1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САЛАФИЙЛИКАРО ЗИДДИЯТЛАР

12-06-2020, 17:38 750 Ўқиш режими + -
Асосан, араб давлатларида кенг тарқалган, кейинги даврда эса аста-аста ўрта осиё ҳудудларига ҳам кириб келаётган адашган оқимлардан бири «салафийлик» оқимидир. Салафийларнинг фикрича, бугунги Ислом уммати адашган ҳақ йўлдан оғган бўлиб, уларни саҳоба ва тобеъинлар давридаги ҳолга қайтариш, ақидаларини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Уммат қадимдан бидъат ва ҳурофотлар ичида яшаб келмоқда. Исломни бидъатлардан тозалаб, асл салафлар даврига қайтармоқ ва ислоҳ қилмоқ лозим. Шунингдек, уларнинг иддаосича, бу шарафли вазифани зиммасига олган ва дин ғамида қайғураётган жонкуярлар ҳам, фақат салафийларнинг ўзидир.
Ислом дини таълимоти бўйича, охиратда мусулмонлар жамоъасидан фақат биргина тоифа жаннатий бўлиб, қолган тоифалар жаҳаннамийдир. Жаннатий тоифа бу — Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларига эргашган жамоъа. Яъни, Пайғамбаримиз ва саҳобалар каби этиқод қилган, ақидавий қарашларида зиддият йўқ, бир-бирларини кофир ё бидъатчига чиқармайдиган, эътиқодий бирдам жамоъа бу – жаннатга кирувчи, нажот топувчи жамоъадир. Яъни, аҳли суннат ва жамоат.  Салафийлар ўзларини «ҳудди шу тоифа вакиллари биз эрурмиз», деб айтадилар.
Хўш, ҳақиқатан шундайми? Яъни, салафийлик таълимотида ақидавий бирдамлик, бир-бирларини кофир ё бидъатчига чиқармас даражада ҳамжиҳатлик мавжудми ё зиддиятлар ҳам учраб турадими?
Келинг, бу саволга жавоб топиш учун уларнинг энг кўзга кўринган, таниқли раҳнамоларидан баъзи бирларининг бир қанча ақидавий қарашларини ўрганиб чиқамиз.
Биринчи масала:
  •  «Дўзахнинг абадий ёки фонийлиги» масаласи
Аввало, шуни эслатиб ўтамизки, дўзаҳнинг фоний ёки абадий эканлиги усули диннинг хатарли масалаларидан бўлиб, бунда ихтилоф қилишга асло йўл йўқ. Зотан, эътиқодий масалалардаги ихтилоф икки томондан бирини ё кофир ё бидъатчи эканининг нишонаси бўлади.
Ақоид илмидан хабари бор аҳли илмлар орасида кенг тарқалган, машҳур гап борки: «Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзия иккисининг айтишича, дўзах абадий эмас. Куни келиб дўзах аҳолиси етарли жазо олиб бўлганидан кейин, жаннатга чиқарилади ва шу билан дўзаҳ фонийликка юз тутади», бу масала аксар китобларда салафийларнинг энг улуғи Ибн Таймия ва унинг яқин талабаси Ибн Қаййим ал-Жавзияга нисбати бериб келинади. Ҳатто, баъзи олимлар бу масала юзасидан Ибн Таймияга раддиялар ҳам битган. Мисол тариқасида Амир Санъонийнинг «Рафъу-л-астор ли ибтоли адиллати-л-қоилийна бифаноъин нор», номли китобини келтириш мумкин.
Муаллиф китобни ибн Таймия ва унинг ўқувчиси Ибн қаййим ал-Жавзияга рад жавоб тариқасида битади. Китобда дўзах ҳам, жаннат ҳам ўз аҳолиси билан абадий экани етарли ва қониқарли далиллар билан исбот қилинган ва Ибн Таймиянинг сўзи пуч экани очиқлаб берилган.
Энг қизиқ жиҳати шуки, бу китобни салафийларнинг ишонган «тоғ»ларидан бири салафий имом Носир Албоний таҳқиқ қилиб, кўриб чиқади ва муаллифни мақтаб, унинг илмий ишига юқори баҳо бериб, янги нашрда ўз муқаддимасини ҳам қўшимча қилади. Китобнинг 1984 йил Байрутдаги «Ал-мактабату-л-исломий» босмахонасида чоп қилинган нусхасининг 25-чи саҳифасида салафий имом Албонийнинг ушбу сўзлари бор:
«فكيف يقول ابن تيمية: «و لو قدر عذاب لا اخر له لم يكن هناك رحمة البتة» فكان الرحمة عنده لا تتحقق إلا بشمولها للكفار المعاندين الطاغين! اليس هذا من اكبر الأدلة على خطاء ابن تيمية و بعده هو و من تبعه عن الصواب فى هذه المسألة الخطيرة؟! غفرانك اللهم!»
“Ибн Таймия қуйидаги гапни қандай асос билан айтган экан: «Агар, чексиз азоб мавжуд деб фараз қилинса, у ҳолда (Аллоҳнинг) раҳмати йўқ экан, деган хулоса чиқади», Ибн Таймиянинг фикрича, Аллоҳнинг раҳмати қачонки адашган кофирларни ҳам қамраб олсагина мавжуд бўлади экан! Шунинг ўзи Ибн Таймия ва унга эргашганларнинг, бу хатарли масалада, тўғри йўлдан йироқлашиб кетганига энг катта далиллардан эмасми?! Эй Аллоҳим ўзинг кечир!” (Рафъу-л-астор ли ибтоли адиллати-л-қоилийна бифаноъин нор. Таҳқиқи Муҳаммад Носируддин Албоний. Мактабату-л-исломий. Байрут. 1984.)
Бу ибораларни мулоҳаза қилиб кўрган ҳар бир ақлли инсон ҳайратдан ёқа ушламасдан иложи йўқ. Чунки, «салафий» оқимининг барча аъзолари Ибн Таймияни «салафийчилик»нинг асосчиларидан бири, деб тан олади. Носир Албонийни эса бу йўлнинг давомчиларидан бири сифатида бошларига кўтаришади. Носир Албоний бу масалада аҳли сунна вал-жамоага мувофиқ бўлган бўлса, Ибн Таймия мухолиф бўлган.
Табиий савол туғилади: дўзахнинг боқиё ё фоний эканида икки салафий раҳнамодан қай бири ҳақ? Биламизки бу масала усули дин масалаларидан бўлиб унда фақатгина бир хил қарашга йўл бор, иккинчи фикр эгаси аниқ залолатда бўлади. Бу ерда Ибн Таймия залолатдами ёки Носир Албоний адашганми?
Ислом умматини бирдамликка, саҳобалар йўлига даъват қилаётган «салафий»чилик тарғиботчилари бу ҳақда нима дер эканлар?!
Уларнинг ўзлари улуғ бобокалонлари Ибн Таймиянинг бу эътиқодидан хабарлари борми экан?!
Наҳотки салафлар деб таъриф берилмиш саҳоба ва тобеъинлар орасида шунақанги зиддиятлар мавжуд бўлган бўлса?! Салафийлар қаёққа кетмоқдасиз?! Умматни қаёққа етакламоқдасиз?!
Иккинчи масала:
  • Маййитлар тирикларни эшитиш-эшитмаслик масаласи?
Ўзларини «салафи солиҳлар йўлидамиз», деб тасаввур қилувчи «салафийлар»нинг раҳнамоларидан саналмиш Ибн Таймия ва Носир Албонийнинг ажабтовур ақидавий зиддиятларидан яна бири бу—маййитларнинг тириклар томондан қилинган нидо ва дуоларини эшитишлари, масаласидир.
Салафийлар учун энг қадрли шахслардан бири, ибн Таймиянинг энг яқин талабаси бўлмиш Ибн Қаййим ал-Жавзий ўзининг «Руҳ» номли асари биринчи масаласида ўз устози ибн Таймияга тобе ҳолда, «маййитлар тирикларнинг товушларини эшитадилар», деган масалани тўлиқ исбот қилади. Ва бу сўзига имом Бухорий бобомиз саҳиҳ тўпламида ривоят қилган қуйидаги машҳур ҳадисни далил сифатида тақдим қилади:
إن الميت يسمع قرع نعال المشيعين له إذا إنصرفوا عنه
«Маййитни кузатишга келганлар (уни дафн этиб) қайтаётганларида уларнинг оёқ товушларини маййит албатта эшитиб туради». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)
Ибн Қаййим ал-Жавзий бу ҳадисдан кейин шундай дейди:
«Салом берувчининг бор ё йўқлигини сезмайдиган, билмайдиган нарса (ўликка) салом бериш мантиққа тўғри келмайдиган маҳол ишлардандир. Ва ҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари умматларига қабрни зиёрат қилишда қуйидагича сўзларни айтиш кераклигини таълим берганлар:
«Салом бўлсин сизларга эй бу диёрнинг мўмин ва мусулмон аҳолиси. Тез кунда биз ҳам Аллоҳнинг хоҳиши билан сизларга қўшиламиз. Сизлардан ва бизлардан олдин вафот қилганларга ва кейин вафот қилгувчиларга аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Сизларга ҳам ўзимизга ҳам Аллоҳдан офият сўраймиз».
Бу жумла ичидаги салом, дуо, хитоб ва нидоларнинг ҳаммаси ақли бор, эштувчи, саломга жавоб қайтарувчи мавжуд шахсларга аталгандир. Агар буларга яқин ерда намоз ўқилса, улар бу намозни билишади ва шоҳид бўлишади. Шунингдек, намоз ўқиган тирикларга ҳавас қилиб туришади».
Мана шу иборалар Салафий ва Ваҳҳобийларнингларнинг буюк бобокалонларидан бўлмиш ибн Қаййим ал-Жазийга мансуб. У киши бу сўзлари билан, дунёдан ўтиб кетганлар агарча қабрда жонсиз бўлсаларда, тирикларнинг дуолари ва саломларини эшитиб турадилар ҳатто, саломга жавоб ҳам қайтарадилар, демоқчи. Ибн Таймия ва ибн Қаййим ал-Жавзийнинг бу масаладаги эътиқодлари аҳли сунна вал-жамоъа этиқодига мос бўлган.
Аммо, Салафий ва Ваҳҳобийларнинг яқин замонда яшаб ўтган имомларидан бири Носир Албоний эса, бу оқим асосчилари саналмиш ибн Таймия ва ибн Қаййим ал-Жавзийга хилоф ақида тарафида эканини айтиб, барчани лол қолдирган. Ахир, ўзлари бир йўлда бўлиб, умматни «ҳидоят» сари чорловчи икки раҳнамонинг ақидасида тафовут бўлиши ажабланарли эмасми?!
Носир Албоний Нўъмон Олусийга мансуб «ал-Аяатул баййинат фи адами симоъил амват» (ўликлар эшитмаслиги ҳақида очиқча далиллар) номли китобга муқаддима ёзади ва китобни текшириб таҳқиқ қилади. Китоб муқаддимасининг аввалида Носир Албонийга мансуб қуйидаги жумлалар бор:
«Аммо баъд, қўлингиздаги бу китоб, бизнинг таҳқиқ ва таҳриримиз ила қайтадан, янгича кўринишда учинчи бор нашр қилинмоқда. Бу китобни кўпайтириб Ислом ўлкаларига нашр қилишга тарғиб қилганимиз туфайли, бу хайрли ишга ҳурматли дўстимиз устоз Заҳир Шовийш ҳомийлик қилди. Аллоҳ у кишини мукофотласин. Зотан, китобнинг мавзуси муҳим бўлиб, ундан жуда кўпчилик фойдаланиши кўзда тутилган эди. Айниқса, ўликлар эшитади деб ўйлаб, пайғамбар ва солиҳлардан дуоларида истиғоса қилиб юрган, жоҳилият ботқоғида яшаб келаётганларга манфаъати бўлсин деган мақсадлар билан бу ишга қўл урганмиз».
Мана шу иборалар Носир Албонийнинг «ал-аяатул баййинат фи адами симоъил амват» номли рисолага битган муқаддимасида келтирилган. Бунга диққат билан разм солсангиз шу маълум бўладики, Носир Албонийнинг фикрича марҳумлар тирикларнинг сўзларини эшитмайди ва бу эътиқод жоҳилият ботқоғида юрганларнинг эътиқодидир. Ҳатто бугунги кундаги аксар Салафий ва Ваҳҳобий оқимига мансублар ҳам ҳудди шу Албоний каби эътиқод қилиб келишмоқда
Интернет оламида «асл саҳобалар йўли»га даъват қилишда бир-бирлари билан мусобақа қилаётган салафийлар! Қани айтингларчи? Бу масалада ибн Таймия ва унинг талабаси ибн Қаййим ҳақми ёки Носир Албоний ҳақми?
Биламизки сизлар бу уч имомни бошларингга қўйиб, улуғлайсизлар. Наҳот бир йўлдаги раҳнамоларнинг эътиқодида шу даражада, бир-бирларини жоҳилият ботқоғида, деб билгудек катта тафовут бўлса?! Орадаги бу фарқ биз учун жуда ажабланарли туюляпти. Сизлар нима дейсизлар?! Бу эътиқодий хилма-хиллик сизларнинг йўлингизни бузуқ эканидан далолат эмасми?!
Учинчи масала:
  • “Кун қудрати” масаласи
Салафийликаро зиддиятлардан навбатдагисида салафий имом Абдуллоҳ ибн Боз ва салафийлик раҳнамоси Аҳмад ибн Таймия иккисининг орасидаги ақидавий қўпол зиддият ҳақида маълумот берилади.
Қуйида сизга Саудиянинг собиқ муфтиси, фатво қўмитасининг раиси Ибн Бозга йўлланган савол ва у томондан берилган жавобни матнлари ила ҳавола қиламиз.
فتوي رقم  2808
س: سمعت من بعض الناس يقول حديثا قدسيا عباراته:
«عبدي اطعني تكن عبدا ربانيا يقول للشي كن فيكن» هل هذا حديث قدسي صحيح ام غير صحيح؟
الحمد لله وحده و الصلوة و السلام علي رسوله و آله و صحبه.  و بعد:
ج: هذا الحديث لم نعثر عليه في شي من كتب السنة، و معناه يدل علي انه موضوع. اذ انه ينزل العبد المخلوق الضعيف منزلة الخلق القوي سبحانه او يجعله شريكا له، تعالي ان يكون له شريك في ملكه و اعتقاده شرك و كفر لان الله سبحانه هو الذي يقول للشي «كن فيكون» كما في قوله عز و جل (انما امره اذا اراد شيا ان يقول له كن فيكون)
 و بالله التوفيق و صلي الله علي نبينا محمد و آله و صحبه و سلم.
اللجنة الدائمة للبحوث العلمية و الإفتاء.
الرئيس:    عبد العزيز ابن عبد الله ابن باز
نائب رئس اللجنة:    عبد الزاق عفيفي
عضو:    عبد الله ابن غديان
عضو:    عبد الله ابن قعود
2808 рақамли фатво
Савол: баъзи инсонлардан эшитиб қоламиз, улар ибораси қуйидагича бўлган ҳадиси қудсийни айтиб юришади:
“Бандам менга итоат қил, (итоат натижасида) раббоний банда бўласан-ки, нарсаларга “бўл” дейсан. Бас у бўлади”.
Шу рост ҳадиси қудсийми? Ишончлими ё ишончсиз?
Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ҳамд бўлсин. Унинг росулига саловат ва саломлар бўлсин. Шунингдек росулининг оиласи ва саҳобаларига ҳам. Аммо баъд:
Жавоб: бу ҳадисга сунан китобларидан бирортасида тўқнаш келмаганмиз. Маъносидан эса унинг тўқима экани билиниб турибди. Нимагаки, ҳадисда яратлган заиф бандани Яратувчи кучли Аллоҳнинг ўрнига қўйилмоқда, ёки унга шерик сифатида тенглаштирилмоқда. Аллоҳнинг мулкида унга ҳеч қандай шерик бўлмайди, Аллоҳ бундан олийдир. Бу каби ақида ширк ва куфрдир. Чунки нарсаларга “бўл” дейдиган фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Мисоли ушбу ояти каримадагидек: (Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур). (Ясин /82).
Тавфиқ Аллоҳнинг кўмаги биландир. Набиййимиз Муҳаммадга, унинг асҳоби ва оиласига Аллоҳ саловат ва саломлар йўлласин. Доимий фатво қўмитаси.
Қўмита раиси:   Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афийфий
Қўмита аъзоси:  Абдуллоҳ ибн Ғудян
Қўмита аъзоси:  Абдуллоҳ ибн Қуъуд
 
Савол-жавобнинг умумий мазмуни сизга тушунарли деб ўйлаймиз. Абдуллоҳ ибн Бознинг жавобига кўра, банда ҳар қанча Аллоҳга яқин бўлмасин, унга “кун” қудрати берилмайди. Агар кимки бу каби ақидани тан олса у иймонидан ажрайди. Кофир бўлади.
Энди, Абдуллоҳ ибн Боз учун ўта қадрли шахс, “салафийлик” асосчиси шайх ул-ислом Аҳмад ибн Таймиянинг шу мавзуда айтган ушбу сўзларига диққат қилинг:
و قد جاء في الاثر: «يا عبدي انا اقول للشي كن فيكون،اطعني اجعلك تقول للشيء كن فيكون. يا عبدي انا الحي الذي لا يموت، اطعني اجعلك حيا لا تموت». (مجموعة الفتاوي.شيخ الاسلام ابن تيمية الحراني. الجزء الرابع. 230 ص).
..ва хабарларда қуйидагича ривоят ҳақиқатан келган: “Эй бандам, мен нарсаларга “бўл” дейман бас, у бўлади.  Менга итоаткор бўл, сени ҳам шундай қилиб қўяман-ки, нарсаларга “бўл” дейсан,  бас у бўлади. Эй бандам мен Ҳайй (доимо ҳаёт) зотман. Менга итоат қил, сени ҳам ўлмайдиган ҳайй қилиб қўяман”. (Мажмуат ул-фатава. Шайх ул-ислом Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний. 4/ж. 230/с).
 Биз сизнинг эътиборингизни салафийликнинг икки “устуни”, ибн Боз ва ибн Таймиялар орасида мавжуд қарама-қаршиликка қаратмоқчимиз холос. Орада ҳакамлик қилиб, буниси ҳақ униси ноҳақ дейишликдан йироқмиз. Салафийлик байроғини баланд ҳилпиратиб “салафи-солиҳлар” йўлига тарғиботчилик қилиб юрганлар бу зиддиятдан хабари борми? Улар бу масалада кимга қўшилади ва кимни кофирга чиқаради. Ибн Бознинг фатвосига кўра ибн Таймия кофир бўлиб чиқмоқда-ку?! Бунга бугуннинг салафийлари нима муносабат билдиришади?!
Тўртинчи масала:
Усаймин ва ибн Боз тажсим ақидасида
Саудия “буюк” қироллигининг “буюк” муфтийси Ибн Бозга савол берилди:
 في حديث السبعة الذين يظلهم الله في ظله يوم لا ظل إلا ظله، فهل يوصف الله تعالى بأن له ظلاً؟
 نعم كما جاء في الحديث، وفي بعض الروايات: ((في ظل عرشه)) لكن الصحيحين ((في ظله))، فهو له ظل يليق به سبحانه لا نعلم كيفيته مثل سائر الصفات، الباب واحد عند أهل السنة والجماعة  والله ولي التوفيق
Савол:
“Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда, У ўз соясига оладиган 7 хил одам тўғрисида айтилган ҳадисда Аллоҳ таоло, сояси бор деб васф қилинадими?
Жавоб: Ҳа, ҳадисда келтирилганидек. Баъзи ривоятларда “Аршнинг соясида” дейилган. Лекин Саҳиҳайнда “Унинг соясида” дейилган. Бас, Унинг ўзига муносиб сояси бордир! У покдир, унинг кайфиятини биз билмаймиз, мисоли бошқа сифатларники каби. Буни ҳаммаси Аҳли сунна вал жамоа наздида бир нарсадир. Тавфиқ Аллоҳдан”. [Манбаа: http://www.binbaz.org.sa/mat/4234]
Кўриб турганингиздек, бу ерда мужассималар (Аллоҳга жисм сифатини берувчилар)нинг оддий мантиғи келтирилган, яъни – Аллоҳнинг нуқсони бор, лекин бу Унинг буюклигига муносиб бўлган нуқсондир.
Ибн Бозга раддия бериш учун биз Аҳли сунна олимларининг сўзларини келтириб ўтиришимизга ҳожат ҳам йўқ. Баъзида, ваҳҳобийларнинг тажсим (Аллоҳга жисм сифатини бериш) зулмати ичида, танзиҳ (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларнинг барча сифатларидан поклиги)нинг кичкина бир шуълачасини кўриб қолиш мумкин. Мисол учун, ваҳҳобийларнинг бошқа олими бўлмиш Усаймин, юқоридаги Ибн Бознинг ушбу “соя” тўғрисидаги ботил эътиқодини рад қилиб, ҳатто бу эътиқод эгасига “ташхис” қўйишга ҳам улгурган.
Усаймин, “Риёзус-солиҳийн”га қилган ўзининг шарҳида юқорида келтирилган ҳадисни тушунтириб айтади:
والمراد بالظل هنا : ظل يخلقه الله عز وجل يوم القيامة يظلل فيه من شاء من عباده ، وليس المراد ظل نفسه جل وعلا ؛ لأن الله نور السموات والأرض ، ولا يمكن أن يكون الله ظلاً من الشمس ، فتكون الشمس فوقه وهو بينها وبين الخلق ، ومن فهم هذا الفهم فهو بليد أبلد من الحمار ؛ لأنه لا يمكن أن يكون الله عز وجل تحت شيء من مخلوقاته ، فهو العلي الأعلى ، ثم هو نور السموات والأرض 
“Бу соядан мурод: Қиёмат кунида Аллоҳ азза ва жалла яратадиган соя бўлиб, унинг тагида Ўзи хоҳлаган бандасини соялантиради. Бундан мурод Аллоҳ таолонинг сояси эмасдир! Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир! Аллоҳнинг қуёшдан тушадиган сояси бўлиши мумкин эмас! Бундай бўлганда, қуёш Унинг устида бўларди, Унинг Ўзи эса қуёш ва махлуқотларнинг орасида бўлиб қоларди. Кимки буни шундай тушунса, бас, у эшшакдан ҳам аҳмоқроқ бўлган аҳмоқдир! Негаки, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг махлуқларидан бирининг остида бўлиши мумкин эмасдир. У олийдан олийдир ва у осмонлар ва ернинг нуридир”. [Манбаа: http://www.ibnothaimeen.com/all/books/article_18200.shtml ]
Қўшимча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.
Бешинчи масала:
  • Намозда қўлни кўкракка қўйиб туриш масаласи
Намоз кайфияти билан боғлиқ масалалар исломда иккиламчи—фуруот бўлимига доир бўлиб, аҳли суннат жамоаси фуруотда тўрт хил кўринишда ибодат қиладилар. Яъни, ҳанафийлик мазҳаби, моликийлик мазҳаби, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари.  Шу тўрт мазҳаб аъзоларининг ақидаси ягона—аҳли суннат ақидаси бўлиб, уларнинг иккилмачи фиқҳий таълимоти ўзига хос тарзда бир-биридан айрим ҳолатларда фарқ қилади. Масалан намозда турганда икки қўлнинг қай ҳолатда тутиш. Бу масалада тўрт мазҳаб мужтаҳидлари уч хил қарашга эга:
1) Ҳанафий ва ҳанбалийлар –  киндикдан пастда;
2) Шофеъийлар – киндик устида кўкрак остида;
3) Моликийлар – икки ёнга тушуриб турилади;
Яқин ўтмишда пайдо бўлган ҳаммамизга маълуму машҳур бемазҳаб салафий (ваҳҳобий)лар эса, юқоридаги 4 фиқҳий мазҳабга хилоф қилган ҳолда, намозда қўлларини кўкраклари устига қўйиб ислом фиқҳида янги тўртинчи қараш билан чиқдилар .
Лекин, энг ажабланарлиси, буларнинг кўплари ўзини ҳанбалий мазҳабига эргашишини иддао қиладилар. Уларнинг ишларини кўрган авом халқда эса, намозда ҳанбалийлар қўлни кўкракда ушлайдилар деган фикр шаклланиб қолган.
Аслидачи?
Ҳанбалий мазҳабининг мужтаҳид уламоларидан бўлган ибн Қудома ал-Мақдисий (ҳ. 541-620/м.1146-1223) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Қўлни киндикнинг остига қўйилиши ҳақидаги ҳадисни Алий, Абу Ҳурайра, Абу Мижлис, Иброҳим Наҳаий, Суфён Саврий, Исҳоқ ибн Раҳовайҳ (розияллоҳу анҳум) ривоят қилганлар. Алий розияллоҳу анҳу: “Ўнг қўлни чап қўл устига, киндикнинг остига қўйиш суннатдир”, деганлар. Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд ривоят қилганлар ва бу ерда суннат дейилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари назарда тутилгандир”. [Ибн Қудома Мақдисий, “Ал-Муғний”, 1-ж., 472-б.]
Ҳанбалий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан бўлган Имом Ҳажовий Ҳанбалий (в 968 й) раҳимаҳуллоҳ “Зад ал-Мустакни” китобларида айтадилар:
“У ўнг қўлини чап қўли устига, киндик остига қўяди».
Ушбу қоидага кўра, хозирги кунда ҳам Саудия арабистонининг масжидларида, расмий равишда фиқҳда ҳанбалий мазҳабида намоз ўқилади. (Ақидада эса собиқ ҳанбалийларга хилоф равишда, расмий доиралари мушаббиҳа-мужассима ақидаси асосида).
Интернет воситасида Саудия қиролининг жаноза намози тасвирларига эътибор берсангиз, барча кишилар намозда қўлларини киндигидан пастда ушлаб турганига, бирорта ҳам қўлини кўкрагига қўйиб турган одам йўқлигига шоҳид бўласиз.
Жаноза намозига Саудиянинг муфтийси бўлган Абдул-Азиз Оли Шайх имомлик қилган. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли оилаларини барча мусулмонлар эъзозлаганига муқобил равишда, ваҳҳобийлар ҳам ўзларининг етакчилари Ибн Абдул Ваҳҳобнинг авлодларини “Оли-Шайх” деб алоҳида эъзозлаб улуғлайдилар ва Саудиядаги дин ишларини шу оила вакиллари бошқаради).
Намозда қўлини кўкрагига қўйиб туришни эса, бемазҳаб “салафийлик” фитнасининг отаси бўлган Носир Албоний исмли одам ва унинг мазҳабига эргашган албонийчилар бидъат қилиб тўқиб чиқарган бўлиб, кўриб турганингиздек, бу ишда улар ҳатто Саудиялик ваҳҳобийларга ҳам хилоф қилганлар. (Албоний томонидан бошқа юртлардаги мусулмонлар орасида фитна уруғини сочиш баробарида, ваҳҳобийларни ичида ҳам жуда кўп масалаларда хилофлар чиқариб фитна қилганлиги, жумладан аёлларни ниқоб тақиб юришига қарши китоб чиқаргани учун Саудиядан Албонийнинг ўзи ҳам кейинчалик бадарға қилинган).
Бироқ бизнинг юртдан чиққан ҳозирги ваҳҳобийлар – ўтган даврларда саудиялик ваҳҳобийлар ва Албонийнинг ўртасида қанчалик катта ихтилоф ва зиддиятлар бўлганлигини билмайдилар ҳам. Билганлари ҳам, буни ўзларининг издошларидан беркитадилар.
Аслида, намозда қўлини кўкрагига кимлар қўйиб туриши ҳақида Аҳли суннада қабул қилинган ҳукмга келсак – бу ҳақда ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фатво китобларда қуйидагилар келгандир ва бошқа мазҳаблар ҳам бунда хилоф эмаслар:
«Дурр ал-мухтор»да (1/508): “аёл ва хунаса кимса қўлларни кўкрак остига қўяди”, деб келади. «Радд ал-муҳтор»да эса: “Бу «ал-Мунйа»нинг айрим нусхаларида учрайди ва баъзиларида эса «сийналари устига», дейилади. «ал-Ҳилйа»да айтилади: “жумҳур айтганидек, «кўкраклари устига», дейиш афзароқдир, «сийналари устига» эмас, ҳатто иккала қўлнинг билаклари кўкрак устида сийналар устида турса ҳам, аммо бу таълим мақсадида айтилмаган”.

Анвар Абдуллоҳ ва Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Манба:Аҳлисунна.уз