1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (36-ҚИСМ) АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (4-ҚИСМ)

4-07-2020, 10:34 422 Ўқиш режими + -



МУҚАДДАС ОИЛА (36-ҚИСМ) 

АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (4-ҚИСМ)
  

Ота-она боласида бирон-бир қусур кўрса, сабабини аввало ўзидан қидирсин. Боладаги яхши хулқ ҳам, ёмон хулқ ҳам ота-онаси хислатларининг акс-садоси ҳи­собланади. Бола бир кўзгудир, унинг хулқига қараб, ота-онасига баҳо берилади. Бола ширин гапнинг гадоси, яхши гап билан илон инидан чиқибди, дейдилар. Яхши тарбия ҳалимлик ва сабр-тоқат мевасидир. Имом Аҳмад яхши иснод билан Абу Умомадан ри­воят қилишича, бир йигит Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расу­луллоҳ, менинг зино қилишимга рухсат берасизми?” деди. Буни эшитган саҳобалар бақириб юборишди. Шун­да Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни менга яқин келтиринглар... Менга яқин кел,” де­дилар. У йигит Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб ўтирди. Расулуллоҳ унга: “Онанг учун ҳам мана шу ишни ёқтирасанми?” дедилар. У йигит: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ мени сизга фи­до қилсин, асло йўқ,” деди. Шунда Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг барчаси шундайдир, бундай жирканч ишни оналари учун раво кўрмайдилар. Қизинг учун-чи?” дедилар. Йигит (яна): “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деди. Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Буни бошқа ин­сонлар ҳам қизларига раво кўришмайди. Синг­лингга раво кўрасанми?” дедилар. Йигит: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ,” деди. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “(Бошқа) инсонлар ҳам шун­дайдир, опа-сингиллари учун буни раво кўриш­майди...­”­ Шу аснода Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у йигитга аммаси ва холасини зикр қилдилар. Йигит эса, барчаси хусусида “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг кўкрагига муборак қўлларини қўйдилар-да: “Ё Аллоҳ, бунинг қалбини покла, гуноҳини мағфират қил ва фаржини (зинодан) сақлагин,” деб дуо қилдилар. Шунда у йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузур­ларидан зинодан кўра жирканчлироқ нарса йўқлигини англаб чиқиб кетди. Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) меҳрибонлик ва мулойимлик борасидаги васият­ла­ридан: Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта, Аллоҳ таоло рафиқ – меҳри­бондир, барча ишларда меҳрибонликни яхши кўради, дедилар”. Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қила­ди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким меҳ­рибонликдан маҳрум бўлган бўлса, барча яхшиликлар­дан маҳрум бўлибди”, дедилар. Хулоса қилиб айтишимиз мумкин, болани таҳ­қирлаш ва доимий равишда жеркиш уни руҳан майиб қилиб қў­я­ди. Болага танбеҳ бериш зарур бўлиб қол­ганида, наси­ҳат билан уни тартибга чақириш зарур. Болани ҳаддан зиёд эркалаш ҳам яхши эмас. Эрка бола ожиз ва нотавон бўлиб ўсади. Мақтов ва лаганбардорликка мойил бўлади, танқидни кўтара олмайди. Кўп нарсаларга шубҳа билан қараб, воқеа-ҳодисаларга холис баҳо беролмай, қийналади. Ўзини бошқалардан орқа­да қолаётгандек ҳис қилади. Ин­ти­лувчан ва шижоатли одам­лар олдида довдирайди, ўзини бир жойда қотиб қолгандек ҳис қилади. Демак, бола тарбиясида ҳалим, ширинсўз бўлишнинг ҳам чегараси бор, эркалаш, талтайтириш даража­сига ўтиб кетмаслиги зарур. Зеро, ҳамма нарса меъ­ёрида бўл­са, яхши натижалар беради. Айниқса, эркалатишни айрим оналар ҳаддан оши­риб юборадилар. Улар ширанинг ози яхши, кўпи заҳарга айланишини эсдан чиқариб қўядилар. Бундай ҳолни узоқ вақт фарзанд кўрмай юриб, болали бўлган ёки ёлғиз фарзандли оилаларда кўп учратиш мумкин. Тарбия оилада боланинг оз ёки кўплигига боғлиқ бўлмайди. Битта болага ҳам, ўнта болага ҳам ри­со­ла­да­гидек тарбия бериш лозим. Тарбиянинг юки ҳам­мага бирдай. Масъулияти оғир ва юксак. Болаларни ҳар хил кўнгилсизликлардан асраш ҳам катталарнинг бурчидир. Доктор Ғабранинг болалар орасида юз бериши мумкин бўлган айрим кўнгилсиз ҳодисаларнинг ол­ди­ни олишга қаратилган маслаҳатларидан баъзиларини так­лиф этамиз: – Оилада заҳарли кимёвий нарсаларнинг номи­ни идиши устига ёзиб, қулфланадиган жойда сақланг ва калитларни ишончли жойга беркитинг. Уларни омборхона ва таом сақланадиган жойларга қўйманг. Гап ҳашаротларни йўқотиш учун ишлатиладиган заҳарли дорилар ҳақида бораётганини тушунган­дирсиз. – Дори-дармонларни ҳам болаларнинг қўллари етади­ган жойларга қўйманг. Чунки дори ичишга ўрганиб қол­ган болалар бир ери оғриса, ҳар қандай до­рини ичсам тузалиб қоламан, деб ўйлашлари мумкин. Болага дорини қандайдир ширин ичимлик деб эмас, балки дори эканини аниқ айтиб бериш керак. – Болаларни саломатлиги учун хавфли бўлган сув иситадиган, овқат пиширадиган, дазмол, гугурт каби во­си­талардан узоқроқ тутинг. Шу билан бирга, соғлик учун хавфли анжомлардан эҳтиёт бўлишни тушун­ти­риш зарур. Эътиборсизлик туфайли бир йилда қан­чадан-қанча болалар ногирон бўлиб қолмоқда. Гугурт ўйнаш натижасида ёнғин чиқиб, нобуд бўлишяпти. Электр токи уриб, ҳаётдан кўз юмишяпти. – Игна, санчқи, қайчи каби асбоблар ҳам бола кўзидан нари бўлиши лозим. – Болалар орасида данак, тугмага ўхшаган нар­саларни отиб, оғизда илиб олиш ўйини пайдо бўлган. Биринчидан, ўша нарса томоққа кетиб қолиши мумкин. Иккинчидан, оғиздан чиққан нарсани қайтиб яна оғиз­га олиб бўлмаслигини болага тушунтириш керак. Шу­нингдек, ов­қатланган пайтда кўп гапирмаслик­­­ка ўр­гатинг, акс ҳолда овқат нафас йўлига кетиб, оғир оқибатларга олиб боришини айтинг. – Айрим ёш оналар чақалоқларини ёнларига олиб эмизганча ухлаб қолишади. Гўдакнинг нафас йўлини кўкраги билан тўсиб, бўғилиб қолишига сабаб бўлишади. Бола алоҳида ўз жойида ухлаши керак. – Болаларни юқори қаватли уйларнинг осма айвонлари, деразаларидан йиқилишдан асранг! – Кир ювиш, гўшт майдалагич, шарбат сиқиш машиналарини ишлатишда эҳтиёт бўлинг. Эътибор­сизлик натижасида болалар уларга бармоқларини ти­қиб олиб, ногирон бўлиб қоляптилар. – Болали уйда дарвоза ва эшиклар доим ёпиқ туриши керак. Чунки кичкинтой эмаклаб ҳовлига чи­қиши, чу­қурга, ариққа тушиб кетиши мумкин. Ҳатто, болалар ҳо­жатхонага, кир ўрага тушиб кетган ҳоллар ҳам бўлган. – Болали уй эшигини ёпишда, очишда ҳушёр бўлиш зарур: бола эшик тирқишига қўлини қўйиб ўйнаётган бў­лиши мумкин. – Шунингдек, ҳар бир рўзғорда бўладиган арра, болта, болға, омбир, мих ва шунга ўхшаган тиғли нар­са­­ларни эҳтиётлаб сақлаш, бола эсини таний бош­ла­гани­да улардан фойдаланиш йўлларини ўргатиб бориш зарур. Зикр қилинган тавсиялар ҳар куни керак бўла­ди­ган, жиддий эътибор қилинадиган ҳолатлардир. Ота-она­лар, боғча мураббийлари ва муаллимлар буларга риоя қи­лишса, келажагимиз бўлган ёш авлод вакил­лари соғ, ба­қувват вояга етадилар, иншааллоҳ. Бугунги кунда юртимизда тинчлик, хотиржамлик, қут ва баракалилик ҳукм сурар экан, бу – тўғри йўлга қўйилган таълим-тарбиянинг маълум даражада мева­си­дир. Буни бардавом қилиш яна ота-оналар, тар­биячилар зиммасидадир. Болага насиҳатнинг ўзи етарли бўлса, унга танбеҳ беришнинг кераги йўқ. Агарда танбеҳ бериш билан бола тузаладиган бўлса, уни калтаклашга ҳожат йўқ. Лекин унисиям, бунисиям самара бермаса, унда бадани кўкар­майдиган даражада уриб, пўписа қилиб қўйиш керак. Тарбияда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл ос­тингиздагиларга масъулсиз”, деган ҳадисларига риоя қилмоқ зарур. Ҳар сонияда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) суннатларига эргашиш лозим. Чун­ки Аллоҳ таоло у зотни энг чиройли, Қуръон хулқи эгаси қилиб қўйган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота­лар­ни фарзандлари ўртасида адолат ўрнатишга буюр­дилар. Имом Табароний ва бошқалар ривоят қилган ҳа­дис­да Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сов­ға бериш­да фарзандларингизни тенг кўринг”, ­­де­ган­лар. Ибн Ҳиб­бон ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Бола­сининг яхши иши­­да кўмаклашган отага Аллоҳнинг раҳмати бўл­син”, деганлар. Имом Бухорий ва Муслим Нўъмон ибн Баширдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, у зотни отаси Башир Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳу­зурларига олиб бориб: “Мен ушбу ўғлимга қул­ла­рим­дан бирини совға қилиб бердим”, деди. Расу­лул­лоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Барча бола­ла­рингга шу каби совға берганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деди у. Шунда Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни қайтариб ол”, дедилар. Бошқа бир ри­воят­да: “Бу ишингни бошқа болаларингга ҳам қил­ганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деган жавобдан кейин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қи­линг­лар”, дедилар. Нўъмон айтади: “Шундан сўнг отам уйга келиб, берган нарсасини қайтариб олди”. Яна бошқа бир ривоятда эса, Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Эй Башир, бундан бошқа ҳам фар­зан­динг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди у. Пай­ғам­ба­ри­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), “Уларнинг бар­ча­сига шу каби ҳадя берганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деди у. “Ундай бўлса, мен бундай зулмга гувоҳ бўлол­май­ман”, дедилар. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ҳузурларида бир киши ўтирган эди. Унинг ўғли келиб қолди. Ота ўғлининг юзларидан ўпиб, тиззасига ўтқазди. Шундан сўнг қизи келиб қолди. Уни олди тарафига ўт­қазди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иккаласини тенг кўрсанг бўларди”, дедилар. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) юқоридаги кўрсатмаларидан фарзандлар ўрта­си­да адолат ва тенглик ўрнатиш мезонлари ўрганилади. Ота-она ушбу мезонларга амал қилиш билангина фарзандларини тарбия қилиш асносида ўзларини жабру зулмдан сақлаб қоладилар. 


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан