1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҒИЙБАТДАН САҚЛАНАЙЛИК

18-07-2020, 12:31 461 Ўқиш режими + -
 

ҒИЙБАТДАН САҚЛАНАЙЛИК
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ғаразли кимсалар томонидан ўзгаларга озор беришда тилнинг имконияти катта бўлгани учун унинг воситасида қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Инсонларнинг обрў-иззатларини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар:
«Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!» (Муттафақун алайҳ).
          Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.
Ғийбатнинг таърифи ҳақида шундай ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат нима эканлигини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир», дедилар. Шунда улардан бири: «Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
           Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб,  инсонларга шундай хитоб қилади:
«...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси,12-оят).
 Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ўхшатиш билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, ундан янада жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса мутлақо инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланмоқда. Бу эса виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.
Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам, шубҳасиз, даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб, ажабланган Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил алайҳиссалом, булар ким?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).
Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: Абу Дардо разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади» (Имом Термизий ривояти).
Демак, ғийбатчининг ғийбатини тўхтатиб, мусулмон биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир. Ҳакимлардан бири ғийбатдан қутулишнинг чорасини қидириб-қидириб, ўзининг ҳаётида татбиқ этган йўлини қуйидагича келтиради: «Ғийбатдан қутулиш учун ўз нафсимни тарбиялаш мақсадида бир марта ғийбат қилсам, унинг бадалига бир кун рўза тутиб беришни қасд қилдим. Амалан шундай қилдим, аммо рўза тутаверсам ҳам тўсатдан ғийбат қилиб қўйишни тўхтата олмадим.
Бу услуб менга тўлалигича қаноатлантирмагач, бир марта ғийбат қилиб қўйсам, унинг бадали сифатида бир дирҳам садақа қилишни қасд қилдим. Ажабки, тезда ғийбат қилишдан қутилиб кетдим».
Ривоят қилинишича бир киши ўз қўшнисини ғийбат қилди. У ғийбати тезда оммага тарқалиб кетди. Киши ўз қилмишидан қаттиқ афсусланиб, қилмишини тўғирламоқчи бўлиб, бир донишмандга мурожаат қилибди. Донишманд киши унга бозорга бориб, бир товуқ оласан ва уни сўйдирасан. Йўл-йўлакай уйга кетаётиб товуқни патларини юлиб, йўлингга ташлаб кетасан, дебди.
У киши донишманднинг нима учун бундай ишга буюрганини гарчи тушуна олмаса-да, ҳурмати юзасидан айтганидек қилибди. Эртаси куни донишманд ўша кишининг уйига келибди ва кечаги вазифани бажарилганлигини билиб, иккинчи топшириқни берибди. Топшириқ шундан иборат эдики, кеча юлиб йўлга ташлаб кетган патларнинг барини тўплаб олиб келиши буюрилганди. Бояги киши юрган йўлидан патларни йиғиб, ахтариб-ахтариб 3-4 донасини топиб келибди, холос. Қолганини шамол учириб кетган экан. Донишмандни олдига келганида донишманд ундан «Битта товуқнинг 3-4 дона пати бор холосми?» деб сўрабди. Киши эса, қолган патларни топа олмаганини, шамол учириб кетганини айтибди. Донишманд шунда, «Ғийбат ҳам шунақа, тилингдан чиқдими учиб кетади. Уни йиғиб ололмайсан...» дебди.
Дарҳақиқат, ғийбат деган бу иллат шундай нарсаки, у кишининг оғзидан чиқиши биланоқ, атрофга ёйилиб кетади. У шундайин ёмон нарсаки, тиллардан чиқиб, дилларни хуфтон қиладиган иллатдир. Шунинг учун бу борада Аллоҳдан қўрқиб, ғийбат қилишдан ва ғийбат бўладиган йиғинлардан ўзимизни тияйлик. 

Анвар домла Ганжиев
 
 
Ғузор туман бош имом хатиби