Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳаёти ва илмий фаолияти
Мутаассиб гуруҳларнинг салбий оқибатлари (7 -қисм)
Италиян тадқиқотчиси К.Жиоржио ислом хукмрон бўлган даврдаги бошқа самовий дин соҳибларининг аҳволи ҳақида шундай ёзади: «Гарчи ҳижратнинг тўққизинчи йилидаёқ Ислом дини бутун араб жазирасини қамраб олган бўлсада, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам яҳуд ва насороларни ўз динига киришга мажбур қилмаган. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Нажрон бош эпископи Абулҳорисга ёзган мактубларида Ислом келгач, араб ярим оролида насороларнинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабар берганлар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган диний бағрикенглик сиёсати кейинчалик У зот халифаларининг ҳам қоидасига айланди. Улар ҳам ўз навбатида ўзга самовий дин вакилларига ҳурмат ва шафқат билан муносабатда бўлишди, Мағрибу Машриқни эгаллаган ислом ўлкаларида ўзга дин вакиллари ҳам мусулмонлар ҳимоясида бемалол ўз динларига амал қилиб яшадилар. Бундай мисли кўрилмаган бағрикенглик ҳаттоки, Ғарб шарқшунослари томонидан хам тилга олинган. Улар ислом бағрикенглиги билан салб юришларидаги хунрезликларни мисол қилиб, исломнинг бошқа динлардан кўра бағрикенгликда пешқадам эканини ўз китобларида эътироф этганлар.
Жумладан, шарқшунос Мишун ўзининг «Салб юришлари тарихи» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Ислом бошка дин вакилларига нисбатан бағрикенгдир. У патриархларни, руҳонийларни ва уларнинг ходимларини ҳар қандай солиқлардан озод қилган, ибодатга берилганлари учун уларни урушни ҳам ўлдиришни ҳам ман қилган.
Мазкур шарқшунос ўзининг «Шарқ сари диний саёҳат» номли бошқа китобида насоролар бағрикенглик ва олижанобликни, ўзгалар билан ҳусни муомалани кўп ҳолларда мусулмонлардан ўрганганликларини ёзади: “Насоролар таомул руҳдани ва ҳусни муомала фазилатларини мусулмонлардан ўзлаштирганликлари ғоят ачинарли бир ҳолдир. Холбуки, мазкур фазилатлар барча халкларда мурувват ва эҳсон қоидаларининг энг муқаддаси ҳисобланади. Мана шуларнинг барига мусулмонлар уз пайғамбарлари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълими туфайли эришганлар”[1].
Қарши шаҳари “Қиличбек
Қўрғонча” масжиди имом хатиби
Райхонов Рамзиддиннинг
“МУҲАММАД САИД РАМАЗОН БУТИЙНИНГ ҲАЁТИ,
ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ВА АСАРЛАРИДА МУТААССИБ
ОҚИМЛАРГА БЕРГАН РАДДИЯЛАРИ”
мавзусидаги МАЛАКАВИЙ ИШИДАН ОЛИНДИ
[1] Шарқ сари диний саёхат асари