КАРАНТИН ПАЙТИДА ЗАРУРАТСИЗ УЙЛАРИМИЗДАН ЧИҚМАЙЛИК
Коронавирус пандемия хасталиги бутун дунё мамлакатларининг кўпчилигида тарқалиб, ўзининг таҳдидини кундан-кунга кучайтирмоқда.
Маълумки, коронавирус хасталигининг инфекцияси ҳаво-томчи ва мулоқот йўллари орқали юқади. Коронавирус хасталиги инфекциясининг тарқалишини олдини олишдаги энг муҳим чора аҳолининг бир-бирларидан ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олишдир. Бу эса биздан уйда қолиш ва заруратсиз ҳолда уйдан чиқмасликни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати мутахассислари томонидан берилган расмий баёнотда: “Карантин тадбирлари давом этяпти. Республика комиссиясининг қарорлари тинимсиз чиқариляпти, қайта-қайта чеклов тадбирлари халққа етказиляпти. Шундай экан, уйда қолинг. Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг. Уч кишидан ортиқ одамнинг тўпланишига йўл қўйманг. Бунда бир оила аъзоларининг сон жиҳатидан кўп бўлиши истисно. Уйимиз-бу бизнинг қўрғонимиз. Уйимиздагина хавфсиз бўлишимиз мумкин” дейилади.
Заруратсиз ҳолда уйларимиздан чиқишимиз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам хатарга солишдир. Чунки ҳеч ким кўзга кўринмайдиган коронавирус хасталигига чалинмаслик ваколатига эга эмас. Бундай пайтларда уйдан чиқиб, ҳеч бир соғлом киши касал кишининг олдига, касал киши эса соғлом кишининг олдига бориши мумкин эмас. Пайғамбар (с.а.в.) “ Касал одам соғлом одам олдига бормасин” деганлар (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Коронавирус пандемияси тарқалмаслигининг олдини олиш учун ташкил қилинган карантин вақтида уйларимизда сабр ва савоб умидида ўтиришимиз дунё ва охиратимиз учун фойдалидир.
Хулоса қилиб айтамизки, бугунги кунда уйларимизда қолиб, тиббиёт ходимларининг коронавирус хасталиги тарқалишига қарши берган тавсияларига амал қилайлик.
Руҳиддин Акбаров
ЎМИ Қашқадарё вилоят
вакиллиги ходими