1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҲАММАД СОДИҚ ҚОШҒАРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ (2-қисм)

6-07-2020, 09:33 1 752 Ўқиш режими + -

 


 МУҲАММАД СОДИҚ ҚОШҒАРИЙНИНГ 
ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ  (2-қисм)

 
 
            Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
          Муҳаммад Содиқ Қошғарий 
таржимон сифатида “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (“Тарихи Табарий”) асарини Ёркент ҳукмдори Мирза Муҳаммад Ҳусайн Ҳакимбек ибн Тожибек фармони билан араб тилидан[1] ҳамда “Тарихи Рашидий” асарини форс тилидан туркийга (уйғурчага) Юнус Тожибек ибн Искандарбекнинг амрига мувофиқ таржима қилган[2].  “Тарихи Табарий” таржимасининг муқаддимасида “Мирнома”, “Қиссос ал-анбия”, “Шоҳнома”, “Миърожнома”, “Равзад ас-сафо”, “Равзат ал-аҳбоб” китобларидан баъзи ривоятларни киритиб асарни бойитганлиги ҳақида маълумот берган. Ш.Закиров ва М.Қутлуковлар томонидан “Тарих ар-русул ва-л-мулук” асарининг XVIII асрда Қошғарий томонидан қилинган таржимасини қиёсий ўрганилган. Тадқиқот давомида асарнинг араб тилидаги асл матнига Хоразмда XIX асрда қилинган ўзбек тилидаги (инв. № 1229) ҳамда Кошғарийнинг туркий (уйғур) тилига таржимаси ўзаро солиштирилган. Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра туркий (уйғур) тилига қилинган таржима тўғри деб топилган[3]. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида “Тарих ар-русул ва-л-мулук” асарининг адиб қаламига оид таржимаси (инв. № 9470) сақланмоқда.

Қошғарий “Содиқо” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Хусусан, унинг қўлёзма асарларида адиб томонидан зўр маҳорат билан битилган ғазал, рубоий, байтлари кўп учрайди. Муҳаммад Содиқ шеърлари асосан туркий тилда ёзилган бўлиб, эски ўзбек ва уйғур тилларини ўрганишда ҳам катта аҳамиятга эга[4]. Унинг шеърларининг бир қисми шарқшунос олим В.П.Юдин томонидан “Асрлар садоси” тўпламида Олма-отада 1963 йилда эълон қилинган.

Муҳаммад Содиқ Қошғарий 1849 йилда вафот этган[5]. У Қашғарда Юсуф Хос Ҳожиб мақбараси ёнидаги қабристонга дафн этилган.

Шарқий Туркистон ҳамда Марказий Осиёнинг ўрта асрлардаги тарихи ҳақида қимматли маълумот берувчи Хофиз Таниш Бухорийнинг “Шарафномаи шоҳи”, Бобурнинг “Бобурнома”, Маҳмуд ибн Валийнинг “Баҳрул асрор”, Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон”, Мирҳалиддин Ёркендийнинг “Ҳидоянома” каби асарлар қаторида Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг “Тазкираи хожагон” асарини ҳам қайд этиш мумкин[6].

Манбаларда, Қошғарий “Тазкираи хожагон” асарини 1768-69 йиллари Қашқар мадрасаларида таҳсил олаётган даврда ёзганлиги айтилади[7].

 “Тазкираи хожагон” Ёркент ҳукумдори Осмонбек топшириғига биноан ёзилган. Асар ўзида XVI асрдан 1758 йилгача бўлган даврда Шарқий Туркистондаги маънавий сиёсий ҳаётни[8] акс эттиради. Шунингдек, унда Марказий Осиё, Хитой, Жунғория ва бошқа минтақалари билан олиб борилган сиёсий, маданий алоқалари, ҳожаларнинг сулолалари ҳақида қимматли маълумотлар берилади. Жумладан, унда Нақшбандия-хожагон тариқатидаги Қошғар хожаларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади[9].

Олимнинг туркий тилда ёзилган яна бир қимматли асари – “Одоб ас-солиҳин”. У муқаддима, етти боб ва кичик хотимадан иборат. Ҳар бир боб эса тўрт фаслдан ташкил топган. Ўз навбатида ҳар бир бобга баён этилаётган одобларга мувофиқ ном берилган. Булар жумласига “Изн сўраш, кўришиш ва сломлашиш одоблари”, “Ухламоқ, йўл юрмоқ ва отга минмоқ одоблари”, “Аҳли суҳбатнинг одоблари”, “Меҳмон кутиш одоблари” ва бошқалар киради. Фаслларга  ҳам ном берилган бўлиб, ҳар бир фасл бир неча қоидалардан ташкил топган.

“Одоб ас-солиҳин” асари бир неча марта нашр қилинган. Масалан, 1891, 1896 йилларда Истанбулда, 1889, 1901 йилларда Тошкентда қайта-қайта чоп этилган. Бу нусхалар тошбосма бўлсада, аслида хаттотлар томонидан кўчириб кўпайтирилган нусхалар ҳисобланади. Шунинг учун асарни кўчириш жараёнида йўл қўйилган айрим камчиликлар шу китобларнинг барчасида такрорланади. 1891 йил Истанбулда босилган нусха эса қайта ишланиб хатоликлари тузатилган нашрдир.

Ҳозирда асарнинг рус тилидаги таржимаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар фондида 2 нусхада сақланмоқда.

Минтақада  нақшбандия тариқати кенг тарқалгани боис асарда тасаввуф аҳлига тегишли кўрсатмалар ҳам ёритиб ўтилган. Айни пайтда, бу кўрсатмалар халқимиз кундалик турмуш тарзига сингиб кетганини кузатиш мумкин. Бу китоб Туркистон халқи орасида катта шуҳрат қозонган ва  илм аҳли орасида қадрланиб, кенг истифода этилган[10]. Этика (кодекс приличия) ва ислом ҳуқуқшунослиги бўйича қимматли қўлланма ҳисобланган мазкур асарлар мадраса ўқувчилари ва солиқ йиғувчиларга мўлжалланган. “Одоб
ас-солиҳин” асари Бурхониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Тож аш-Шарианинг “Ҳидоя”га ёзилган шарҳи бўлмиш “Кифоя фи шарҳ ал-Ҳидоя”, Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Тож аш-Шарианинг “ал-Виқоя” ва бошқа шу каби машҳур асарларга асосланиб ёзилган[11].

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу даврда барча мадрасаларда асосий фан сифатида “Қуръон”, “Тафсир”, “Одоб ас-солиҳин”, “Сабот ул-ожизин”, “Ҳадис” ўқитилган[12]. Хива хони Муҳаммад Раҳимхоннинг амри билан “Зубдат ул-масоил” ва “Одоб ас-солиҳин” асарлари котиблар томонидан кўчирилиб, Хива мадрасаларида таълим жараёнида кенг истефода этилган[13].

 

                 

 Қарши тумани “Фозил Ота” масжиди имом хатиби 
Бобоқулов Дилмурод Рустамовичнинг
 
“МУҲАММАД СОДИҚ ҚОШҒАРИЙНИНГ 
“ОДОБ АС-СОЛИҲИН” АСАРИНИНГ ЁШЛАР 
ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ” мавзусидаги 
 МАЛАКАВИЙ ИШИ” асосида тайёрланди

 

 

 


[1] Ахмедов Б.А. Материалы по истории Средней и Центральной Азии X-XIX вв. Т.: Фан, 1988. –Б. 5.

[2] Дмитриева Л.В., Мугинов А.Н., Муратов С.Н. Описание тюркских рукописей института народов Азии. Т-1. М.: Наука, 1965. –Б. 103. Стори  Ч.А  Персидская литература био-библиографичский обзор.  Т-3. М.: 1972. –Б 1204.

[3] Ахмедов Б.А. Материалы по истории Средней и Центральной Азии X-XIX вв. Т.: Фан, 1988. –Б. 5.

[4] Кутлуков М. Муҳаммад Содиқ Кошғарий. Т.: Ўзбекистон КП МКнинг нашриёти, 1968. –Б. 11.

[5] Стори  Ч.А  Персидская литература био-библиографичский обзор.  Т-3. М.: 1972. –Б 1204.

[6] Ахмедов Б.А., Кутлуков М.К. К выходу в свет “хроники” шах Махмуда Чураса // Общественные науки в Узбекистане. 1978й. № 1. –Б. 60.

[7] Кутлуков М. Муҳаммад Содиқ Кошғарий. Т.: Ўзбекистон КП МКнинг нашриёти, 1968. –Б. 3.

[8] Хасанов К. Чокан Валиханов как уйгуровед. Алма-Ата. 1963. –Б. 54.

[9] Саидахмедова И.А., Юнусходжаева М.Ю., Астанова Г.Ю. Агиографические сочинения как источник для изучения духовной и политической жизни Восточного Туркестана. //Из истории Средней Азии и Восточного Туркестана XV-XIX вв. - Т.: Фан, 1987. –С. 158.

[10] Лыкошин  Н.    Кодекс приличий на мусульманском востоке. Т.: 1895. –Б. 3.

[11] Саидахмедова И.А., Юнусходжаева М.Ю., Астанова Г.Ю. Агиографические сочинения как источник для изучения духовной и политической жизни Восточного Туркестана. //Из истории Средней Азии и Восточного Туркестана XV-XIX вв. - Т.: Фан, 1987. –С. 158.

[12] Ҳошимов К., Нишонова С., Педагогика тарихи. Т.: А.Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриёти, 2005. –Б. 175.