1441 йил 21 Зулқаъда | 2020 йил 11 июль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:41
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:42
Asr
17:50
Maghrib
20:03
Isha
21:43


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲНИНГ АРШИДА СОЯЛАЙДИГАНЛАР

26-06-2020, 09:49 28 Ўқиш режими + -


Аллоҳнинг Аршида соялайдиганлар



     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:  Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Етти (тоифа киши) бор. Аллоҳ уларни соя бўлмаган кунда (қиёмат кунида) ўз соясида соялантиради: одил имом; Роббининг ибодатида ўсган йигит; қалбан доим масжид билан боғланган киши; Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган, жам бўлган ва ажрашган киши; мансабдор ва чиройли аёл бир эркакни талаб қилганида (зинога чақирганида) мен бу ишни қилишда Аллоҳдан қўрқаман, деган киши; яширинча садақа қилган бир кишики, ҳатто унинг чап қўли ўнг қўли инфоқ қилганлигини билмайди; ёлғиз бўлганида ҳам Аллоҳни зикр этиб, кўзлари намланган киши” (Имом Бухорий ривояти)[1].
Кўз ёш тўкиш фақат инсонга хос эмас. Барча мавжудотлар, жумладан, жинлар ҳам,  жонли ва жонсиз нарсалар ҳам нола қилади. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини илк паллаларда хурмо ёғочига суяниб хутба ўқирдилар. Кейин минбар тайёрланди. У зот минбарга чиқиб хутба ўқийдиган бўлишди. Қуриган хурмо ёғочи эса, бу айрилиққа чидай олмади, гўдак йиғиси каби овоз чиқариб, нола қилди. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб келиб, гўдакни қучоқлагандек дарахтни қучдилар… Шундан сўнг ёғоч тинчланиб, ундаги инграган овоз тўхтади.  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар мен уни қучоқламаганимда эди, албатта, у қиёматга қадар йиғлаган бўларди”.
Йиғининг сабаблари
Киши ўн хил сабабга кўра йиғлайди: 1) севинчдан; 2) қайғу ва ғамдан; 3) раҳматдан; 4) қўрқувдан; 5) ёлғондакам; 6) жамоани ўзига эргаштиришдан; 7) муҳаббатдан; 8) бирор оғриқдан; 9) зулмдан ва заифликдан; 10) мунофиқликдан (“Руҳул баён”, 3/476-477).
Мазкур йиғилар тўғрисидаги маълумотларни хулоса қилган уламолар уни  мақталган ва қайтарилган йиғиларга   ажратишган.
Қайтарилган йиғи
  1. Риёкорлик билан йиғлаш. 2. Мен ҳақимда гапирсинлар деб йиғлаш. 3. Ўзини аҳлуллоҳ (Аллоҳ дўсти) деб кўрсатиш учун йиғлаш. 4. Моддий бир сабаб билан йиғлаш. 5. Дунёвий нарсалар учун йиғлаш. 6. Маййитга овоз чиқариб йиғлаш. 7. Қўлдан кетганига хафа бўлиб йиғлаш.
Шунингдек, ўзига маънавий бир мақом олиш ва халққа сўзини ўтказиш учун йиғлашнинг ҳеч бир қиймати йўқдир. Зеро, ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқатан, амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар кимсага фақатгина ният қилгани (нарсаси) бўлади”, дея марҳамат қилганлар.
Мўминлар, аслида, моддий йўқлик ёки дунёвий бир иш учун йиғламасликлари керак. Зеро, борлиқни ҳам, йўқликни ҳам Аллоҳ таоло бергувчидир.
Ўликнинг орқасидан ҳам йиғламаслик ва фарёду фиғон кўтармаслик лозим. Шунга зарурати бўлса, овоз чиқармасдан раҳмат ёшларини тўкиш жоиз.
Мақталган кўз ёши 
 Китоб ва суннатга уйғун бўлган кўз ёши мақталгандир. У тўғрида банда ушбу ҳолатларда йиғлаши ҳақида баён этилган:
  1. Гуноҳларига йиғлаш. 2. Хатоларига афсус чекиб йиғлаш. 3. Вақтни бекор ўтказганига йиғлаш. 4. Исломда мукаммал яшай олмаганига пушаймон бўлиб йиғлаш. 5. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш. 6. Охират ўйлари билан йиғлаш. 7. Қуръони каримни ўқиб йиғлаш. 8. Дин учун йиғлаш. 9. Яширин йиғлаш, инсонлар кўз ўнгида йиғламаслик.
 Нажот ва саодат йўли инсоннинг хатоларига йиғлаши орқали ўтади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши дедилар: Мен: “Эй Расулуллоҳ, Нажот ва саодат қаерда” деб сўрадим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Тилингни сақла! Уйингни кенг ол! Хатоларинг учун йиғла!” (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган одам, соғилган сут ўз жойига қайтмагунича, жаҳаннам оташига кирмайди (яъни, абадийян жаҳаннамга кирмайди). Аллоҳ йўлида қўнган чанг билан жаҳаннам оловининг тутуни жамланмайди” (Имом Насаий, “Сунан”, 3057).
Шундай экан, қалбларимиз юмшаб дилларимизни қўрқув ва муҳаббат ҳисси қамраса, кўзлар асло ёш тўколмайди. Зеро, охиратда дўзах оташини сўндира оладиган воситалардан бири бу ҳоли ҳаётимиз давомида Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиб йиғлай олишимиздир. Ёки неъматлари шукрини тўлиқ адо этолмаётганимиздан афсус чекиб, У зотнинг муҳаббатидан умид этишимиздир.


Абдурашид ЭСОНҚУЛОВ,
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани 
“Белибойли ота” жоме масжиди имом-хатиби
Манба: Ҳидоят.уз


[1]Саҳиҳул Бухорий” асарининг Азон китоби, масжидда ўтириб намозни кутган кутган киши ва масжидларнинг фазилати тўғрисида боб 660-ҳадис“Саҳиҳ Муслим” асарининг Закот китоби, садақани яширинча қилиш фазилати
 ҳақидаги боб 1031-ҳадис.