МЎМИНЛАР ҲАҚИДА ЯХШИ ГУМОНДА БЎЛИШ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Шариат мақсадларидан яна бири мўмин-мусулмонлар бир-бирларига нисбатан яхши ўйловда бўлишликдир. Бу ҳақида оят ва ҳадислар мавжуддир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
- “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир”. (Ҳужурот: 12-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз мусулмонларни доимо яхши гумонда бўлишга чақирганлар. Бу борада:
- “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини то биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди” - деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) Яна бир ҳадиси шарифда: “Яхшиликка умид қилиш (яхшиликка йўйиш) менга хуш келади” - деганлар.
Мусулмон инсон ўзгаларга яхши гумонда бўлиши, доимо тўғри ва адолат билан фикр қилмоғи керак.
Мўмин киши ҳатто Аллоҳ таоло ҳақида ҳам яхши ўйловда б бўлиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Аллоҳ азза ва жалла:
- “Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман” - деди. (Икки шайх ва Термизий ривояти)
Шарҳ: Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандоқ гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмоғи керак. Шубилан бирга, ҳақиқий мўмин киши бирор мўмин ҳақида ёмон гап тарқалса у ҳақида фақат ва фақат яхши гумон-ўйловда бўлиши лозимдир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Ислом - одамлар ҳақида яхши гумонда бўлишга, улар ҳақида ёмон гумондан узоқ бўлишга чақирадиган диндир. Чунки, одамларнинг қалбини, ички кечинмалари биргина Аллоҳ таолога аёндир.
Норқулов Арслон
Косон тумани "Абдураҳмон Ҳалифа" жоме масжиди имом-хатиби.