МУҚАДДАС ОИЛА (39-ҚИСМ)
ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ (2-ҚИСМ)
2. Фарзандлар ўртасида одил бўлиш. Маълумки, ота-она фарзандлар ўртасида муомалада тенг, ҳадялар улашишда одил бўлса, улар ҳасадни билмайди, қалбида очкўзлик ва адоват офатларига ҳам ўрин қолмайди, ака-укалар ўзаро муҳаббатда ва бир-бирини тушуниб яшайдилар.
3. Ҳасад уйғотувчи сабабларни бартараф қилиш. Ота-она, мураббий фарзанд тарбиясида доно бўлиши керак. Бу ёш қалбдаги очиқ ҳасадни йўқ қилишда энг фойдали воситадир. Оилада янги меҳмон дунёга келгач, катта фарзанд ўзини отаонанинг эътибори, меҳр-муҳаббатидан четда қолгандек ҳис этмаслиги керак. Агар шундай ҳолат юз берса, бас, ота-она бор кучини фарзандини аввалгидек яхши кўришларини билдиришга сарфлаши лозим. Ота-она фарзандларидан бирини аҳмоқликда айбласа ёки ҳақорат сўзлари билан нафсониятига тегса, унинг қалбида ҳасад ва очкўзлик учқунини пайдо қилади. Шундай экан, мураббийлар озорли, аччиқ сўзлардан тилини сақлашлари лозим. Ота-оналар доимо огоҳ бўлишсин, фарзандни ҳасадчи бўлиб қолишдан сақлашсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳасад борасида бундай дейдилар: “Ҳасаддан сақланинг, чунки ҳасад яхшиликларни олов ўтинни егандек ейди”. Табароний ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар доим яхшиликда бўладилар, модомики ҳасад қилмасалар”, дедилар. Сўнг яна: “Ҳасадчи мендан эмас”, дедилар. Фарзанддаги ҳасадни муолажа қилишда ота-оналар ва мураббийлар бу тарбия қонун(асос)ларига муҳтождир. Шубҳасиз, агар улар ўзларига шу қоидани дастуруламал деб билсалар ва ўша қоидаларни турмушга татбиқ этсалар, фарзандлар софдил, беғараз ва ихлосда вояга етадилар.
4. Очиқ ғазаб. Ғазаб – руҳий ҳолат. Гўдак очиқ ғазабни ҳаётининг аввалидаёқ сезади ва умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлади. Очиқ ғазаб инсонга туғилганиданоқ ҳамроҳ экан, унинг ҳар қандай кўринишини жирканч ва ёмон иллат деб баҳолаш хатодир. Чунки Аллоҳ таоло инсонни яратганида унга сезги ва ҳис-туйғу ато этди. Бу етук ҳикмат ва ижтимоий манфаат учундир. Ғазабнинг фойдалари Инсон ўзини ҳимоя қилиши, динини ва обрў-эътиборини муҳофаза қилиши, Ватанини душманлардан ва фитналардан муҳофаза этиши керак. Агар инсонда очиқ ғазаб бўлмаса, у Аллоҳ ҳаром қилган ҳукмларга амал қилмаётганларга ёки Ислом динини ҳақоратлаётганларга, Ватан душманларига қарши ғазаб ва нафрат қилмаган бўларди. Шубҳасиз, бундай нафрат ўз ўрнидаги ғазабдир. Баъзи ҳолларда бундай ғазаб Расулуллоҳда (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кузатилган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида келтирилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига Аллоҳ ҳаддини қоим қилишдан қайтариш учун бир киши шафоатчи бўлиб келганида, у зот ғазабландилар ва юзларида ғазаб чизиқлари пайдо бўлди. Сўнгра қуйидаги сўзларни айтдилар: “Сизлардан аввалги қавм улуғлари ўғрилик қилганида жазоламай, заифлари ўғрилик қилганида уларга жазо (ҳад) қоим қилиб, ҳалок бўлди. Аллоҳга қасам, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса, албатта унинг қўлини кестираман”». Табароний Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари учун ўч олганларини кўрмаганман. Фақат Аллоҳга ҳурматсизлик қилганлардан ўч олганлар. Агар Аллоҳга бирон киши осий бўлса, унга қаттик ғазаб қилардилар. У кишига иккита иш тўғри келса, енгилроғини танлардилар. Агар унда Аллоҳнинг ғазаби, норизолиги бўлса, ундан энг узоқ одамлардан бўлар эдилар”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табиий, очиқ ғазабини яхши мақсадга йўналтирганларни ва ғазабини ютганларни, ғазабланганида ўзини тута олганларни мақтаганлар. Имом Бухорий ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот (алайҳиссалом): “Ғазаб қилма”, дедилар ва шу сўзни бир неча бор қайтардилар». Имом Аҳмад “Муснад” китобида келтиради: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар: “Азиз ва улуғ Аллоҳ ғазабидан мени нима узоқ қилади?” У зот (алайҳиссалом): “Ғазаб қилма!” дедилар». «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қодир бўлатуриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ олдида уни чақириб, “ҳури айн”дан бирини танлаш ихтиёрини беради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар қандай кишини паҳлавон биласизлар?” дедилар. Улар: “Ҳеч бир киши ундан ғолиб келмаганни”, дедилар. У зот (алайҳиссалом): “Йўқ, ғазабланганида ўзини тута оладиган киши паҳлавондир”, дедилар». Шубҳасиз, Қуръони карим мўмин ва мўминаларни ғазабни ютишга ва ундан чиройли қайтаришга, жоҳиллардан юз ўгиришга ундайди. Чунки жамиятда муҳаббат ва дўстлик мукаммал бўлиши керак. «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34).
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Усмонхон Алимов нинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан