
Мусулмон мамлакатлари маданиятининг дунё цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси
( 4-қисм )
Олимлар айтишадики, мусулмонлар кимё фанини ҳеч иккиланмасдан бизнинг фанимиз десалар бўлаверади, бу фан мусулмонларники, бунга ҳеч шак шубҳа йўқ. Ҳозирги даврда Франция, Германия, Италия мамлакатларида 300 дан ортиқ фақат кимё фанига тааллуқли бўлган асарлар мавжудлиги маълум. XIX асрнинг аввалида кимё фанида шуҳрат қозонган машҳур инглиз олимларидан профессор Хульниарддан бу фанда эришган ютуқлари сабаби сўралганда, у шундай жавоб берган: “Ўзимнинг шу соҳада эришган ютуқларимни фақат бир нарсага боғлайман, у ҳам бўлса, менга Худо марҳамат қилиб, араб тилини билиб олганлигим сабабли фаннинг барча соҳаларига кириб бордим”. Чунки фан соҳаларида ёзилган аксар нодир асарлар араб тилида ёзилган эди.
Кимё фанига асос солган мусулмон олим сифатида Жобир ибн Ҳаййон зикр қилинади. У зот 100-ҳижрий санасида туғилиб, 193-хижрий санада вафот этган. Таърифлашларига кўра, қоматлари келишган, узун бўйли, салобатли, бошлари катта, тақво, зуҳд билан машҳур бўлган. У киши қачон қаралса ибодатга машғул бўлганларини кўришарди, кўп вақтини эътикофда, ибодатда ўтказган. Ибодатдан бошқа вақтларда хужрасига кириб олиб, ҳар хил шиша, идишларни олдига ўтириб олардида, шишаларни ичига бир нарсаларни қуйиб, ниманидир аралаштириб, каттакон олтиндан ясалган ҳовончасига ҳар хил моддаларни солиб, янчиб, кимёвий тажриба ўтказиш билан машғул бўларди. Ўша вақтда бу зот мана шу соҳага қаттиқ берилиб кетганидан кишилар унинг қилаётган ишларига таъриф бериб, “Жобирнинг санъати” дейишган экан. У зот нафақат кимё соҳаси билан шуғулланган, балки тиббиёт, бошқа табиий илмлар билан ҳам танилган эди. У зот қомусий олим сифатида машҳур бўлган. Унинг шуғулланмаган соҳаси кам бўлган. 200 дан ортиқ асар яратган. Бу киши олимларнинг ичида биринчи бўлиб тарозу ишлатган кишидир. Ўз кимёвий тажрибаларида тарози ишлатишни кашф қилган. Унинг энг кичкича ўлчовлари седана донаси бўлган экан. Қизиқувчанлиги шу даражада бўлган эканки, бошқа металларга ишлов бериб, тажриба асосида олтиндан фарқ қилмайдиган металл яратишга муваффақ бўлган. У зот ўзининг илмий тажрибаларини ҳеч кимдан яширмай, ўз асарларида баён қилиб кетган.
Жобир ибн Ҳаййон Имом Жаъфар ибн Содиқ (р.а) даврларида у зотнинг илтимосларига биноан оловда куймайдиган варақ ясаб берган экан. Яна шундай модда кашф қилган эканки, ўша модда бирор нарсага суртилса, оловда ёнмайдиган, бузилмайдиган ҳолатга келар экан, яна ўзидан нур чиқарадиган сиёҳ ихтиро қилган, кечаси ҳам бемалол ўша сиёҳ билан ёзилган китобни бемалол ўқиса бўлар экан.
Кимё фани ривожига катта ҳисса қўшган, жоиз бўлса бу фанга тамал тошини қўйган инсон сифатида бу зотнинг номини кўплаб олимлар ҳозиргача тилга олиб ўтишади.
Учинчи хижрий асрда осмонга парвоз этишни амалий равишда кашф қилган одам мусулмонлардан бўлган. Андалусда яшаган, ўзи кимёгар бўлган Аббос ибн Фирнас деган олим қўлидан келганча осмонга учишга ҳаракат қилган. Бу билан у ҳозирги замонавий авиацияга асос солган бўлса ажаб эмас.
Ўзимизнинг диёримизда туғилган Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий ўнлик саноқни кашф қилди. XII асргача Европаликлар ноль деган рақамни билишмаган экан. Буни айнан Ал-Хоразмий кашф қилди.