МУҲАММАД СОДИҚ ҚОШҒАРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ
(3-қисм)
Муҳаммад Содиқ Қошғарий асарларининг ўрганилиши
(1-қисм)
Машҳур олим ва сайёҳ Чўқон Валихонов “Тазкираи хожагон”ни Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарининг давоми деб ҳисоблаган.
Мазкур асарнинг турли вақтларда кўчирилган 7 та нусхаси Россия Фанлар академиясининг қўлёзмалар фондида[1] ва битта нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида (инв. № 45) сақланмоқда.
Бу асардан Чўқон Валихонов ўзининг Қашқария тарихига бағишланган асарларида фойдаланган.
Шунингдек, Ғарбий Европа илмий адабиётида ҳам “Тазкираи хожагон”дан келтирилган маълумотлар ёритилган. Асарни 1872 йилда Қироллик жўғрофия жамиятининг олтин медалига сазовор бўлган машхур британиялик сайёҳ Р.Б.Шоу инглиз тилига таржима қилган[2]. Шоунинг маълумотлари 1897 йили инглиз шарқшуноси Н.Илиас томонидан Ҳиндистонда нашр этилган[3].
Немис олими М.Хартман эса “Тазкираи хожагон”ни атрофлича шарҳлаган[4]. Ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган француз тадқиқотчиси Александр Папас ўзининг “Хонликлар ва халифат томон: XVII асрда Шарқий Туркистондаги Офоқ хўжа эшонлиги” номли тадқиқотида Қошғарийнинг “Тазкира-и Азизон” асаридаги маълумотлардан фойдаланган.
Рус шарқшунос олимлари ҳам бу асарни ўз тадқиқотларининг манбалари сарасига киритганлар. Жумладан, Л.И.Думан ўзининг “Аграрная политика Цинского (Манжурского) правительства в Синьцияне в конце XVIII века” деган асарида “Тазкираи хожагон”дан фойдаланганлигини зикр этган.
Яна бир рус академиги В.В.Бартольд ҳам ўзининг тадқиқотларида Қошғарийнинг мазкур асарига мурожаат қилганлигини кўришимиз мумкин. У “Тарихи Қошғар” асарида берилган маълумотларни “Тазкираи хожагон”да ва бошқа қимматли ёзма манбаларда келтирилган маълумотлар билан солиштирган[5].
Мазкур асар қирғизлар тарихига оид маълумотларни ёритувчи манба сифатида М.А.Салоҳиддинова томонидан ҳам ўрганилган[6].
А.А.Семёнов ўз каталогида “Тазкираи хожагон”нинг форс тилида ҳам нусхалари борлигини эслатиб ўтади[7]. Бунга кўра асар ўз замонасида жуда кенг тарқалган дейиш мумкин.
И.А.Саидаҳмедов, М.Ю.Юнусходжаева, Г.Ю.Астановалар “Агиографик асарлар Шарқий Туркистоннинг маънавий ва сиёсий ҳаётини ўрганувчи манба сифатида” номли тадқиқотларида Шарқий Туркистоннинг тарихига оид қатор асарлар билан бир қаторда Муҳаммад Содиқ Қошғарийнинг “Тазкира-и Азизон”, “Зубдат ал-масойил” ва “Одоб ас-солиҳин” асарларини тарихий муҳитни кўрсатиб берувчи манба сифатида қисқача ёритиб ўтганлар[8].
Қарши тумани “Фозил Ота” масжиди имом хатиби
Бобоқулов Дилмурод Рустамовичнинг
“МУҲАММАД СОДИҚ ҚОШҒАРИЙНИНГ
“ОДОБ АС-СОЛИҲИН” АСАРИНИНГ ЁШЛАР
ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ” мавзусидаги
МАЛАКАВИЙ ИШИ” асосида тайёрланди
[1] Кутлуков М. Муҳаммад Содиқ Кошғарий. Т.: Ўзбекистон КП МКнинг нашриёти, 1968. –Б. 14.
[2] Кляшторный С.Г., Колесников А.А., Басханов М.К. Восточный Турекстан глазами Европейских путешественников. Алма-Ата. 1991. –Б. 38.
[3] The History of the Khojas of Eastern Turkistan summarized from the Tazkira-I Khwajagan of Muhammad Sadiq Kashgari by late Robert Barkley shaw edited with introduction and notes bu N.Elias. Supplement to the journal of the Asiatic Society of Bengal. LXVI, I. Calcutta, 1897.
[4] M.Hartmann. Ein Heiligenstaat im Islam. Das Ende der Cagataiden und die Herrschaft der Chogas in Kasgarien. Der Islamische Orient. VI-X, Berlin, 1905.
[5] Бартольд В.В. Отчет о командировке в Туркестан // Сочинения. Т.VIII. – М., 1973. – С. 173-174.
[6] Кутлуков М. Муҳаммад Содиқ Кошғарий. Т.: Ўзбекистон КП МКнинг нашриёти, 1968. –Б. 9. М.А.Салахитдинова. Сочинение Мухаммад Садыка Кашгари «Тазкираи ходжаган» – как источник по истории киргизов». Известия АН Кирг. ССР 1959. т. I. выпуск I, стр. 93-125.
[7] Ўша асар ва бет. Семёнов А.А. Указатель персидской литературы по истории узбеков в Средней Азии. Т.: 1926. стр. 15.
[8] Саидахмедова И.А., Юнусходжаева М.Ю., Астанова Г.Ю. Агиографические сочинения как источник для изучения духовной и политической жизни Восточного Туркестана. //Из истории Средней Азии и Восточного Туркестана XV-XIX вв. - Т.: Фан, 1987. –С. 149-162.