САВОБ -АМАЛЛАРИМИЗ ЎЛЧОВИ БЎЛСИН
2259
27-07-2020, 13:36
497
Ўқиш режими
+
-
САВОБ -АМАЛЛАРИМИЗ ЎЛЧОВИ БЎЛСИН
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсон бу дунёда фойда ва зарар орасидадир. У баъзи бир ишларда фойда қилса, баъзи бир ишларда зарар кўради. Аста-секин фойда ва зарар инсон ҳаёти амалларининг асосий ўлчовига айланиб боради. Аммо мўмин-мусулмон ҳаётидаги амалларининг ўлчови фақатгина фойда ва зарардан иборат бўлиб қолмайди.
Мўмин-мусулмоннинг ҳаётда фойда ва зарардан ташқари савоб ва увол деган амаллар ўлчови бор. Мўмин-мусулмон баъзан савоб учун зарар кўради, баъзан эса увол учун фойдадан кечади.
Бу ишларнинг барчасини у Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилади. Ва уни мукофотини ёлғизгина Аллоҳ таолодан сўрайди.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонни бу савоб ишлари учун қиёмат куни яхшилик билан мукофотлайди. Бу хакда Курьони Каримда:
يومَؤئذٍ يصدرالناس اَشتاتا ليرو اعملكم ٦.
فمن يعمل مثقال ذرّةٍ خيراً يره ٧.
ومن يعمل مثقال ذرٌةٍ شرٌا يره ٨.
( Залзала сураси, 6-8 оятлар)
" 6. Ўша куни (қиёмат куни) одамлар, уларга аъмоллари кўрсатилиши учун тўда тўда бўлиб чиқиб келурлар.
7. Бас кимки зарра миқдорида яхши (амал) қилган бўлса уни кўрур.
8. Кимки зарра миқдорда ёмон ( амал) қилган бўлса ҳам уни кўрур".
Бу оятлар ҳақида “Тафсири Ирфон”да шундай дейилади: “ Яъни, дунё ҳаётида ким заррачалик яхшилик қилган бўлса, унинг мукофотини кўради. Бу дунёда кўрмаса, охиратда албатта кўради. Чунки Аллоҳ таоло ваъдасига мувофиқ ҳар бир яхшиликка ажр-савоб беради. Ҳар гуноҳ ва ёмонликка азоб-жазо беради. Инсонлар ўзларининг Аллоҳ розилиги йўлида қилган зарра мисоли энг майда, кўзга аранг кўринадиган чумолича беқадр ишларини ҳам қиёмат куни амал дафтарларида (номаи аъмоларида) қайд қилинган ҳолда кўришади. Яхшилик қилганлар буни кўриб, Аллоҳ мукофотидан умидвор ҳолда мамнун туришади[1]”.
Аллоҳ таоло барчамизни савоб ишлар қилишга муваффақ қилиб, Ўзининг ҳузурида мамнун ҳолда турадиганлар қаторида қилсин!
Р. Акбаров.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. Шарқ нашриёти. 2019. 6-жилд. 669-бет.