1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (37-ҚИСМ) АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (5-ҚИСМ)

9-07-2020, 09:53 285 Ўқиш режими + -




МУҚАДДАС ОИЛА (37-ҚИСМ) 

АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (5-ҚИСМ) 


Боладаги жисмоний нуқсонлар ҳам уни руҳий тушкунликка солиб қўйиши аниқ. Бундай бола одатда ўзини ожиз ҳис қилади ва унда норозилик кучли бўлади. Ота-она, ака-ука, опа-сингиллар, қўни-қўшнилар ва қарин­дош-уруғлар унга нисбатан меҳршафқатли, очиқ юзли бўлишлари лозим. Зеро, Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Раҳмон бўлган Зот раҳмлиларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга раҳм-шафқат қилинглар, шундагина Олий зот сизларга ҳам раҳм қилади”, деганлар. Етимлик ҳам болалар руҳиятига қаттиқ таъсир қила­диган ҳолатлардандир. Ислом дини етимларга алоҳида эътибор билан қарай­ди, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига ай­лантиришда меҳр ва оқибатни биринчи ўринга қўяди. Қуръони каримда етимларга ғазаб қилмаслик ҳақида бундай де­йилади: Яъни, «Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!» (Зуҳо, 9). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам одамларни етимларни ўз кафолатларига олишга ун­да­ганлар. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳа­дисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда шундай бўлади”, деб икки бармоқларини бир қилиб кўрсатганлар. Камбағаллик Бу омил боланинг ўзгалардан ажралиб қолиши­даги энг катта сабаблардандир. Кўзини очиб ота-онасини оғир аҳволда ва оиласини танглик, сиқилган ҳолда кўравериш унинг одамовилигини, кўпчиликдан бегона­ла­шувини ку­чайтиради. У яқинлари ёки қўшни бола­лар, мактабдаги дўстлари олдида ўзининг етишмовчилигидан, доимий ғамгин ҳолатидан ич-ичдан эзилади. Ўзини яширгани жой тополмай юради ёки аксинча, “омади” чопганларга нисбатан ғаразини очиқ намойиш қилиш пайида бўлади. Агар оиладаги вазият шундай давом этаверса, бу ҳолдаги боланинг руҳан етук бўлиб улға­йи­шини кутиш, албатта, қийин. Шубҳасиз, у жамиятга наф­рат ва ғазаб кўзи билан қарайди. Шу тариқа шакл­ланган феъл-атвор оқибатида эзгу орзу-ниятларидан умид узиб, яхши ўй-хаёлларини ёмон ғаразларга ал­маштиради. Аҳмад ибн Муниъ ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда келганидай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида ҳамма вақт камбағалликдан паноҳ тилаганлар. Насоий ва Ибн Ҳиббон Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиш­лари­ча, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Парвар­дигорим, мен сендан кофирлик ва камбағалликдан паноҳ тилайман”, деб муножот қилар эдилар. Ислом дини фақирликни икки асосий йўл: ин­сонийлик шаънини эъзозлаш; ижтимоий бирдамлик қоидалари билан даволайди. 
1. Инсонийлик шаънини эъзозлаш Ислом дини жамиятга эътибор ва инсонийлик шаънига ҳурмат жиҳатидан жинси, ранги, ирқи ҳар хил одамларга бир хил муносабатда бўлади. У инсон­лар ўртасида тақво, натижа ва яхши амалда фазилат бўлади деган улуғ қоидани то қиёматгача жорий қил­ган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сиз­лар­ни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қи­либ қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) му­каррамроғингиз тақводорроғингиздир...» (Ҳу­жу­рот, 13). Ислом таълимоти инсоннинг жисмига ва суратларига эмас, балки унинг қалбига ва амалларига боқади. Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурай­радан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “...Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингиз ва жисмларингизга қарамайди, лекин қалб­ларингиз ва амалларингизга қарайди”. Динимиз кучсиз ва фақирларни камситишга қодир бўлганларни бундай ёмонликдан қайтаради, уларга ғазаб қилишни Аллоҳга ғазаб деб қоралайди. Имом Муслим ривоят қилади. Абу Суфён бир неча (одамлар) ичидан Салмон, Суҳайб ва Билол ҳузурла­ри­га келди. Улар: “Аллоҳга қасам, Аллоҳнинг қилич­лари Аллоҳ душманларининг бўйнидан оладиганини олмади”, деб айтдилар. Абу Бакр: “Бу сўзни қурайш­нинг шайхи ва улуғига айтасизларми?” деди. Сўнгра келиб, Пайғам­баримизга (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) сўзлаб берди. У зот: “Эй Абу Бакр, балки сиз уларга ғазаб қилган­дирсиз, агар уларга ғазаб қилган бўлсангиз, Раббингизга ҳам ғазаб қилган бўласиз”, дедилар. Сўнгра Абу Бакр уларнинг ёнига келиб: “Эвоҳ, биродарларим, мен сизларга ғазаб қилдимми?” деди. Улар: “Йўқ, Аллоҳ сизни кечирсин, биродар”, де­йишди. Бу ривоятдан, бир томондан, бошқа диндаги инсонга тазйиқ ўтказмаслик ва унинг тарафини олиш тушунилса, бошқа томондан, мусулмон ғазаб қил­маслиги лозимлиги англашилади. 
2. Ижтимоий бирдамлик қоидалари Шубҳасиз, Ислом дини камбағаллик мушкулот­ла­ри­ни ечишда ожизларга, ночорларга, оғир машақ­қат­лар етганларга эътибор берадиган бирдамлик қоидала­ри­ни тузди. Жамиятда камбағалликни кетказишга хиз­мат қилувчи ана шу йўл-йўриқларнинг айримларини кўриб чиқамиз. Мусулмончиликда фарз амал – бойлардан закот йиғиш жорий этилган ва бу маблағ ҳақдорлари – камбағал, мискин, мусофир, қарздорга ва қул озод этиш учун сарф этилиши белгиланган. Аллоҳ таоло: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мис­кин­лар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод эти­лув­чи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўлов­чига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба, 60), деб баён қилган. Имом Табароний ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ мусул­мон­лар­нинг бойлари зиммасига молларидан камбағалларга бе­ришни фарз қилди, камбағаллар оч ва яланғоч қол­ганларида бойлар берганидан бошқага кучи етмайди. Огоҳ бўлинг, албатта, Аллоҳ сизларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилур...” дедилар». Ислом дини ён қўшниси оч­лигини билатуриб, ўзи тўқ ётган мусулмонни му­сулмон деб эътиборга олмайди. Батаҳқиқ, Баззоз ва Та­бароний Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У зот (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшниси очлигини билиб туриб, ўзи тўқ ётган қўшни менга имон келтирмабди”, дедилар. Балки, Ислом унга ёрдам беришни ва қувонч ула­шиш­ни Аллоҳга яқин бўлишнинг гўзал йўли ва амал­ларнинг энг афзалидан, деб эътиборга олади. Табароний “Авсат” номли китобида ҳазрат Умар­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Амал­ларнинг афзали мўмин кишига хурсандчилик улашиш: кийин­тириш ёки қорнини тўйдириш ёки ҳожатини раво қилишдир”. Бахтсиз ва очларга қийинчилик вақтида ёрдам бериш муҳим вожиблардан ҳисобланган. Имом Бу­хорий Абдураҳмон ибн Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Суффа аҳли фақир инсонлар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким­нинг ҳузурида икки кишига етадиган овқат бўлса, учинчи кишига берсин ва кимнинг ҳузурида тўрт кишилик таом бўлса, бешинчи ёки олтинчи ки­шига берсин”, дедилар». Имом Муслим Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу), у киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимнинг ортиқча улови бўлса, улови йўққа берсин, кимнинг ортиқча таоми бўлса, таоми йўққа берсин”. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) молларнинг барча тур­ла­рини шу тарзда айтиб ўтдилар. Ҳатто бизларнинг ҳар биримизга бир ортиқча нарса мансуб бўлди. Яъни, ҳар биримизда ортиқча нарса борлигини билиб қолдик ва дарҳол уни тарқатиш ҳаракатига тушдик». Ислом дини ишлашга қурби етадиган кишилар учун иш йўлларини тайёрлаб беришни ҳокимлар зим­масига вожиб қилиб қўйди. Абу Довуд, Насоий ва Термизий ривоят қилади: «Ансорийлардан бир киши Пайғамбаримизга (сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) келиб, садақа сўради. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйингда ҳеч нарсанг йўқми?” деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ, бир кўрпа бор, бир қисмини ёпинаман, бир қисмини тўшайман. Бир косам бор, унда сув ичаман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У иккаласини олиб кел”, дедилар. У икки нарсани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларига олиб: “Буни мендан ким сотиб олади?” дедилар. Бир киши туриб: “Иккаласини бир дирҳамга сотиб оламан”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир дирҳам қўшади?” дедилар. Бир киши: “Мен иккаласини икки дирҳамга оламан”, деди. Унга иккаласини бердилар ва икки дирҳамни олиб, ансорийга тутқаздилар ва: “Бир дирҳамига егулик сотиб олгин, иккинчисига болта сотиб ол ва менга олиб келгин”, дедилар. Болтани олиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари унга даста ўрнатдилар, сўнгра: “Бор, ўтин териб сотгин, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу ишни қилди ва 10 дирҳам пул йиғди. Унинг баъ­зи­си­га кийим ва баъзисига егулик сотиб олди. Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу тиланчилик қилишингдан яхшидир. Тиланчилик қиёмат куни юзинг­да доғ бўлади”, дедилар». Ислом дини янги фарзанд туғилган оилага нафақа – пул бериш қонунини жорий қилди. Туғилган чақалоқ ҳоким ёки ҳукумат ходими, оддий ишчи ёки оддий одам фарзанди бўладими, барибир. Абу Убайд “Ал-амвал” китобида ҳазрат Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. У киши ҳар туғилган фарзанд отасига 100 дирҳам миқдорида ҳадя ажратди. Фарзанд улғайгани сайин ҳадяни зиёда қилди. Бу тартиб сўнг Усмон (розияллоҳу анҳу), Али (розияллоҳу анҳу) ва бошқалар даврларида жорий бўлиб турди. Бу Ислом дини мусулмонлар қалбига, ҳис-туйғуларининг туб-тубига, виждонининг ич-ичига илдиз отган маънавий тарбия мевасидир. Бундай тарбия жамиятни бир-бирига ёрдам бериш ва ўзаро бирдамликка, имон, рағбат билан ихтиёрий ва чин кўнгилдан яхшилик қилишга ундайди. Мусулмон жамиятидаги бирдамлик, меҳрибонлик ва ўзаро ёрдам беришнинг тарихий намуналари бунга катта далилдир. Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: “Мадинада бир гуруҳ инсонлар истиқомат қилардилар. Улар ниманинг ҳисобига яшаётганларини ва уларга ким егулик етказиб бераётганини ҳеч ким билмасди. Зайнул Обидин ибн Ҳусайн вафот этгач, бу егуликлар келмай қолди. Шунда билишди, егуликларни у киши кечаси бериб кетар экан. Зай­нул Обидинни дафн этаёт­ганларида, унинг елкаларида бева ва мискинлар учун юк ташишдан қолган изларни кўришди”. Лайс ибн Саъд етмиш минг динордан зиёд қий­матга эга бир йиллик ғаллага эга эди. Бу ғалланинг ҳаммасини садақа қилди. Одамлар унга: “Ҳеч закот вожиб бўлмайди”, дейишди. Бир кун кимошди савдосида бир ҳовли сотиб олди. Уйни қабул қилиб олиш учун борган унинг вакили уйда етим ва гўдак болаларни кўрди. Улар Аллоҳ йўлида уйни беришни сўрадилар. Бу хабар Лайсга етказилди. Шун­да Лайс уй ва ундаги ҳамма нарсани берганини вакилига айтиб, уларни хабардор қилишни буюрди. Абдуллоҳ ибн Муборак улуғ имом, муҳаддис ва кўп са­дақа қилувчи киши эди. Бир йиллик са­да­қаларининг миқдори юз минг динордан ошарди. Бир куни ас­ҳоб­ла­ри билан ҳаж қилишга йўлга чиқдилар. Бир шаҳардан ўтаёт­ганларида, йўлда қуш ўлигини кўрдилар. Аб­дул­лоҳ ибн Муборак ҳамроҳларига уни ахлат чуқурига олиб бориб ташлашни буюрдилар. Шериклари олдин­да, Абдуллоҳ орқаларидан юриб ахлат чуқурига етишгач, у ерда бир аёлни кўрдилар. Яқин қишлоқдан бўлган бу аёл улар ташлаган қушни олди. Ундан: “Нега олдинг?” деб сў­рашганида, у: “Мен ва акам камбағалмиз, бизни ҳеч ким билмайди”, деди. Ибн Муборак юкларни кел­тиришни буюриб, вакилидан қанча маблағ борлигини сўради. “Минг динор”, деб жавоб берди вакил. Ундан Марвга етиб боришга етадиган йигирма динорни аж­ратиб, қолганини аёлга беришни амр қилганидан сўнг: “Бу бизнинг шу йил ҳаж қилмоғимиздан афзалдир”, деди ва ортига қайтди. Давлат, жамият ва инсонлар куч-қудратини кам­ба­ғал­ликни кетказиш йўлида ишга солиб, ўзаро бир­дам­лик­да ҳаракат қилинса, фақир ва муҳтожлар қол­май­ди. Ислом уммати тинчлик, тўқлик ва ўзаро бирдам­лик, хотиржамлик соясида фаровон яшайди. Жамият фарзандлари турли хил жиноятлардан ва руҳий ка­салликлардан омонда бўлади ва биз исломий иззат байроғи улуғ ва юксак чўққида ҳилпираб турганини, мў­минлар Аллоҳ ёрдамидан шод-хуррамлигини кў­рамиз. 


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан