1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (34-ҚИСМ) АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (2-ҚИСМ)

2-07-2020, 13:35 616 Ўқиш режими + -
 

МУҚАДДАС ОИЛА (34-ҚИСМ) 

АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (2-ҚИСМ)
 

Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни бир аёл келиб: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳу­зурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрга­намиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар, Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб, уларга таълим бердилар. Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай ке­лади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар (розияллоҳу анҳо) жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрган­ган эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Ши­фони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўл­са, бош­қаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўрга­тиши­ни талаб қиладилар. Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳна­молигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилган­лар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун, турли кўз касалликларини аниқлаб, даъвосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Сай­йида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган. Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофиъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиб­бон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ва адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган. Шариат аёл кишининг дини ва дунёсига фойда берадиган таълимни ўрганишга изн берар экан, уларни эркаклардан ажралган ҳолда бошқа-бошқа ўқитишни таъкидлайди. Ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулияти Аллоҳ таоло барча ота-оналар ва мураббийлар зиммасига ўзининг улуғ неъмати бўлган фарзандларни ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулиятини юкла­ган. Агар улар зиммаларидаги бу масъулиятга бепар­волик қилсалар ва фарзандлари тарбиясида хатога йўл қўйсалар, Аллоҳ таоло буюк кун – охират кунида ҳисоб-китоб қилади. Болаларни бугунги кунда инсониятни хавотирга солаётган террорчилик ҳаракатлари ва дин ниқобидаги турли бузғунчи оқимлар, сионистлар, миссионерлар таъсиридан асраш керак. Бунинг учун ота-оналар, бо­ла­лар тарбия­си билан шуғулланадиган масъул киши­лар ўша оқим ва ҳаракатларнинг туб мағиз, мақсад ва моҳиятини билишлари зарур. Бунда уларга газета ва журнал материаллари, телекўрсатувлар, интернет ха­бар­лари ёрдам бериши мумкин. Энг катта дастур Ал­лоҳ­­нинг каломи Қуръони карим ва Пайғам­бари­миз­нинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Аллоҳга шукр, юртимиз мустақил бўлгач, Қуръони каримнинг маъно таржималари, тафсир­лар, ҳадис китоблари ва уларга шарҳлар босилиб чиқди. Лекин адашиб эгри йўлга кириб қолаётган, бошқа динларга ўтиб кетаётган ёшларимиз йўқ эмас. Бу ҳол бизни жиддий ташвишга солиши ва уни бартараф қилиш йўл­ларини излашимиз керак. Аллоҳ таоло: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз­лар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйин­сун­дик, бас, улар бизларни (тўғри) йўлдан оздир­ди­лар. Парвардигоро, уларга азобни икки ҳисса қи­либ бергин ва уларни катта лаънат билан лаъ­нат­лагин!» (Аҳзоб, 67–68) деб марҳамат қилади. Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадиси шарифда Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло барча бошлиқлардан қўл остидагилари ҳақида, уларни ҳифзу ҳимоя қилганми ёки зое қилганми, сўрагув­чидир”, дея огоҳлантирадилар. Буларни ҳис қилар эканмиз, ё Аллоҳ, биз, бандаларингни Ўзингга ва расулингга итоатгўйлардан, ҳисоб-китоб кунида ҳузурингда юзлари ёруғ бўлгув­чилардан қилгин, дегимиз келади. Ҳа, азизлар, бола тарбияси ана шундай муҳим ижтимоий, ҳаётий ма­саладир. Ота-оналар ва мураббийлар фарзандларимиздаги тор­тинчоқлик, қўрқоқлик, ўзини сабабсиз айбдор ҳис қи­лиш, ҳасад, ғазаб каби кўринишларга ҳам эътибор қара­тишлари муҳимдир. Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан қуйида ушбу ҳолат­ларни билганимизча қисқа-қисқа баён қилиб, шариатимизда келган ечимларни ўрганамиз. Тортинчоқлик Бу ҳолат барча болаларнинг табиатида бор. У бола тўрт ойлигидаёқ сезила бошлайди. Бир ёшга тўлганида аниқ-равшан бўлади: нотаниш одамни кўрса, юзини буради, кўзларини юмиб, қўллари билан яширинишга уринади. Боланинг тортинчоқ, ўта уятчан бўлишида ирсият­нинг ҳам ўрни бор. Шунингдек, уни ўраб турган муҳитнинг таъсирини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Кўпчилик орасида ўсган бола билан якка-ёлғиз ўсган бола ўртасида катта фарқ бўлади. Ёлғиз болалар ода­м­о­ви, тортинчоқ бў­либ қолмасликлари учун кўпчи­лик­ка қўшиш керак. Тенгдошлари билан тез-тез ўйнаши ёки болани кўпроқ қариндош-уруғлар зиёратига олиб бориш ҳам яхши натижалар беради. Бу борада ҳам ибратли ривоятлар кўп. Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қиладилар: Ибн Умар балоғат ёшига етмаган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофи­даги саҳобаларга: “Бир дарахт бор, унинг барглари тў­килмайди, у ҳудди мусулмон ки­шига ўхшайди. Менга айтинглар-чи, у қайси дарахт?” деб мурожаат қилдилар. Саҳобалар бу чўлларда ўса­диган дарахтлардан бири бўлса керак, деб ўйлашди. Абдуллоҳ айтади, мен эса, бу хурмо дарахти бўлса керак, деб ўйладим, бироқ айтишдан ҳаё қилдим. Сўнг саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг, у қайси дарахт?” дейишди. У зот: “Бу хурмо дарахти”, дедилар. Бошқа ривоятда эса, Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Абу Бакр ва Умарнинг гапирмаганларини кўриб, гапиришни ўзим­га эп кўрмадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари айтиб бергач, ўйлаган нарсамни отамга айтдим. Отам эса: ўшанда айтишинг мен учун қизил туядан ҳам афзал эди”, деди». Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) Имом Бухо­рий ри­воят қилади. Ибн Аббос балоғат ёшига ет­маган эди. У зот айтади: «Умар (розияллоҳу ан­ҳу) мени ўзлари билан Бадр қатнашчилари олдига олиб кирар эдилар. Уларнинг баъзилари: “Бизнинг ҳам шу тенги болаларимиз бор-ку, нима учун бу бола­кай­ни олиб кираркин,” деган маънодаги норозиликлари сезилиб турарди. Шунда Умар: “Бу боланинг ким­ли­ги­ни биласизларми, деди, яъни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг ҳақига: “Уни динда фақиҳ қил­гин ва унга таъвилни ўргатгин”, деб қилган дуо­ла­ри­га ишора этди. Сўнг яна: Аллоҳ таолонинг “Ал­лоҳ­нинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида...” сўз­лари (Наср, 1) ҳақида нима дейсизлар? деб сўради. Баъзилари: “Аллоҳ таоло бизга нусрат бериб, фатҳни насиб этганида Унга ҳамд айтиш ва Ундан истиғфор сўрашга буюряпти”, дейишди. Бошқа баъзилари эса сукут қилишни афзал кўришди. Умар (розияллоҳу анҳу) менга: “Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аб­бос”, дедилар. Мен эса: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда ни­ма дейсан?” дедилар. Мен: “Бу Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ажаллари (аломати) бў­либ, Аллоҳ таоло уни у зотга билдирди”, дедим. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Иза жааа нас­рул­лоҳи вал фатҳ...” – бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ажалларининг аломатидир. Бу ҳақда мен ҳам бошқа нарса билмайман”, деди». Бир кун мўминлар амири Умар (розияллоҳу анҳу) Мадинаи мунввара кўчаларидан бирида кетаётган эдилар. Ўша кўчада ўйнаётган болалар орасида вояга етмаган Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам бор эди. Болалар Умарнинг (розияллоҳу анҳу) ҳайбатидан қўрқиб, қо­чиб кетишди.


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан