МУҚАДДАС ОИЛА (35-ҚИСМ)
АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (3-ҚИСМ)
Абдуллоҳ эса жим турди. Умар (розияллоҳу анҳу) унинг олдига келгач: “Нима учун болалар билан қочиб кетмадинг?” дедилар. У ҳозиржавоблик билан: “Жиноят қилибманми, сиздан қочсам. Шунингдек, йўл берай десам, йўл ҳам кенг-ку”, деб жавоб қайтарди. Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳайит куни ўғлининг устида эски, йиртиқ кийимни кўриб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўғли отасининг йиғлаётганини кўриб: “Эй мўминлар амири, сизни нима йиғлатди?” деди. У зот: “Эй болагинам, болалар сени ушбу кийимда кўрганида қалбинг ўксимасмикан, деб қўрқаман”, деди. Ўғил эса: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло ҳалок қилган ёки ота-онасига оқ бўлган кимсанинг қалбигина ўксийди, мен эса сизнинг розилигингиз туфайли Аллоҳ таоло рози бўлишидан умидворман”, деди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганларидан кейин олдиларига қутлаш учун элчилар кела бошлашди. Ҳижозлик элчилар орасидан ҳали ўн бир ёшга ҳам тўлмаган бир йигитча сўзга чиқди. Умар унга қараб: “Сен ортга қайтгин, сендан кўра каттароғи чиқсин”, деди. Йигит эса: “Аллоҳ таоло амирул мўмининни қўлласин, инсон икки кичик нарсаси – қалби ва тили билан инсондир. Агар Аллоҳ таоло бир инсонга сўзлагувчи тил, ёдлагувчи қалб бериб қўйган бўлса, гапиришга ҳақли бўлади. Эй амирул мўминин, агар иш ёшда бўлганида, уммат ичида ўтирган жойингизга сиздан кўра ҳақлироқ бошқа одам топилган бўлар эди”, деб жавоб берди. Умар унинг гапидан ҳайратланиб, қуйидаги мисраларни айтди: Билгин, инсон олим бўлиб туғилмас, Илмли эса жоҳил каби бўлмас. Қавмнинг илмсиз кексаси ёшдир, Гарчи ҳамма атрофида жам бўлса ҳам. Китобларда нақл қилинишича, халифа Маъмуннинг олдида бир ёш бола чиройли гапириб, саволларига гўзал жавоб берди. Шунда Маъмун унга: “Сен кимнинг боласисан?” деди. Бола: “Одобнинг боласиман, эй мўминлар амири”, деди. Маъмун унга қараб: “Қандай ҳам гўзал насаб”, деб қуйидаги мисраларни ўқиди: Кимнинг боласи бўлсанг ҳам ўргангин одобни, Одобнинг мақтови насабдан беҳожат қилади сени. Мана шу менман, деган йигит ҳақиқий йигитдир, Отам фалончи бўлган, деган йигит йигит эмасдир. Бир куни Маъмун девонхонага кириб, қулоғига қалам қистириб олган ёш болакайни кўрди ва ундан “Сен кимсан?” деб сўради. У “Мен сизнинг давлатингизда ўсган боламан, қилган меҳрибонликларингиздан фойдаланганман, сизга хизмат қилишдан умидворман, Ҳасан ибн Ражоман”, деди. Бундай гўзал жавобдан ҳайратланган Маъмун “Ақллар оддий нарсаларга синчковлиги билан бир-биридан фарқланади, оддийгина сўз бу болани мартабаларга кўтарибди”, деган маънодаги мисрани ўқийди. Ҳишом ибн Абдулмалик даврларида саҳроларга қаҳатчилик етди. Барча араблар унинг олдига йиғилиб келишди. Бироқ ҳеч ким у билан гаплашишга журъат қилолмас эди. Уларнинг орасида ўн олти ёшли Дарвос ибн Ҳубайб исмли ёш йигит бор эди. Ҳишомнинг кўзи унга тушиб қолди. Шунинг учун дарвозабонига: “Менинг олдимга ким киришни истаса, кирсин, ҳатто ёш болалар ҳам кираверсин”, деди. Бола унинг олдига кириб: “Эй мўминлар амири, бизнинг бошимизга уч йил мусибат келди. Биринчи йил ёғларни эритди, иккинчи йил гўштларни еди, учинчи йил иликларни қуритди. Сизларнинг қўлингизда ортиқча моллар бор. Агар у моллар Аллоҳ таолоники бўлса, бандаларига тарқатиб беринг, агар моллар бандаларники бўлса, йигитча ҳам бандаларнинг бири. Агар моллар сизларники бўлса, Аллоҳ таолонинг бандаларига садақа қилиб юборинг. Чунки Аллоҳ таоло садақа қилувчиларни мукофотлайди ва эҳсонли кимсаларнинг ажрларини зое қилмайди”, деди. Шунда Ҳишом: “Бу бола учта ҳақ борасида бизга бирор нарса қолдирмади”, деди ва саҳройиларга юз минг дирҳам тарқатишни буюрди. Унинг бор-йўқ мол-давлати ҳам мана шу эди. Бола: “Буни арабларнинг улушига қараб тарқатинг, уларнинг эҳтиёжларини қондиролмай қоласизми деб қўрқаман”, деди. Ҳишом эса: “Эй болакай, сенинг ҳам ҳожатинг борми?” деб сўради. Йигит: “Мусулмонлар оммасидан ортиқча ҳожатим йўқ”, деди ва қавмнинг мўътабари, ҳурматлиси бўлиб чиқиб кетди. Юқоридагилардан кўринади – солиҳ салафларнинг фарзандлари ноўрин уялиш, тортиниш ва хижолатпазлик иллатидан ҳоли тарбия топишган. Бунинг сабаби салафларнинг журъатли бўлганлари, болалари ҳам оталари билан умумий мажлисларга, дўсту биродарларининг, улуғларнинг зиёратларига борганларидадир. Бу каби ишлар фарзандларда журъат ва фасоҳатни уйғотади, онг ва тафаккурни ўстиради, камолот даражаларига кўтаради, фикрий етукликка эриштиради. Демак, ҳозир мураббийлар, айниқса, ота-оналар тарбиянинг ушбу мезонларини ҳам қатъий, мустаҳкам тутишлари, унга доимо амал қилишлари, фарзандларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмасликлари лозим. Шундагина ёшлар руҳида эркинлик, журъат, қатъият ва адолатпарварлик туйғулари улғаяди. Акс ҳолда, боланинг журъатсизлиги одобсизликка, тортинчоқлиги эса азиятга айланиб кетиши мумкин. Бунинг учун, аввало, ҳаё билан ҳижолатчиликни бир-биридан аниқ ажратиб олишимиз керак. Чунки булар бир-биридан айри тушунчалардир. Ҳижолат бўлиш, юқорида айтилганидек, боланинг тортинчоқлиги, ўз фикрлари билан ўралашиб, уни бировларга айтишга журъатсизлиги, ўзига ишончсизлигидир. Бу сифат одатда болани ҳақ гапни ўрнида айтишдан тўсади. Ҳаё эса исломий фазилат ва одоблардан бўлиб, ҳаёли бола доим ўз ўрнини билади, катталарни ҳурмат қилади. Қўрқув Бу каттаю кичик, эркагу аёлда мавжуд бўлган руҳий ҳолатдир. Агар у болаларда меъёрида бўлса, ижобий баҳоланади, чунки болани ҳар хил фалокатлардан ўзини эҳтиёт қилишга ва хавф-хатардан омонда бўлишига ундайди. Ўзини сабабсиз айбдор ҳис қилиш. Болаларда учрайдиган руҳий ҳолат бўлиб, у туғма ҳамда касаллик, нотўғри тарбия ёки оиладаги баъзи муаммолар оқибати бўлиши мумкин. Бундай ҳолат боланинг жамиятдан ажраб, боши берк кўчаларга кириб қолишига сабаб бўлади. Агар биз болада учрайдиган барча салбий ҳолатларнинг сабаблари ва исломий ечимларини ўрганадиган бўлсак, ушбу руҳий муаммони алоҳида тафсилоти билан кўриб чиқишимиз керак бўлади. Бола ўзини айбли ҳис қилишига олиб келадиган омиллар асосан қуйидагилардир: Таҳқирлаш. Ортиқча эркалаш. Болаларнинг биридан иккинчисини устун қўйиш. Тана аъзоларидаги нуқсонлар. Етимлик. Камбағаллик. Ҳақорат қилиш, таҳқирлаш болани руҳий хасталикка олиб келадиган, ўзига ишончини йўқотадиган сабаблардандир. Кўпинча болалар бирон ножўя иш қилиб қўйсалар, ота-оналари уларни қаттиқ койишади. Албатта, бола ўша ишни атайлаб эмас, билмасдан, ҳаётий тажрибанинг йўқлигидан қилиб қўяди. Баъзан мажбур бўлади ҳам. Ота-онасидан қўрққанидан, танбеҳ эшитмаслик учун ёлғон ҳам гапириб юборади. Шунда ота-она: “Сен ёлғончисан, икки дунёда ҳам одам бўлмайсан”, деб яна уришади. Аслида, боланинг ёлғон гапиришига, айбини бўйнига олмаслигига катталарнинг ўзи сабабчи бўляпти. Халқимизда “сен” ҳам, “сиз” ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бор. Бола ҳадеб “сен”ланаверса, силтанаверса, қўрс, “ичимдагини топ” бўлиб қолади. Болаларни, айниқса, ака-укалари, тенгдошлари, таниш-билишлар, қариндошлари олдида уялтирмаслик, койимаслик керак. Бу ҳол болани ўзига паст назар билан, бошқаларга эса адоват ва ҳасад билан қарайдиган қилиб қўяди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бундай воқеа бўлади: Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) олдиларига бир ота ўғлининг тарбиясидан шикоят қилиб келди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб, отасининг ҳақини поймол қилаётгани ва унга итоатсизлиги учун койиди. Шунда бола: – Эй мўминлар амири, отанинг зиммасида боланинг ҳақлари ҳам борми? – деб сўради. Умар (розияллоҳу анҳу): – Ҳа, бор, – деди. – Улар нималар, эй мўминлар амири? – деб сўради йигит. – Болага яхши она танлаш, унга чиройли исм қўйиш ва Қуръондан таълим бериш. Буни эшитиб, йигит ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳу) деди: – Эй мўминлар амири, отам буларнинг бирортасини ҳам қилмаган. Онам бир мажусийнинг қора танли чўриси бўлган, менга Жуъал (яъни, гўнг ейдиган қўнғиз) деб исм қўйган, Қуръондан бирор ҳарф ўргатмаган. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) отага қараб: “Сен болангнинг сенга оқ бўлаётганидан шикоят қилиб келибсан-у, лекин у сенга оқ бўлишидан олдин сен унга оқ бўлган экансан, у сенга ёмонлик қилишидан илгари сен унга ёмонлик қилган экансан”, деди. Бу қанчалик ибратли ҳикоят!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Усмонхон Алимов нинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан