1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (29-ҚИСМ) ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ

18-06-2020, 11:32 467 Ўқиш режими + -


МУҚАДДАС ОИЛА (29-ҚИСМ)

ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ

Инсонлар ҳаётлари давомида руҳиятларини ҳазил-му­тойиба ва ширин сўзлар, қизиқарли ҳикматлар билан бойитиб борсалар, умрлари завқли, файзли бўлади. Бу сўзлар ва ҳолатлар меъёрида бўлиб, ҳаддан ошмаса, албатта кишилар қалбига ман­зур бўлиб, қувонч бахшида этади. Муқаддас динимиз мусулмон кишини очиқ юз, табассумли ва яхши дўст бўлишга буюради. Атрофдагилар бундай кишининг суҳбатидан мароқ олиб, рағбат ва меҳрлари зиёда бў­лади. Натижада кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмату эҳтиром ва муҳаббат зиёдалиги муҳим омил бўлиб, жамият янада мустаҳкамланади, жипс­ла­шади, бош­лан­ган иш­лар самараси ортаверади. Бироқ ҳар бир ишнинг қонун-қоидаси бўлганидек, бу одоб турининг ҳам ўзига яраша меъёрий жиҳатлари бор. Акс ҳолда, яъни ҳазил-мутойиба қилиш ҳад­дан зиёда бўлса, мазахга айланиши ёки шундай ту­шу­нилиши мум­кин. Мазах қилиш эса инсон қалбини яра­ловчи қал­тис қуролдир. Шу боис ҳазил-мутойиба қилишнинг қои­далари билан танишайлик. Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўйин ва эр­мак аҳ­лидан эмасман”, дедилар (Имом Бухорий ри­воя­ти). Мазах қилиш, ортиқча ҳазил мусулмонни Аллоҳ таолога ибодат қилиш, буюрган эзгу ва хайрли ишлар, яъни инсонлар ҳамда жамиятга манфаатли амаллар билан кўпроқ, бардавом машғул бўлиш, бошқаларни тарғиб этиш каби асосий амаллардан чалғитади. Бу борада ҳам саҳобалар Пайғамбаримиздан (алай­ҳис­салом) тарбия олганлар. Улар ўзаро ҳазил-му­то­йи­ба қилишарди. Агар ул зот жиддийлашсалар, са­ло­бат­ли бў­лардилар. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) асҳоблари бир-бирларига (енгил нарса) отардилар, айрим пайтларда улар жиддий қиёфага кирардилар. Кўп мазах қилиш қалбни ўлдиради, адоватни мерос қилади ҳамда кичикларни катталарга нисбатан ҳурмат­сиз­лик­ка ундайди”. Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати ка­маяди ва ким кўп ҳазил қилса, уни беписанд қи­лади”, деди. Ҳазил-мутойибада озор бермаслик бошқаларни хафа қилмаслик шарти билан аҳлига, қа­риндошларига, дўстлари ва ака-укаларига ҳазил-муто­йиба қилиш мубоҳдир. Навбатдаги ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) асҳобларини ёмонлик аломати мав­жуд бўл­ган ҳазилдан қайтарганларини баён қиламиз. Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қилади: “Биродарингиз нарсасини ҳа­зиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким биродарининг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти). Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: “Муҳам­маднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳо­балари у ки­ши билан сайрга чиқди. Йўлда улардан бири ухлади. Шунда уларнинг баъзиси унинг ёнидаги арқонни олишди. У уйғониб, арқонини йўқотганидан қўрқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, дедилар” (Абу Довуд ривояти). Хандақ ғазоти куни Зайд ибн Собит (розияллоҳу ан­ҳу) одамлар билан бирга тупроқ ташиди. Бир маҳал у чарчаб ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Робеъ (розиялло­ҳу анҳу) ҳазил қилиб унга сездирмай асла­ҳасини олиб қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишдан қайтардилар. Ибн Ҳиббон Омир ибн Робеъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши кимнингдир оёқ ки­йими­ни ҳазиллашиб яшириб қўйди. Буни Расулуллоҳга (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, Ул зот: “Мусулмонни қўрқитманглар, чунки уни қўрқитиш катта зулмдир”, дедилар (Имом Табароний ривояти). Ҳазил баҳона бировнинг устидан кулиш, ғийбат қи­лиш, таҳқирлаш ва динимиз арконлари хусусида ма­зах қилиш, ҳурматсизлик қилиш гуноҳдир. Ҳазил-мутойибада ёлғондан сақланиш Ёлғоннинг тури кўп, барчасидан сақланиш керак. Кишилар даврасида бўлганларнинг баъзилари кулгили қиссаларни, ҳикояларни сўзлаётганида эшитаётганларни кулдириш, уларга хурсандчилик улашиш мақ-садида ёлғон тўқийдилар. Шубҳасиз, шу тариқа баён этилган қисса ва ҳикоялар ёлғон, динимиз булардан қайтарган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ қоралаган амаллардандир. Буҳз ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу (ривоят қила-ди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Инсонларни кулдириш учун ёлғон сўзларни айтувчига вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин,” дедилар) Абу Довуд ,Термизий ,Насоий ,Байҳақий ривояти. (Навос ибн Самъон) розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Сенга ишонган биродарингга ёлғон гап гапиришинг катта хиёнатдир,” дедилар» Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Шу ўринда ёлғоннинг кўпайиб, тарқалишига сабаб бў-лаётган баъзи жиҳатлар ва сабаблар ҳақида мушоҳада қилиб ўтамиз. Одамлар орасида 1-“апрел ёлғони” алдаш куни номи билан кенг тарқалган ёмон одат бор. Бу ғарб “маданият”идан кириб келган. Асрлардан буён динимиз ва халқимиз қадриятлари чамбарчас боғланиб “ёлғончи” деган номни ўзларига ор билган, бу иллатга яқин йўламаган аждодларимизнинг бугунги айрим авлодлари ўз ота-боболарининг ғурурли, номусли, иффатли урф-одатлари қолиб, кимнингдир бетайин одатларини ўзлаштириб олмоқдалар. Бунинг натижасида баъзи ёш-ларимиз “ёлғон гапирса бўлар экан” деган тарбияни олиб, ўз ота-оналарига, устозларига ҳам ёлғончилик қилаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Алдов билан бировларнинг пулларини олиб мақтаниб кетаётганлар, ёлғон гаплари билан оилаларни бузаётганлар, ёлғончи туҳматчилар, ёлғон сўзлаб гувоҳлик берувчилар қаердан келмоқда? Улар ўзга юрт вакиллари эмас, ўз фарзандларимиз, ака-ука, опасингилларимиздир. Бир киши бешинчи синфда ўқийдиган ўғли ҳақида га-пириб беряпти “Бир куни ўғлимдан: –Ўғлим, ўқитувчинг ота-оналар мажлисига тез-тез чақириб турарди. Кейинги вақтларда чақирмай қўйди, деб сўрасам, ўғлим: –Дадажон, энди устозимиз чақирмайди  деди. Нимага чақирмайди устозинг, нима, биздан хафа бўлдими? Хафамас. Яқинда ота-оналар йиғилиши бўлди. Сиз “Менинг вақтим йўқ”, ойим эса: “Дугоналарим билан га­пим бор, боролмайман”, дедилар. Яхшиям борма­б­сиз­лар, ўша куни устозимиз ўртоғим Ботирни дадасига: “Ўғлингиз яхши ўқимайди”, дебди. Ботирни дадаси ро­са уришибди. Энди ҳар куни уйидан кўчага чиқмасдан, дарс қилаётган эмиш. Кейинги кун устозимиз: “Шокир, ота-онанг нимага келмади?” деб сўрадилар. Мен: “Устоз, дадам узоқ сафарга кетганлар, ҳали-бери келмайдилар. Ойимнинг мазалари йўқ, келолмайдилар”, деб жавоб бердим. – Яхши қилибсан, ўғлим, энди бошқа безовта қилмай­ди, ўзи шундоғам ишларим кўп, – дедим. Бу ота ўғлининг “гапдон”лигию, “уддабу­рон”ли­ги­дан хурсанд бўлиб сўзламоқда. Демак, болани ёл­ғон га­пир­гани учун рағбатлантирмоқда. Шу тахлит тарбия олиб, балоғат ёшига етган фарзандга ёлғоннинг салбий оқи­батларини уқтириб кўрингчи, қанчалик уддалар экансиз бу ишни? Беҳуда уриниб, вақтингиз бекорга кетишидан бошқа нарсага кафолат йўқ. Чунки у болалигидан катта бўлгунга қадар ёлғон кирди­кор­ларининг “маза”сини тотиб, “самара”сини кўрган ва ундан завқ олиб улгурган. Энди у бу йўлда “етуклик”ка интилади, ёлғонни яшириш учун ҳеч бир жиноятдан, зулм ва ёмонликдан қайтмай­ди. Агар боши бир тошга урилиб ёрилгач, тўғри йўлни ихтиёр қилмаса! Кўриб турибсиз, майда-чуйдадек туюлган ёлғонларга эътибор­сизлик туфайли, келажакда яхши инсон бўлиб етишиши лозим бўлган фарзанд ёмон йўлни одат қилмоқда. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматга қадар келадиган барча умматларига энг яхши мураббий ва муаллимдир. Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, дея ўзлари ва аҳли Ислом билан бундай кимсалар ўртасига парда қўйганлар. У зот ўз ўрнида, тўғри маънода, яъни ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилганлар. Ёлғондан мутлақо узоқ бўлганлар ва бошқаларни ҳам ростгўйликка чақир­ганлар. Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳазил-мутойибаларидан намуна­лар Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. У саҳродан ҳадялар олиб келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берарди. У бўйи паст одам эди. Бир куни у мато сотиб турганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнига келдилар. Билдирмасдан Зоҳирни орқасидан маҳкам қучоқладилар. Зоҳир: “Ким, мени қўйиб юбор”, деди. Қайрилиб қараса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турибдилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) кўксиларига тегиб турган орқа елкаларини ажратмай турди. Шунда Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бу қулни ким сотиб олади?” дедилар. – Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, менинг бозорим чақ­қон эмас, – деди Зоҳир. – Лекин Аллоҳнинг ҳузурида бозоринг чаққон, Ал­лоҳнинг ҳузурида сен қимматсан, – дедилар у зот. (Имом Термизий ривояти). Авф ибн Молик Ашжаъий ривоят қилади: “Табук” ға­зотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳу­зур­ларига келдим. Ул зот теридан ясалган кичкина чодирда эдилар. У зотга салом бердим. Набий (алай­ҳис­салом) алик олдилар ва “Киргин” дедилар. Мен: “Ҳамма танам кирсинми?” дедим. У зот: “Ҳамманг”, де­дилар (Абу Довуд ривояти). Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши келиб, Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) улов сўради. У зот: “Мен сенга туянинг боласини бераман”, дедилар. – Ё Аллоҳнинг расули, туянинг боласини нима қила­ман? – Туя туядан туғиладими? дедилар (Имом Тер­мизий ва Имом Аҳмад ривояти). Ибн Бикор Зайд ибн Асламдан ривоят қилади. Умму Айман деган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: – Менинг эрим сизни чақиряпти, – деди. – У ким? Икки кўзи оқ кишими? – Йўқ. – Ҳа, унинг икки кўзи оқ. – Йўқ, Аллоҳга қасам ичаман. – Ҳар кишининг икки кўзи оқ бўлади. Жаноб Пайғамбар (алайҳиссалом) бу ўринда кўз қора­чиғи атрофидаги оқликни мақсад қилган эдилар. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қила­ди: «Бир кампир Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Ал­лоҳга дуо қи­линг, мени жаннатга киргизсин”, деди. Шунда: “Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга айтинглар, у кампир ҳолатда жаннатга кирмайди”, деб айтдилар. (Имом Термизий ривояти). Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз уларни (ҳур қиз­ларни) дафъатан пайдо қил­дик (онадан туғил­мади­лар). Кейин уларни боки­ра қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдир­лар» (Воқеа, 35–37). Юқоридаги воқеада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) аёллар жаннатга қиз ҳолатида киради деган маънони мақсад қилиб ҳазиллашдилар. Беназир салоҳиятли мураббийларимиз тарбия жа­раё­нида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) самимий одоблар билангина ҳазил қилган­лик­ла­рини тушунтириб ва уқтириб борсалар, фарзанд­ларимиз бундан ибрат олишади ва ҳаётлари давомида кишилар билан ўзаро яхши муомалада бўлишади. 


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан