1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМНИНГ ЗУЛМГА МУНОСАБАТИ

22-07-2020, 10:25 609 Ўқиш режими + -


ИСЛОМНИНГ   ЗУЛМГА  МУНОСАБАТИ
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом саловату дурудлар бўлсин!
      Ўзгалар томонидан етган  азиятга сабр қилиш, зулм қилиб кечирим сўраган одамни афв этиб юбориш нақадар улуғ фазилат. Бироқ шу ҳақида сўз юритишдан олдин зулм нима экани ҳақида бир тўхталсак. Шариатимизда инсонларнинг молига, жонига, динига ёки ор-номусига зарар етказиш зулмдир. Қаршимизда турган ҳар қандай инсонга ноҳақ муносабатда бўлиш зулмдир.Чунки, айни зулм сабабли қаттиқ гуноҳга қолишимиз билан бир қаторда, ўзаро муносабатларимизга футур етиб, аҳиллигимиз йўқолади. Энг даҳшатлиси,  зулм кўрган одам қиёмат куни ўз ҳақига рози бўлиб, зулмкорни кечирмагунча, Аллоҳ таоло  золимни кечирмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Ўзига ва бандалари ўртасида зулмни ҳаром  қилган ва ундан қаттиқ қайтарган.  Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бир-бирингизга зулм қилмангиз” (Ҳадиси қудсий)                                                  
          Мўмин киши ҳеч қачон ўз биродарига зулм қилмайди.Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг  ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зулмидан  қутқаришга ҳам ҳаракат қилиши керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига ) ташлаб ҳам қўймайди”(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
           Бошқа ривоятда Расулуллоҳ ( саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Биродаринг   золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер!”. Бир саҳобий: “Ё Расулуллоҳ! Биродарим мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Аммо у золим бўлса, қандай ёрдам қиламан?” деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Уни зулм қилишидан қайтар, мана шу унга қилган ёрдаминг бўлади”, дедилар.( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳар вақт зулм қилишдан сақланиб, катта зулмдан янада эҳтиёт бўлишимиз лозим. Яъни, Аллоҳдан бошқага ибодат қилиб, ибодатни ҳақиқий ўз ўрнидан бошқа ўринга қўймаслигимиз керак. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиб, унга ширк келтиришимиз улкан гуноҳ бўлиб, катта зарар кўрамиз. Қуръони каримда:                                  
“Эсланг, Луқмон  ўғлига насиҳат  қилиб , деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк   улкан  зулмдир”(Луқмон, 13).
Аллоҳ барчамизни бошқаларга ва ўз жонимизга зулм қилиб қўйишдан сақлансин. 
"Афв" сўзи луғатда тарк  қилиш, ўчириш маъноларини билдиради. Имом Кафавий: “Афв қудрати  етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга   ҳақдор  бўлатуриб, уни тарк қилса, ундан  кечса афв  этган бўлади”, деганлар.
         “Афувв” Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан биридир. Ушбу исм муболаға вазнида   бўлиб, Аллоҳнинг афви ниҳоятда кенг эканини билдиради. Яъни , Аллоҳ таоло бандалар содир этган кўплаб гуноҳларни ўчириб, кечириб юборувчи ва азобдан қутқарувчи Зотдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Яхшиликни ошкора қилсангиз ҳам, пинҳона қилсангиз ҳам ёки ёмонликни афв этсангиз ҳам албатта, Аллоҳ афв этувчи ва қудратли Зотдир” (Нисо, 149).
 Жиноят қилганлардан ўч олишга қодир бўла туриб, уни кечириш юксак фазилат. Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Афувв Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. У ёмонликларни кечирадиган зотдир. Бу “Ғофур” лик   маъносига яқиндир. Балки ундан ҳам авлороқдир. Чунки “Ғуфрон” беркитиш маъносини беради. “Афувв” эса бутунлай ўчириб юборишни ифодалайди”. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Афвни (қабул қилиб ) олинг , яхшиликка  буюринг, жоҳиллардан  эса  юз   ўгиринг!” (Аъроф. 199).
        Биз мусулмонлар фазл эгаларидан бўлиб, дунёда бизга нисбатан содир бўлган зулмларни афв қилишимиз энг савобли амаллардан бири бўлади. Бунинг эвазига  қиёмат куни тўлиқ иншааллоҳ, улкан мукофотларга эришамиз. Яъни, “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон), деган таърифга муносиб бўламиз.
        Ушбу ўринда яна бир нарсага эътибор қилиш зарур. Ҳар қандай зулм ёки тажовузкорлик  Аллоҳ белгиланган  чегаралардан   ошмаслик  керак. Акс ҳолда исломнинг ҳақи ўндирилади. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг ҳадларидан бирор ҳад оёқости  қилинмагунча, зулм учун ўч олмасдилар. Агар Аллоҳ ҳадларидан  бирор нарса оёқости бўлса,  инсонларнинг   энг ғазаблисига айланар  эдилар. Ик­ки иш ўрта­сида ихтиёр қилсалар, гуноҳ бўлмаса, уларнинг енги­лини танлар­дилар”- деб хабар берганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, мусулмон одам ҳаётнинг ҳар қандай тармоғида, ҳар қандай вазиятда, ҳоҳ  катта ҳоҳ кичик ишда бўлмасин ўзига ҳам ўзгага ҳам зулм қилиши жоиз эмасдир.  
 

Шокир домла Ҳамроев
“Жумабозор”масжиди
 имом хатиби