Мисрда илм-фан ва мадиният ривожи ва тараққиёт босқичлари
(2-қисм)
1936 йилдаги Қонун билан Ал-Азҳарда тўртинчи босқич – диросат уля (магистратура) ташкил топди.
1961 йилда қабул қилинган 102-рақамли Қонунга асосан, Ал-Азҳар ва унга қарашли муассасалар тартибга солиниб, унинг таркибига қуйидаги муассасалар киритилди:
- · Ал-Азҳар Олий Кенгаши (Ал-мажлис ал-аъла лил-Азҳар). Олий Кенгашга Миср Бош вазири раҳбарлик қилади. У бир пайтнинг ўзида "ал-Азҳар" ишлари бўйича вазир ҳам ҳисобланади. Мажмуага бевосита раҳбарлик қилувчи "ал-Азҳар" Шайхи Олий Кенгаш раисининг ўринбосари ҳисобланади[1]. Олий Кенгаш таркибига шайх ўринбосари, университет ректори ва деканлари, Ислом тадқиқотлари академиясининг тўрт аъзоси, вақф ишлари, олий таълим, молия ва адлия вазирларининг биттадан ўринбосарлари, маданият ва хорижий ислом миссиялари мудири, "Ал-Азҳар" ўрта ва махсус ўқув юртлари директорлари, университетнинг таълим ва умумий ишлар бўйича уч эксперти киради. Олий Кенгаш мажмуа ишларини режалаштириш, умумий ва таълим сиёсатини белгилаш, факультетлар ташкил этиш таклифи билан чиқиш ва бошқа ишларни амалга оширади.
- · Ислом тадқиқотлари академияси (Мажмаъ ал-буҳус ал-исламийя). Турли йўналишларда чуқур ва кенг қамровли исломий тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади.
- · Ал-Азҳар университети. Олий таълим ва тадқиқотлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича шуғулланади.
- · Ал-Азҳар маъҳадлари (мактаб-лицейлари). Азҳар университетига кириш учун ўқувчилар тайёрлайди.
1961 йилда қабул қилинган 102-рақамли Қонунга биноан "Ал-Азҳар" мажмуасида университет, унинг таркибида диний факультетлар билан бир қаторда савдо, тиббиёт, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги каби дунёвий факультетлар ҳам очилди. Айни вақтда аёллар факультети ҳам ўз фаолиятини бошлаб, хотин-қизлар тиббиёт, савдо, исломшунослик ва ижтимоий фанларни ўзлаштира бошладилар.
Ректор, Олий таълим ва тадқиқотлар бўйича проректор, Таълим ва талабалар ишлари бўйича проректор, Қизлар бўлими бўйича проректор, Асъют бўлими проректори, Денгиз томон бўлими проректори.
Университетнинг 77 та факультети бор. Булар:
Тиббиёт, Стомотолигия, Фармацевтика, Муҳандислик, Қишлоқ хўжалиги муҳандислиги, Табиий фанлар, Журналистика, Тиллар ва таржима, Қишлоқ хўжалиги, Педагогика, Жисмоний тарбия, Тижорат, Дин асослари ва даъват, Шариат ва қонун, Араб тили, Исломшунослик ва араб тили, Ислом даъвати, Қуръони карим ва қироатлар, Магистратура факультети, Араб тилида гаплашмайдиган чет эллик талабалар учун исломий илмлар факультети ва шу факультетларнинг турли вилоятлардаги филиаллари[2]. Шунингдек, уларнинг хотин-қизлар бўлимлари (улар орасида Ҳамширалик, Социология, Уй иқтисоди каби факультетлар бор).
Ал-Азҳар университетида инглиз тилида юз баллик таълим жорий қилинган. Ал-Азҳар университетининг дипломи халқаро диплом саналиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тан олинади.
Ал-Азҳар университетида таълим олиш мисрлик ва давлат томонидан расмий равишда борган талабалар учун бепул. Ал-Азҳар университетида таълим олишни истаган хорижлик талабалар кириш учун керакли ҳужжатларни тўлдиргач, улардан Қуръон Карим ва араб тилидан имтиҳон олинади. Олган натижаларига қараб, уларни махсус курсларга жойлаштирилади.
Ал-Азҳар университетининг талабалар шаҳарчасида тўрт қаватдан олти қаватгача бўлган ётоқхона бинолари мажмуасидан иборат бўлиб, ҳар уч талаба учун бир хона ажратилган. Хоналар ёруғ ва шинам. Ундаги ҳар бир талаба учун алоҳида кравот, стол-стул ва шкафлар мавжуд. Талаба қизлар учун алоҳида ётоқхона ва шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Бу ётоқхоналарга эркаклар ва бегоналарнинг кириши таъқиқланади. Ётоқхонада талабалар учун уч маҳал бепул овқат бериш йўлга қўйилган. Шаҳарчада спорт заллари, шифохона, китоблар дўкони, кир ювиш ва дазмоллаш хонаси, сартарошхона, озиқ-овқат дўконлари мунтазам ишлаб туради. Жума кунлари Азҳар шайхининг шахсан ўзи келиб ётоқхона масжидида маъруза қилиб, талабалар билан учрашувлар ўтказади[3].
Ҳозирги пайтда Азҳар тизимида 400 минг атрофида талаба таълим олади[4], 11 минг устоз ва ўқитувчи, 13 минг хизматчи фаолият олиб боради. Ал-Азҳар университетида ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан таълим олишлик учун талабалар келишади. Университетда Буюк Британия, Франция, Югославия, Греция, АҚШ, Бразилия, Венесуэла, Австралия, Япония, Россия (Доғистон, Чеченистон, Татаристон, Бошқирдистон) ва бошқа МДҲ давлатлари, деярли барча Африка ва Осиё мамлакатларидан талабалар ўқимоқда.
Дунёдаги машҳур ислом олимлари ва давлат арбоблари Ал-Азҳар университети талабаси бўлишган. Жумладан: Ибн Ҳайсам – физика олими. Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий – тиббиёт олими. Умар ибн Фарид – сўфий ва шоир. Ибн Халдун – фақиҳ ва тарихчи. Муҳаммад Абду – ислом ислоҳотчиси ва жамоат арбоби.
Муҳаммад Айяд Тантовий (1810-1861) – араб филологи. Муҳаммад Абу Заҳро (1898-1974) – илоҳиётчи ва ёзувчи. Муҳаммад Асад (1900-1992) –илоҳиётчи, сиёсий арбоб ва дипломат. Али Жумъа – Миср Араб Республикаси муфтийси. Юсуф Қарзовий – Фатво ва илмий баҳслар бўйича оврупа мажлиси раиси. Рамазон Бутий – доктор, мутафаккир олим. Саййид Муҳаммад Тантовий – доктор, устоз, Азҳар (собиқ) шайхи. Аҳмад Тоййиб – доктор, устоз, (ҳозирги) Азҳар шайхи. Ваҳба Зуҳайлий – муфассир ва тўрт мазҳаб фиқҳи бўйича етук мутахассис олимларнинг номларини келтириб ўтиш мумкин.
НОРҚЎЧҚОРОВ РЕЖАБОЛИ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари
[1] “Ал-Азҳар” Шайхи вазифасида 2010 йилдан бери Шайх Ахмад ат-Тоййиб фаолият юритиб келмоқда. "Ал-Азҳар" Шайхи лавозими Миср Президенти ва Бош вазиридан кейинги ўринда турадиган учинчи олий мансаб ҳисобланади. [2] Баъзи маълумотларга кўра, "Ал-Азҳар" университетининг Миср пойтахти Қоҳира шаҳридан ташқари бошқа вилоят ва шаҳарларида фаолият кўрсатаётган диний ва дунёвий факультетларнинг умумий сони 64 тани ташкил этади. [3] 2008 йилда ҳар жума Азҳар шайхи марҳум, Саййид Муҳаммад Тантовий ҳазратлари “Тафсир”дан илмий маъруза қиларди. [4] Бошқа манбаларда 620 минг талаба, жумладан, 50 минг қиз бола ва 20 минг чет эллик талабалар таҳсил олаётгани келтирилган.