
Тасаввуф ва илм
Тасаввуф таълимоти вужудга келган даврдан халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. У доимо ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат ва ростгўйлик каби умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этган.
Ислом умматининг бошига тушган энг қийин мусибатлар даврида динимизни, Ислом илмларини сақлаб қолишда айнан буюк тасаввуф шайхлари, тариқат пирларининг хизмати беқиёс бўлган.
Ҳижрий еттинчи асрдан кейин кўплаб исломий билимлар қатори тасаввуфда ҳам ўзига хос таназзул кузатилди. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг сурати бузилиб Ислом таълимотларидан, шариат аҳкомларидан узоқлаша бошлади. Бунинг асосий сабаби таълим тарбиянинг заифлашиши, саводсизликни оммалашиб кетиши эди.
Илм-маърифат нурга, жаҳолат эса зулматга қиёсланади. Қаердаки нур бўлса, у жойдан зулмат чекинади. Буюклар илмни ширин мева деб билишган. Уни тоза, мусаффо ҳавога ўхшатишган. У билан нафас олиб, руҳий тушкунликларни, дард-аламларни унутишган. Ана шу ширин меванинг мазасини татиб яшаш ҳаётнинг баракасидир.
“Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал”, дейилган. Ўзини маълум бир тариқатга мансуб деб ҳисоблайдиган қўштирноқ ичидаги баъзи кимсаларнинг таълимнинг зарурати йўқлиги тўғрисидаги гоҳида эшитиладиган фикрлари ўта ачинарли ҳолдир. Ҳеч бир мусулмоннинг бундай сўзни айтишга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят) ва яна бошқа бир оятда: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради”, – деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Шу ўринда юқоридаги оят ва ҳадислардан фақат диний илмлар эмас, балки барча фойдали илмларни ўрганиш кўзда тутилаётганини айтиб ўтишликни лозим деб топдим. Бир фозил киши ўғлига: “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”, – деган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.
Шунингдек Имом Раббоний ҳазратлари: “Билгин, шариат уч қисмдан иборат – илм, амал ва ихлос. Ҳар қачон бу уч қисмдан бири ўз ўрнига келтирилмаса, шариат мукаммал бўлмайди. Сўфийларнинг йўли бўлган тариқат, маърифат ва ҳақиқат шариатнинг учинчи қисми бўлган ихлоснинг мукаммал ҳолатда юзага чиқишига ёрдамчи бўлади”, деганлар.
Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома” асаридаги ўгитлар ҳозиргача мусулмонлар учун юксак тавсия бўлиб келмоқда. Асарда жумладан, шундай дейилади:
* Эй, фарзанд! Мен сенга барча ҳолатларда илм, адаб ва тақвода бўлишингни васият қиламан!
* Ўтган уламоларнинг изидан юришинг лозим. Аҳли сунна ва жамоанинг мулозими бўл!
* Фиқҳ ва ҳадис ўрган!
Ҳақиқий сўфийлар доимий равишда илм-маърифатга, хусусан, шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар.
“Ал-бурҳон ал-муайяд” китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтган: “Сизлар: “Ҳорис айтди, Абу Язид деди, Ҳаллож гапирди”, дейсизлар. Бу қандай гаплар ўзи? Сизлар: “Шофеъий айтди, Молик айтди, Аҳмад деди, Нўъмон деди”, деб айтинглар. Олдин равшан муомалаларни тўғриланг, сўнгра ортиқча гаплар ила ҳузурланинг. Аввал шариат пойдеворларини илм ва амал билан мустаҳкамланг. Ундан сўнг ноаниқ илм аҳкомлари ва амал ҳикматлари ҳақида ҳиммат кўрсатинг”.
Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзалдир, яъни фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қиладиган ибодатлардан.
Илм Аллоҳ таолонинг инсоният учун абадий дастури Қуръони каримда асосий ўрин эгаллаган масалалардандир. Ундаги ҳар бир сура аксар ҳолларда бевосита, гоҳида эса ишора орқали илм билан боғланган. Илм ва ундан келиб чиққан сўзлар сони Қуръонда 779 марта такрорлангани қайд этилган. Бу кўрсаткич барча суралар йиғиндисининг сал кам етти баробарига тенг. Бундан ташқари, Қуръони каримда фикр, назар, ҳидоят, ақл, ҳикмат, ҳужжат, оят каби сўзлар ҳам бўлиб, улар ҳам аслини олганда илмга алоқадор лафзлардир. Ислом илм дини бўлгани учун Қуръони каримдаги илк нозил бўлган оятнинг биринчи сўзи илмлар калити бўлмиш “ўқиш”га буюради.
Динимизнинг илмга бўлган муносабати қисқача қуйидагилардан иборат: – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илмга турли йўллар билан даъват қилинган; – Аллоҳ таоло Ўз Китобида илм аҳлларини мақтаган; – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уламолар қадрини кўтариб, уларни пайғамбарларнинг меросхўрлари деб атаганлар; – у зот саҳобалардан баъзиларини бошқа қавмларнинг тилларини ўрганиш учун юборганлар ва илмга эътиборни амалда кўрсатиб ҳам берганлар; – Аллоҳ таоло илм йўлидагиларга катта ажрсавоб ваъда қилган; – илмни яширганларни охиратда улкан азоб борлигидан огоҳлантирган; – соғлом ақл қабул қиладиган фойдали илмларга тарғиб қилиб, коҳинлик, мунажжимлик, сеҳр каби зарар келтирувчи бемаъниликлардан одамларнинг ақлини ҳимоя қилиб, тўғри йўналиш берган; – инсонга ақлини ишлатишга, фикр юритишга, еру осмон ва ўзи ҳақида тафаккур қилишга чақирган ва айнан мана шу тафаккур турли асрлар ва даврларда ихтиролар калити бўлиб хизмат қилган.
Имом Шофиъийнинг: “Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган, агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган, агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган”, деган сўзлари ҳам илмнинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади.
Ҳозирда ҳам аввалгидек илм ўрганиш юртимиз тараққиёти ва ватандошларимиз учун жуда долзарб маъно касб этади. Бу ерда илмдан мақсад ўқиш ва ёзишни ўрганиб олиш билан кифояланиш эмас, балки шу юртнинг ҳар бир фарзанди ўз соҳасида етук даражадаги мутахассис бўлиб етишиши ва ўз ҳаётида унинг ижобий таъсирини ҳис этиши ва ўзгалар жонига оро киритишидир. Абулвалид Божий (раҳматуллоҳи алайҳ) фарзандларига васият қилиб бундай деган: “Илм ўз эгасини фақат саодатга етаклайди. Унинг ками ҳам фойда беради, кўпи эса юксалтиради. У доимо кўпаядиган кондир. Сарфлаш билан камаймайди, тортиб олинишидан қўрқилмайди, уни ўғирлатишдан хавфсирамайсан. Шунинг учун уни эгаллаш йўлида жидду жаҳд қилинглар, таҳсил олиш чоғида дуч келган қийинчиликларни роҳат деб билиб, илм учун тунларни бедор ўтказинглар”.
Абу Ҳомид Ғаззолий розияллоҳу анҳу ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”.
Абу Язид Бистомий розияллоҳу анҳу “Агар бир кишига кароматлар берилиб, ҳаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча, ундай кимсага алданиб қолманг”, деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар.
Хожа Аҳмад Яссавий розияллоҳу анҳу: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.
Сўфи Аллоҳёр бобомиз: “Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма анингдек худнамога”, – деганлар.
Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас.
Муҳаммади Қораев
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари