КАРАНТИНДА КИМ УЧУН ФОЙДА БОР?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Маълум бир мақсад ёки ҳожатингиз билан йўлда кетар экансиз, таъбимизни хира қиладиган ҳолатларга гувоҳ бўласиз. Йўл четида тўп-тўп бўлиб, қарта ёки нарда ўйнаб турган акахонларимиз карантин талабларининг уларга алоқаси йўқдек гуё. Аслида карантин талаблари ким учун нима сабабдан жорий қилинган деган саволни берсангиз касалликдан сақланиш учун деган жавобни эндигина мактаб остонасига қадам қўйган бола ҳам айтади. Наҳот икки дунёйимиз учун манфаатсиз бўлган нарсалар, бизнинг саломатлигимиздан азиз бўлса. Биз қизиқиб ўйнаб ёки тамошо қилиб турган ўша ўйинлар бизга нима олиб келади, Аллоҳга осийликдан ўзга нарса эмас. Аслида шу нарсаларга вақтимизни сарфлаганимиздан кўра, бутун дунё халқини ва юртдошларимизни бу балолардан тезда халос қилишлигини сўраб, бало юборган Зотга дуо қилиб, содир этган гуноҳларимизга тавба қилайлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча дуо қилганларида:
“Аллоҳим! Мен сендан сиҳат-саломатликни, иффатни, омонатни, ҳусни-хулқни ва қадарга рози бўлишни сўрайман”,- дер эдилар.
Аллоҳ таолонинг севимли ҳабиби саломатлик неъматининг қадрини умматларига қанчалик азиз ва қадрли эканлигини билдиришлик учун дуоларида буни эслатиб ўтмоқдалар. Чунки, инсон жисми ва қалби турли хил хасталиклардан пок бўлса, Аллоҳ таоло у инсонга кўп яхшиликларни ато қилган бўлади. Ҳадиси шарифнинг матнига эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи бўлиб, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам саломатлик сўраяптилар. Ваҳоланки, У Зот, тана аъзолари ва қалблари турли хил иллатлардан саломат, иффатлик, омонатлик, хулқлари энг гўзал ва тақдирга рози бўлишликда ҳам барча яратилган бандаларнинг орасидаги энг афзал зот эдилар. Хўш, унда бу дуони У Зот нима учун қилганлар? Албатта, бизларга таълим учун. Дарҳақиқат, дард келганда дуо қилишлигимиз керак. Дард кўтарилган пайтда ҳам Роббимизни доимо ёддда тутишимиз керак. Айримлармиз ҳудудимиз яшил бўлгани учун дуо қилишни ёдимиздан чиқардик, беҳуда ва бекорчи нарсаларга вақтимизни сарлай бошладик.
Ислом динининг бош мақсадларидан бири, киши зарардан ўзини олиб қочишдир. Мусулмон одам, асло бировга зарар бермаслиги ҳамда ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги керак. Бировга зарар етказиш гуноҳ, аммо ўзини таҳликага қўйиш ундан ҳам катта гуноҳдир.
Пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: "Исломда бировни ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ, ўзини ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ". Ҳадиснинг маъноси ҳам жуда кенг бўлиб, ҳар қандай зарарли, таҳликали ҳодиса, иш, хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик кабиларни ўз ичига олади.
Мана шу кунларда, дунёда хам, юртимизда ҳам коронавирус пандемияси қайтадан авж олмоқда. Бу каби ҳолат ҳаммамизни янада хушёрроқ бўлишга чақиради. Зеро, эҳтиётсизлигимиз, лоқайдлилигимиз сабабли қанча инсоннинг саломатлиги хавф остида қолишлиги мумкин.
Азиз юртдошлар, мана шундай синовли дамларда донолик билан иш тутган инсонлар кўплаб манфаатларга эга бўлади. Манфаат деганда биз фақатгина моддий бойликнигина тушунишлигимиз керак эмас. Аслида энг катта бойлик бу саломатлигимиз ва фарзандларимиз ва яқинларимизнинг ёрқин чеҳрасидир. Ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик. Пандемиянинг зарарини, ёйилишини камайтириш бўйича мутахассислар тавсия этаётган талабларга, крантин қоидаларга қатъий риоя этайлик.
Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг мўъжаз каломида Ўзига, Расулига ва ўз ораларимиздан бўлган иш эгаларига итоат қилишликка буюрган.
Карантин талабларига риоя қилишлимиз билан оила аҳлимизнинг қолаверса, барча юртдошларимизнинг саломатлигига бефарқ бўлмаган бўламиз.
Бекзод НАРҚУЛОВ
Чироқчи туман бош имом хатиби