1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (27-ҚИСМ) СЎЗЛАШИШ ОДОБИ (1-ҚИСМ)

16-06-2020, 14:29 589 Ўқиш режими + -

МУҚАДДАС ОИЛА (27-ҚИСМ)
 
СЎЗЛАШИШ ОДОБИ (1-қисм)


Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ зотлар бундай дейишган: “Инсон молу дунёси билан ях­шилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қо­лиши мумкин. Аммо инсонда бир хазина бор, қанча сарфлага­ни билан тугамайди. У ширин сўздир”. Ҳадиси шарифда: “Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қил­масдан дунёдан кетмайди”, дейилган. Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Боязид Бистомий Аллоҳни зикр этишдан аввал “дунё сўзларини сўзлаган эдим”, дея оғизларини уч бора ювар эканлар. Одамлар зоҳиран гурунг шаклидаги ғийбатлар­нинг ботиний оламда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбат­дошдан ёлғизлик яхши”. Оилада ёки инсонлар орасидаги нохушликлар кўпин­ча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Бунинг аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздир. Шунинг учун ҳар бир инсон ширинсўз, му­ло­йим бўлишга интилмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “Бан­даларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур” (Исро, 53), деб огоҳлантирган. Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро муносабатларида, суҳбатларида ширин сўзли бўлишга буюради. Агар улар буйруққа итоат этмай, ёмон сўзларни ихтиёр қилсалар, албатта шайтон ораларини бузади. Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо масъулият ва вазифаси жиҳатидан катта эътиборга лойиқ аъзо­сидир. Уни фақат хайрли, яхши муомалада ишлатиш ва ёмон, дилозор сўзларни айтишдан сақлаш лозим. Муҳаммад (алайҳиссалом) тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюриб: “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея мар­ҳамат қиладилар. Ислом динида тилга бу қадар катта эътибор берилишининг боиси тилнинг қалбга яқинлигидир. Қайси бир инсоннинг қалби пок ва соф бўлса, унинг тилидан бол томиб, ширин гаплар чиқади. Бундай кишиларнинг дўсти ҳам кўп бўлади. Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғ­ри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”. Маълумки, тил орқали содир қилиниши мумкин бўл­ган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаб­бат пойдевори дарз кетиши, емирилиши мумкин. Инсон одоб-ахлоқини гўзал қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бундай суҳ­батлар киши қалбини ибратли хулқ-атвор билан бо­йитади ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди. Яхши муомала барча инсонларнинг кўрки ва зий­на­тини оширади. Қаерда ҳусни муомала бўл­ма­са, ўша ерда, албатта, хато ва камчиликлар содир бў­лади. Шуни таъкидлашни истардик, инсон бошқаларга берадиган на­сиҳатига аввало ўзи амал этиши лозим. Қуйида маз­ҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) билан бўлган воқеани ҳикоя қиламиз. “Бир қул Имоми Аъзам ҳазратларига деди: – Кейинги жумада қул озод қилишнинг фази­лат­ла­ридан гапирсангиз. Зора, хожамиз бизни озод қилиб юборса. Имоми Аъзам рози бўлдилар. Аммо орадан икки жума ўтгач, учинчи жума ваъзида қул озод қилиш ҳақида сўз­ладилар. Шу куни ўша қулни хожаси озод қилганини айтди. Сўнгра қул келиб, Имоми Аъзам ҳазратларига деди: – Ҳазрат, менинг хожам ваъзингизни тинглаб қайтгач, мени озод қилди. Аммо нега икки ҳафта кейин бу ҳақда гапирдингиз? Имоми Аъзам айтдилар: – Сен менга илтимос қилган вақтингда пулим йўқ эди. Шундан кейин икки ҳафта пул йиғиб қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Қул озод қилиш гаштини суриб, ўзим ҳис этганимдан кейин гапирдим. Агар ўзим қилмаган ишни сўзласам, унинг таъсири бўлмас эди. Хожангиз ҳам сизни озод қилмаган бўлур эди”. Демак, инсоннинг сўзи билан амали бир бўлиши лозим экан. Фарзандни комил инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим жиҳати унда сўзлашиш одобини шаклланти­риш­дир. Тил хоҳлаган тарафга бурилаверади. Тил ту­фай­ли не бир қалблар орому ҳузур топиб қувончга тўл­са, аксинча, не бир кўнгилларни тил вайрон қи­лиши мумкин. Тил соҳибининг қалб кечинмаларини юзага чиқа­ра­ди. Агар тил соҳиби фасоҳату нафосатли, гапи­р­ганида дур мисоли сўзларидан нуру зиё таралиб турадиган, эзгу қалбли инсон бўлса, унинг сўзлари ҳар қандай дарду мусибатга даво, яраланган қалбларга малҳам, ўксик дилларга юпанч бўлади. Борди-ю, сўз соҳиби бунинг тамоман акси бўлса, унинг сўзи масрур қалбни ғамли, тик бошни эгик, хуш кайфиятни тушкун этувчи оғуга айланади. Бу фикрлар исботи ўлароқ ушбу ҳикматли ҳикояга эътибор қаратайлик: Бир подшоҳ туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач, икки вазирини ҳузурига чорлабди. Кўрган тушини баён қилиб, “Бу тушнинг таъбири нима? Агар таъбирини топсангиз, фақат ростини сўйланг”, дея уларга мурожаат қилди. Вазирлардан би­ри сўз бошлади: “Подшоҳим, бу яхшилик аломати эмас, барча қариндошуруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади, сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз”. Подшоҳ бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб, вазирни зиндонга ташлашни буюрди. Сўнгра иккинчи вазир: “Шоҳим, бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидир. Аллоҳ таолонинг инояти ила, сиз муҳтарам жаноби олийларига барча қавму қа­рин­дошларингиз ичра узоқ умр ато этилур. Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин!” дея эҳтиром билан қўлларини кўксига қўйди. Яхши таъбир ва қутловдан хурсанд бўлган подшоҳ бу вазирига мукофотлар инъом этишни буюрибди. Бир хил маънодаги икки хил таъбирни берган вазир­лардан бири фаҳму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эҳти­ром одобидан бебаҳра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз соҳиби бўлган иккинчи вазир эса, туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарзда баён қилиб, ол­қиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак, азиз фарзанд­ларнинг ки­шилар билан сўзлашиши, ўзаро муомаласи, гапирган сўз­лари ҳикмат касб этиши учун мураббий ва муниса му­раббияларнинг қалблари ушбу олийсифат одоблар билан тўлиб тошган бўлиши керак. Шундагина, фарзандлари улғайиб, балоғат ёшига етганида, кўрган кўзлар қувонадиган, суҳбатлашган инсонлар яна бир бора дийдорлашсам дейдиган, комил ва шомил инсон бўладилар. Бундай ўғилқизларни улғайтириш ҳар бир ота-онанинг энг олий орзусидир. Шу боис, энди сўзлаш одобларини ўргатиш ва синг­ди­риш жараёнида нималарга эътибор қаратиш зарур­лигини бирма-бир баён қиламиз. Соф адабий тилда сўзлашиш Тилининг фасоҳати ва ширинсўзлик инсон зий­нати. Али ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳга (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) юзландилар. Ул зот­нинг устиларида иккита кийим бор эди. Ибн Аб­бос­нинг кифтида эса икки ўрам соч бўлиб, оппоқ эди. Ра­су­л­уллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларига қараб туриб, табассум қилдилар. Шунда Ибн Аббос: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизни кулдирган нарса нима?” деди. Пайғамбар (алайҳис­салом): “Пай­ғамбарнинг амакисининг жамоли мени ажаблантирди”, дедилар. “Жамоли нима?” деди Ибн Аббос. “Фасо­ҳатли тил”, дедилар (Ҳоким ривояти). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳо­балар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фик­римиз сиз­никидек фасоҳатли эмас?” дедилар. Набий (алайҳис­салом): “Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръ­он китобидир”, дедилар (Ше­розий ва Дайламий ривояти). Киши оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қи­либ, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим. Фа­соҳат­ли сўзлаш Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Гўзал ва равон сўзлаган ҳазрат Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбардан (алайҳиссалом) мақтов олган эканлар. Ҳозирги замон мисолида атрофимизга назар сол­сак, ачинарли воқеаларга дуч келамиз. Хусусан, айрим ёшларимиз ўртасида “ота, она” каби улуғ сўзларни турли бачкана сўзларга алмаштириб айтиш, афсус, уч­раб турибди. Баъзи катталар бунга бепарво. Замо­намиз олимларидан бири Фозил қори Собиров (Аллоҳ раҳ­мат қилсин) мавъизаларида бундай деганлар: “Кў­ри­ниши туппа-тузук, ёши ўрта, масжидга жаноза хаба­рини айтиш учун келганлардан сўрадим: “Кимингиз қазо қилди?” Улар бири: – Кампирни бериб қўйдик, – деди. – Қайси кампир? Ким бўлади сизга? – Онам. – Эй номард, мени дунёга келтирган, дуолари ижобат, пойи қадамлари остида жаннат бўлган, уйимнинг гавҳари, меҳрибоним, ойижоним ўтдилар, деб кўзёши қилгин, – дедим ва “Бир парча гўштдан вояга етказган, қип-қизил қонидан оппоқ сутини меҳр билан ажра­тиб берган, неча-неча тунларни бедор ўтказиб, минг бир машаққатларни чеккан онанг энди “кампир” бўлиб қол­дими, суф сендақа фарзандга”, деб койигим келди. Баъзи ёшларимизнинг берган саломларига қандай жавоб беришни билмайсан киши. “Ассалому алайкум” сў­зининг маъносини бузиб, нима деяётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Наҳот, “Ассалому алайкум” дея тўлиқ, очиқ ва равшан қилиб салом беришнинг иложи бўлмаса?! Наҳотки, ота-оналар фарзандларининг бера­ётган саломларига эътибор қилмайдилар. Ҳар бир фарзанд эрталаб ота-она ҳузурига салом билан кириб келади-ку, ахир. “Бола бошидан” деганларидек, энди­гина тили чиқиб ке­лаётган фарзандларга тўғри, чиройли ва керакли сўз­ларни гапириш ўргатилса, бу ўрган­ганлари унга умрбод ҳурмат, бахт-омад келтиради. Оҳиста сўзлаш Чиройли одоблардан яна бири оҳиста сўзлашдир. То эшитувчилар уни яхши тушунишсин ва даврада ўтир­ганлар гапираётган кишининг мақсадини аниқ англаб, идрок этсинлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада ҳам барча умматларига олий муаллим, тенгсиз мураббий сифатида ибрат бўлганлар. Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қила­ди­лар: “Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзла­ган­ларида, агар сўзларини санамоқчи бўлсангиз, ал­батта, саноғига етардингиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти Абу Довуд ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) сўзлари дона-дона бўлиб, эшитувчиларга тушу­нарли эди.” Фасоҳатли сўзлашда такаллуфдан сақланиш Бу ўринда “такаллуф” маъноси сўзлаётганида ҳад­дан зиёда, ортиқча сўзларни ишлатишга нисбатан айтил­моқ­да. 

 
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан