
“КИТОБ ОЧИРИШ” ИСЛОМДА БОРМИ?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Яхши китоб инсон ҳаётини ийжобий тарафга ўзгартирадиган ва унга ҳеч ҳам хиёнат қилмайдиган чин дўстдир. Ҳар биримиз китоб сўзи зикр қилинганда ёки уни кўрганимизда уни илм манбаи сифатида қабул қиламиз.
Аммо халқимиз орасида “Фалончихонга китоб очтириб келдим”, ёки “Китоб очтиришим керак” ёки “Фалончи китоб очарканлар”каби сўзларни эшитиб қоламиз. Хўш, бу нима дегани?
Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, биз назарда тутган “китоб очтириш” ибораси ўқиш-мутолаа мақсадида китоб очиш маъносида эмас, балки, фол очиш деган маънода қўлланилади. Шариат кўрсатмаларига риоя қиладиган мўмин халқимиз фолбинлик гуноҳи азим эканлигини яхши биладилар ҳамда фолбинларнинг яқинига ҳам йўламайдилар. Иблис хизматини ўзларига бурч деб билиб, ўз фаолиятларини кенг ёйилишини мақсад қилган айрим фолбинлар фол очиш сўзини “китоб очиш” ибораси билан ниқоблаганлар. Сабаби, “фол очаман” деса чин мўмин киши “йўқ” дейиши табиий ҳол албатта.
“Китоб очиш” ниқобидаги фолбинлар аёл ёки эркак киши ҳам бўлиши кузатилмоқда. Улар қўлларида муқоваланган бирор китобни олиб мурожаат қилиб келган кишига “Сизда у кўринаяпди, бу кўринаяпди”, ёки “Сизга фалон чиқди” деб фолбинлик қиладилар. “Китоб очиб” фол очадиганлар оддий фолбинларга қараганда икки баробар гуноҳга ботадилар. Биринчиси: Фол очганлари учун. Иккинчиси: Фолбинликларини беркитиб одамларни алдаганлар учун.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам фолбинлик Исломга зид бўлгани учун бу ишдан қайтариб, жумладан шундай марҳамат қилганлар.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади».
Баззор ривоят қилган.
Аллоҳ таоло мўмин халқимизни бундай иллатлардан Ўз паноҳида асрасин!
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими