ЎЗИМИЗГА ҲАМ ЎЗГАЛАРГА ҲАМ ЗАРАР ЕТКАЗИШДАН САҚЛАНАЙЛИК
Мана ҳозирги кунларда бутун дунёда ҳам, юртимизда ҳам коронавирус пандемия хасталигининг хуружи авж олмоқда. Ва шу кунларда коронавирус билан касалланганлар сони юртимизда кескин кўпаймоқда. Мана шундай ҳолатда ҳар биримиз ўзимизга ҳам бошқаларга ҳам зарар бериб қўйишга жиддий аҳамият беришимиз зарур.
Ислом дини инсоннинг ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар беришидан, таҳликага солишдан қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” ( Бақара сураси, 195-оят)
Ва яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Исломда бировни ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ, ўзини ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ”деб, марҳамат қилганлар. Бу ҳадис лафзи қисқа бўлса ҳам Исломнинг мадори ҳисобланади.
Бугунги кунда карантин қоидаларга амал қилмаслигимиз, ўзимизни ва ўзгаларни таҳликага қўйиш ҳисобланади.
Бундан бир оз олдин карантин чоралари бир оз юмшатилганлигини нотўғри тушуниб, бепарволикка йўл қўйдик. Натижада вазият мураккаблашди. Ва жорий йилнинг 1 июл кунидан бошлаб карантин талаблари янада кучайтирилди.
Давлатимиз томонидан халқимизнинг, биз билан сизнинг соғлигимиз учун кўрилаётган чораларга оғишмай амал қилайлик. Карантин қоидаларига ҳамда шахсий гигиенага жиддий риоя этиш каби ишларимиз билан пандемиянинг тарқалашининг олдини олишда иншааллоҳ ўзимизнинг муносиб хиссамизни қўшган бўламиз.
Р. АКБАРОВ.