Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳаёти ва илмий фаолияти
(6-қисм)
Мутаассиб гуруҳларнинг салбий оқибатлари
(2 -қисм)
Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган ўтакетган мутаассибларнинг экстремистик ҳатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиб бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нисбатан хурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-харакатларни бирлаштиришни тақозо этмокда.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доим қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари ҳисобланган Қуръони карим оятлари ва Суннатдаги ҳадиси шарифларда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланади. Чунки бу иллат турли турли замонларда ҳар хил номлар остида динимизга тасвирлаб бўлмас даражада зарар етказган, бу ҳол ҳозир ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда. Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: “ Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ (с.а.в)уйга кириб келиб: “Бу аёл ким?” – деб сўрадилар. “Бу ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”, – дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг кўп намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етгунича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин![1]” – дедилар. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетишдан ёҳуд мутаассибона биронта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажара олмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра, мўътадиллик йўлини танлаш яхшироқ эканлиги маълум бўлади. Пайғмбаримиз (с.а.в) мазкур ҳадис орқали динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрганлар.
Қарши шаҳари “Қиличбек
Қўрғонча” масжиди имом хатиби
Райхонов Рамзиддиннинг
“МУҲАММАД САИД РАМАЗОН БУТИЙНИНГ ҲАЁТИ,
ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ВА АСАРЛАРИДА МУТААССИБ
ОҚИМЛАРГА БЕРГАН РАДДИЯЛАРИ”
мавзусидаги МАЛАКАВИЙ ИШИДАН ОЛИНДИ
[1] Sahih Buhoriy. –T.:”O`zbekiston milli ensiklopediyasi” Davlat milliy nashriyoti, 2008. 1-juz. –B.184