1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Ҳизбут-таҳрир” хатолари ҳақида (ўз китобларига кўра) (4-ҚИСМ)

12-06-2020, 17:34 392 Ўқиш режими + -


“Ҳизбут-таҳрир” хатолари ҳақида (ўз китобларига кўра) 


(4-ҚИСМ)

 

Қуръони каримни ўз раъйи билан тафсир қилиш тўғрисида эса Ибн Касир ўша жойда шундай дейди:
“Аммо, қуруқ ўз раъйи билан тафсир қилишга келсак, бу ҳаромдир. Сабаби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ибн Аббос ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтганлар: “Ким Қуръон ҳақида ўз раъйидан бир гап айтса ёки аниқ билма­ган нарсасини гапирса – дўзахдан ўзига жой ҳозирлайверсин” /Термизий ривояти/. Бошқа лафзда эса “Кимки Аллоҳ Китоби борасида ўз раъйидан келиб чиққан ҳолда бир гап айтса-ю, (иттифоқо) айтгани тўғри бўлиб чиқса ҳам, хато қилган бўлади”. Зеро, у ўзида шу ҳақда аниқ илм йўқ бўла туриб, худди бордек кўрсатган, унга буюрилмаган йўлни тутган бўлади. Шунинг учун мабодо айтгани тўғри чиққан тақдирда ҳам қилмиши хато саналади. Чунки у ишга ўз дарвозаси орқали кирмаган эди. Унинг мисоли худди ўзи жоҳил бўлатуриб, одамлар орасида ҳакамлик қилган кишига ўхшайди. Бундай киши, мабодо чиқарган ҳукми тўғри бўлган тақдирда ҳам, барибир дўзахга қулайди. Яна, Аллоҳ таоло қазф қилганларни[2]“Агар гувоҳларни келтирмасалар, демак, Аллоҳ наздида улар ёлғончилардир”, деб айтди. Демак, бировни қазф қилган киши – аслида, ҳақиқатан ҳам зино қилган одамнинг айбини айтганига қарамасдан – ёлғончидир. Чунки у аниқ билган нарсаси хабарини берган бўлса-да, хабар қилиш унинг учун ҳалол бўлмаган нарса ҳақида хабар қилган эди. Бу ҳам, (яъни раъйи билан тафсир қилган одам) ўзи аниқ билмаган нарсани бўйнига олиб ортиқча такаллуфга йўл қўйди. Валлоҳу аълам.
Шу боисдан кўпчилик уламолар бирон оят тафсиридан – агар у ҳақида ўзида аниқ илм бўлмаса – ўзларини олиб қочганлар.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Умар ибн Хаттоб ҳузурида эдик, унинг кўйлаги орқасида тўртта ямоғи ҳам бор эди. У: “Ва факиҳатан ва абба” (Абаса, 31) оятини қироат қилиб: “Абба”си нимайкин?” деди-да, сўнгра: “Ахир бу такаллуфнинг ўзгинаси-ку[3]. Нима бўпти, энди сен шуни билмасанг?” деб ўзига дашном берди”…
Иброҳим Таймий айтадики, айни шу оят ҳақида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан сўралганида: “Қайси Осмон менга соя солгай, қайси Ер мени кўтаргай, агар Аллоҳ Китобидаги бир оят ҳақида ўз раъйим ила ёки аниқ билмаган нарсам ила гапирсам?!” деб жавоб берганлар.
Ибн Абу Мулайка: “Бир оят ҳақида Ибн Аббосдан сўрашган эди, у киши бирон нарса дейишдан бош тортдилар. Ва ҳолбуки, агар шу оят ҳақида бировингиздан сўралганида – албатта нимадир деган бўлардингиз”, деди.
Саъид ибн Мусайяб ҳам Қуръондан фақат аниқ билган нарсаси ҳақида гапирар эди.
Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Мадина фуқа­ҳоларини ўзим кўрдим, барчалари тафсир борасида сўзлашдан ҳайбат қилишар эди. Солим ибн Абдуллоҳ[4], Қосим ибн Муҳаммад[5], Саъид ибн Мусаййаб[6], Нофеъ[7] ўшалардан эди”.
Ушбу саҳиҳ асарлар ҳамда салаф имомларидан шунга ўхшаш ривоятлар барчаларининг тафсир борасида аниқ билган нарсаларидан нари ўтмаган­ларига ҳамл қилинади…” /иқтибос тугади/.
Шунинг учун Қуръондан оят келтирган киши учун, бу оят ҳақида фақат юқорида Ибн Касир зикр этганлари – Қуръон, суннат ва саҳобалар тафсиридан ёки фақат шуларга суяниб тафсир қилган салаф уламолари сўзларидан келиб чиқиб гапириш ҳалол бўлади.
Келинг, “Ҳизбут-таҳрир” мутасаддилари ўрнига шу ишни ўзимиз қилиб кўрамиз ва ушбу оят таф­сири ҳақида Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган муфассирлари ва олимлари келтирган фикрлар билан танишиб чиқамиз.
Ҳофиз Ибн Касирнинг Оли Имрон сураси 104-оятига қилган тафсиридан иқтибос келти­рамиз:
“Сизлардан бир уммат бўлсин” – Яхшиликка чақириш ҳамда амри маъруф ва наҳй мункар ишини бажаришни зиммасига олган бир уммат бўлсин. Заҳҳок айтади: улар саҳобаларнинг ва ровийларнинг хоссалари, яъни уламоларидир. Ушбу оятдан кўзланган мақсад – шу уммат ичидан бу ишга мутасадди бўлувчи бир фирқа-жамоа бўлсин. Ва ҳолбуки, аслида, бу иш умматнинг ҳар бир аъзосига баҳоли қудрат фарз этилган бўлса ҳам. Зеро, имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Орангиздан кимда-ким бирор мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, башарти қўли билан ўзгартиришга қодир бўл­маса – тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса– қалби билан ўзгартирсин. Мана шу, яъни мункарни қалб билан ўзгартириш, шу мункарнинг бўлмаслигини чин дилдан хоҳлаш – Имоннинг энг заиф кўринишидир” /иқтибос тугади/.
Давоми бор ...

Манба:Аҳлисунна.уз