид ва мадраса қуриларди. Ана шулар қаторида 1173 йилда вафот этган Бенямин Тотбалий гувоҳ бўлган Искандариядаги 20 та мадраса ҳам туради. Бундан ташқари Бағдод, Қоҳира, Кордова ва шунга ўхшаш катта шаҳарларда лабаратория, расадхона ҳамда илмий тадқиқотга асқотадиган барча шароит яратилган, китобга бой кутубхоналарга эга жомеъа – университетлар қад кўтарганди. Мусулмон тарихшунослари ривоятига кўра, биргина Испанияда арабларга тегишли етмишта кутубхона бўлган. Халифа “Ал-ҳакамус-саний”нинг Кордова шаҳридаги хос кутубхона токчаларида олти юз минг китоб терилганди. Шулардан қирқ тўрт жилди фиҳрист – мундарижа бўлган. Шу сабабли доно Чарл тўрт юз йилдан кейин Франциянинг қирол кутубхонасида тўққиз юз жилддан зиёда китоб жамлай олмаган. У жамлаган китобларнинг учдан бир қисми илоҳиёт илмига тегишли бўлган, дейилади”.

 

НОРҚЎЧҚОРОВ РЕЖАБОЛИ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари