1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МИСРДА ИЛМ-ФАН ВА МАДИНИЯТ РИВОЖИ ВА ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ

22-06-2020, 11:05 526 Ўқиш режими + -


Мисрда илм-фан ва мадиният ривожи ва тараққиёт босқичлари
 
Ушбу академия дунёдаги энг қадимий Ислом фиқҳи академияси. Фатволарнинг бирлашиши ва янги пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш мақсадида ислом оламининг барча томонидан келган турли уламоларни ўз ичига олади. Мусулмон халқлари унинг фикридан фойдаланади. Ушбу академия шубҳасиз, ишончли манбалар асосида қарорлар чиқаради.
Ал-Азҳар университетидаги Ислом тадқиқотлари академияси шаръий тафтиш қилиш бўйича иш олиб боради, тасниф этилган китоб ёки Мисрда содир этилган қонунларнинг ислом шариатига мувофиқлигини ўрганиб чиқади. Унга “Ал-Азҳар шайхи” бошчилик қилади.
Ал-Азҳар дорулфунуни шайхининг миссияси ва хайрия тармоқлари кўп бўлиб, Миср ва унинг ташқарисидаги сиёсий - ижтимоий ёки даъватга тааллуқли бўлган масалаларда ҳам фаол таъсирга эга.
Ислом тадқиқотлари академияси 1961-йилдаги Ал-Азҳар университетининг ривожлантириш хусусидаги 103-сонли қонунда баён қилинганидек, йирик уламолар ўрнини босиш мақсадида ташкил этилди. Ўша қонунда келтирилишича, ушбу академия Ислом тадқиқотлари учун олий ҳайъат бўлиб, унга Ал-Азҳар шайхи раислик қилади.
Қоҳира шаҳридаги “Ал-Азҳар” университети дунёдаги энг катта диний таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибига университетдан ташқари, ўрта ва махсус мактаблар, илмий марказлар, масжидлар ҳам киради. “Ал-Азҳар” университети Зайтуна ва Қаравиййин университетларидан кейин дунёдаги учинчи ўриндаги энг қадимги университетдир.  
 Маълумотларга кўра, “Ал-Азҳар” университети Фотимийлар[1] даврининг бошида 359 ҳ.й./ 971 м.й. рамазон ойида Азҳар жомеси номи билан ташкил топган. Уни фотимий халифа Муиз Лидиниллаҳ буйруғи билан Жавҳар Сақалий қурдирган. “Азҳар” номи Фотимаи Заҳро исмидан олинган. Унда биринчи дарс ҳалқалари 975 йил қозиул-қуззот Абул Ҳасан ибн Нўъмон Мағрибий томонидан ташкил этилган[2]. Сўнг дарс ҳалқалари кўпайиб, 988 йилдан эътиборан "Ал-Азҳар" университетга айлантирилган.
1171 йилга келиб Салоҳиддин Айюбий даврида Қоҳирада Фотимийлар ҳукумати ағдарилгач, Азҳар жомесида жума хутбалари юз йил давомида тўхтаб қолади. Лекин маълумотларга кўра, у ерда дарс ҳалқалари давом этиб турган. Бошқа томондан эса Салоҳиддин Айюбий Азҳарга таълим беришлик учун тиббиёт фанлари олими Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий ва яхудий фалсафачиси Маймонид кабиларни тиббиёт ва астрономия бўйича жалб қилгани айтилади. Бу эса ўз даврида Азҳарда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор берилганлигига далолат қилади.
Мамлуклар даврига келиб, Султон Зоҳир Бийбарс Бундуқдорий томонидан Азҳарда жума хутбалари ва ундаги бошқа фаолиятлар қайта тикланади. Мамлуклар даврида Азҳар Миср ва бутун ислом оламида илм марказ сифатида машҳур бўлади[3]. Унда ноёб ва нафис китоблар жамланган бой кутубхона ташкил қилинади. Маълумотларга кўра, адабиётларнинг адади 120 мингдан 2 млн.гача бўлган. Аммо узоқ тарих давомида китобларнинг кўпи сотиб юборилган ёки йўқотилган. Шу тарзда мамлук ҳукмдорлари томонидан Азҳар ўқув тизими ва тузилмаси ривожлантириб борилаверди. Натижада у ислом оламида тенгсиз ўқув юртига айланди. Унда нафақат диний илмлар, балки фалакиёт, ҳисоб, тиббиёт, меъморчилик, геология, тарих каби дунёвий илмлар ҳам ўқитилган.  
1872 йилда биринчи марта Ал-Азҳар шаҳодатномасига эга бўлиш тартиби ва фанларини тасдиқловчи Низоми қабул қилинган. 
1911 йилда Ал-Азҳарда таълим тизими босқичларга бўлиниб, талабаларни қабул қилиш, имтиҳонлар тартиби, шаҳодатга эга бўлиш, Машиха (шайхлар кенгаши), Азҳар олий кенгаши, катта олимлар ҳайъати ташкил этилди.
1930 йилда Ал-Азҳарда ўқув тизимини тартибга солувчи 49-сонли Қонун қабул қилинган. Унда Ал-Азҳар таркибига кирувчи маъҳадлар (коллежлар) ва факультетлар: Шариат, Дин асослари, Араб тили факультетлари тасдиқланган.
1936 йилдаги Қонун билан Ал-Азҳарда тўртинчи босқич – диросат уля (магистратура) ташкил топди. 
 
 НОРҚЎЧҚОРОВ РЕЖАБОЛИ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари

[1]Пайғамбар (а.с.)нинг қизлари Фотима (р.а.)нинг номлари билан аталувчи, шиаларни қўллаб қувватловчи ҳукумат вакиллари. 
[2] 975 йилда “Азҳар”да шиа йўналишида маърузалар ўқилган.
[3] XIII асрга келиб, “Азҳар”да суннийликнинг тўрт мазҳаб вакиллари, шиалар ва суфийлар бирга таълим оладилар.