1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (26-ҚИСМ) МАЖЛИС ОДОБИ

15-06-2020, 10:06 397 Ўқиш режими + -



МУҚАДДАС ОИЛА (26-ҚИСМ)

 

МАЖЛИС ОДОБИ

       

        Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бу ерда мажлис сўзи кенг маънода ишлатилади. Икки кишининг ўзаро суҳбати ҳам, кўп кишиларнинг машварати ҳам мажлис сўзи билан ифодаланган. Унинг одоб­ларини қисмларга бўлиб баён қиламиз. Учрашганида қўл бериб кўришиш Ибн Сунний ва Абу Довуд ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кў­ришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтса, уларни Аллоҳ таоло мағ­фират қилади”, дедилар. Имом Молик “Муватто” асарида Ато Хуросонийдан ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро қўл бериб кўришинглар – нафрат­ланиш йў­қо­лади, ўзаро ҳадя беринглар – муҳаббатли бўла­сизлар ва гина-кудурат кетади”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадис орқали икки киши учрашганида, аввало қандай кўришиш лозимлиги ҳақида таълим бердилар. Ҳадисга мувофиқ бир-бирига қўл бериб кўришиш тавсия қи­линган. Асрлардан буён маънавияти Ислом таълимоти билан йўғрилган халқимиз кўришиш одобини юксак даражада адо этиб келди. Афсус, бугунги айрим ёшлар, баъ­зан катталар ўртасида ҳам ажабтовур бош тў­қиш­тириш ва шу каби ғайриоддий кўришишлар пайдо бўл­ди. Фарзандлар одоблар сардори бўлган саломлашишда ўзликларини унутиши – бу жуда аянчли ҳол. Ёш­ла­римизга бундай кўришиш миллий ва диний урф-одатга тўғри келмаслигини тушунтириб, уни буткул тарк этишларига эришмоғимиз зарур. Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш Хонадон соҳиби меҳмонни қаерга ўтқазишни режалаштирган бўлади, шунинг учун бу иш мезбон ихтиёрига ҳавола этилади. Бир ҳадисда“ Уй соҳиби уйдаги нарсаларни билувчидир,” дейилган. Аллоҳ таборака ва таолонинг қуйидаги оятини яна эслашга тўғри келади: «Бас, агар у уйларда ҳеч кимни топмасан­гиз­, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кир­мангиз!» (Нур, 28). Ояти мубийндан маълум бўлмоқда, меҳмон ҳар нар­сада мезбоннинг ишорасига тобе, яъни у нафақат ўти­риш жойида, балки барча ҳолатда ҳам уй соҳибига бўй­суниши лозим. Сўнгра дастурхонга қўйилган овқат­ни яхши кайфият билан тановул қилиш ва ўз ўр­ни­да ов­қатни мақташ ҳам лозим. Бу борада яна бир ҳа­дисда: “Ким бир қавмнинг уйига кирса, бас, кўр­сатилган жойга ўтирсин, чунки қавм ўз ҳовлисининг айбини билув­чироқ”, дейилган. Ҳатто меҳмондорчиликдан қайтиш вақтини ҳам уй эгасининг ҳолати ва кайфиятига қараб белгилаш ке­рак. Ўртада эмас, кишилар қаторида ўтириш Бу ҳам муҳим одоб саналади. Бир даврага қў­шилган киши, агар ўртада ўтирса, баъзиларга орқа ўгириб қолади. Уларга ноқулайлик туғилиши ёки озор бериш эҳтимоли борлиги учун бундан қай­тарилган. Қуйидаги ҳадиси шариф шу ҳақида:  Имом Термизий Аби Мижлаздан ривоят қилади: «Бир киши ҳалқанинг ўртасига ўтирди. Шунда Ҳузай­фа: “Ҳалқа ўртасига ўтирган кишини Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) лаънатлаганлар”, деди». Ушбу мажлисда кенг жой бўлгани назарда тутилган. Аммо тор жойдаги мажлисда одамлар ўртага ўтиришга мажбур бўлса, бундай вазиятда ҳеч бир зарар йўқ. Имконият ўта чегараланган ҳолатларда тақиқ­ланган ўринда ўтиришга ҳам баъзи масалаларда рухсат этилган. Чун­ки динимиз енгиллик ва қулайликка бую­риб, мусулмонларга оғирликни раво кўрмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сиз­ларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади» (Ҳаж, 78). Зарурат бўлса, икки киши орасига изн сўраб ўтириш мумкин. Амр ибн Шуайбдан ривоят қилинган ҳа­диси шарифда: “Икки киши орасини изнсиз ажратиш ҳалол эмас”, дейилган. Кейин келган охирига ўтиради Жобир ибн Самурадан) розияллоҳу анҳу (ривоят қилинади “Биз суҳбат пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганимизда охирги жойга ўтирардик” Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти. Бу жойда оддий одам келганлигига ишора қилин­ган. Аммо мажлис давомида аҳли илм ёки мартабаси улуғ ки­шилар келадиган бўлса, бундай пайтда ҳозир бўлганлар ёки уй соҳиби уларни муносиб ўринга ўтқизишида зарар йўқ. Чунки бу одат Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни ўз ўр­ни­га ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқ бўлади. Юқорида Абдул Қайс элчилари Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганида қан­дай олқишлаганлари ва бағрикенглик қилганлари, улар­нинг бошлиғи Мунзир ибн Оизга илтифот қилиб ўнг томон­ларига ўтқизганлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бошқалар ҳузурида сирлашмаслик Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар уч киши бўлсангиз, икки киши учинчи одам олдида шивир­лашмасин, уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Чунки учинчи киши суҳбат мавзуи­дан гумон қилиши ёки унга бефарқ бўлганларидан хафа бўлиши мумкин. Оқибатда сирлашган, шивир­лаш­ганлар бир кишининг қалбига озор етишига сабаб­чи бўлади. Аммо икки киши­ни ёки ундан кўпини суҳ­батдан четда қолдириб, икки ки­ши сирлашса бўлади. Ким ташқарига чиқиб қайтса, ўз ўрнига ўтириши мумкин. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лардан бирингиз ўрнидан туриб (кетиб), сўнг ўрнига қайтса, бас, у бунга ҳақлидир”, дедилар. Мажлисдан чиқишга изн сўраш. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, кўз сабабли изн сўраш жорий этилди”, деганлар. Мазкур жойда зикр этилган изн сўраш маъносида ташриф буюрган киши кетишга чоғланганида хонадон соҳибидан изн сўраши ҳам назарда тутилган. Чунки меҳ­мон чиқиб кетишида ҳам кўзи ножоиз жойларга тушиб, уй соҳибалари бўлмиш аёлларни хижолат қилмас­лиги учун ушбу ҳадиси муборак ворид бўлган. Шу тариқа Исломнинг улкан одоб ва маданият­ла­ри билан қалблари, турмушлари зийнатланган аждод­ла­римиз ўз ҳаётлари давомида бирор-бир ҳолатда бировнинг ҳақига хиёнат қилишни тасаввурларига ҳам сиғдиролмаганлар. Надоматлар билан тилга олишга маж­бурмиз, кейинги пайтларда одобсиз, нопок кимса­лар­нинг ножоиз хаттиҳаракатлари сабаб покиза аёллар ёмонотлиқ бўлиб, яхши оилалар ажрашиб, бегуноҳ фарзандлар етимликка маҳкум бўлмоқдалар. Бу каби воқеалар, афсус, ён атрофимизда, қўни-қўшни­лари­миз­да, қариндошу таниш-билишларимиз оилаларида содир бўлмоқда. Барча қабиҳликлар улуғ одобу ахлоқларни менсимасликдан, амал қилмасликдан келиб чиқади. Энг ачинарлиси, “Қуш инида кўрганини қилади” деган­ла­ри­дек, фарзандлари ҳам ота-оналаридан бу иллатлар борасида андоза олмоқдалар. Шунинг учун муҳтарам мураббийлар бор кучлари ила келажак авлодларнинг одобларини юксак ва ахлоқ­ла­ри­ни гўзал, қалбларини мунаввар этиб тарбия қи­лиш­лари ҳамиша долзарб вазифадир. Чунки юртимиз келажаги янада буюк, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлиши илму маърифатли, маънавияти юксак ёшла­римизга боғлиқ. Мажлиснинг каффорат дуосини ўқиш Абу Бараза (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маж­лис­дан туришни хоҳлаганларида: “Субҳанака Алло­ҳумма ва биҳамдика ашҳаду анла илаҳа илла анта ас­тағфирука ва атубу илайка”, дедилар». (Маъноси: “Парвардигорим, сенга тасбеҳ ва ҳамд ай­таман, сендан бошқа илоҳ йўқ, сенга истиғфор айтаман ва сенга тавба қиламан”.) Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз бу сўзни ҳеч айт­маган эдингиз, нега айтдингиз?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу маж­лисда бўлган нарсага каффорат бўлади”, дедилар. Киши бир жойга борганида инсонийлик боис бирор ножўя сўз гапириб қўйиши, билмаган ҳолда ўтирган­лардан бирининг дилига озор бериб қўйиши ёки меҳмон­дорчилик одобларидан четга чиқиши мумкин. Бундан ташқари, шайтони лаъин турли гу­мону хаёл­ларни қалбга келтириб, васваса қилиб, ўтир­ганлар ёки уй эгаси ҳақи­да бўлар-бўлмас гумонларга бориш эҳти­молдан холи эмас. Баъзилар бор, хонадонга кириши билан ҳар томонга аланглаб, не бир ўйларга бормай­ди­лар: “Бунча нарсани қаердан топди экан?”, “Дастур­хонини тузукроқ қилса бўлмасмиди?”, “Тао­ми­нинг мазаси йўқ” қабилидаги ўй-гумонларда бў­лади. Бу жу­да ёмон одат саналади. Ана шундай ха­толарни ювиш мақсадида, жойидан қўзғала­ётганида ушбу каффорат дуоси ўқилади.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан