САБР-ҚАНОАТЛИ БЎЛАЙЛИК
2163
13-07-2020, 18:33
451
Ўқиш режими
+
-
САБР-ҚАНОАТЛИ БЎЛАЙЛИК
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “сабр” сўзи “тийилмоқ, чидамоқ ва тутмоқ” каби сўз маънолар билан изоҳланади.
Диний адабиётларда эса нафсни жазавага тушиш ва ҳаддан ошишдан тийиш маъноси тушунтирилади. Уламолар сабрни кенгроқ тушунтириб, қийинчилик ва мусибат пайтида тилни ортиқча арзи ҳол қилмаслик, азиз нарсасидан ёки кишисидан айрилганда дод-вой солмаслик, деб уқтирадилар.
Истаймизми, йўқми Аллоҳ бандаларини ўзининг синовлари билан сабрини имтиҳон қилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта , Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.” (Бақара сураси, 155-оят)
Мусибат ва синовларга сабр қилишимиз иймонимизни мустаҳкамлайди. Аллоҳ Таоло сабр қилган бандаларига ўз марҳаматини кўрсатади.
Алишер Навоий сабр билан кўп вақтдан бери битмаган иш ечими топилишини, шошиб сабр қилмаган киши адашиши мумкинлигини ўз асарларида келтириб ўтган.
Манбаларнинг бирида “Ҳар ким ҳодисалар ёмғири остида ўзини сабр қалқони билан ҳимоя этса, мақсадга етади. Чунки сабр шодлик калитидир. Бу калитсиз ҳеч қандай мақсад калити очилмайди” дейилади.
Ҳаётимизга назар солсак, ҳар қадамда сабрнинг турли кўринишига дуч келамиз. Муҳаммад Саллоллоҳу алайҳи ва саллам “Мўминга сабрдан кўра каттароқ ва хайрлироқ амал йўқ” деганлар.
Айни кунларда дунё аҳолиси коронавирус пандемия хасталиги хавфига учраб турибди, мана шундай сабрни синаладиган кунларда Аллоҳ барчамизни сабрли бандалари қаторида қилсин!
Бадихон домла Баратов
Чироқчи тумани
“Уймовут ота” жоме масжиди имом хатиби