1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲУШЁРЛИК ҲАМИША ЗАРУР

27-07-2020, 19:43 609 Ўқиш режими + -


Ҳушёрлик ҳамиша зарур

     Халқимиз байрамлар, турли муносабатлар билан ўтказиладиган  қувончли кунларни, шодиёналарни яхши кўради. Меҳр-мурувват ва ўзгаларга яхшилик қилишга ниҳоятда қизиқишлари таҳсинга лойиқ. 
   Яқинда бутун дунё мусулмон халқлари Муборак Қурбон ҳайитини кутиб олади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ушбу байрамни карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш борасида вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус касаллиги кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида, республика махсус комиссияси йиғилишининг бир қанча қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вируснинг тарқалишининг олдини олишдир. Агарда, шундай синовли кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, барча қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтамиз, инша Аллоҳ
    Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тану, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан курашмоқда. Махсус комиссия қароридан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг баёноти эълон қилинди. 
Шундай пайтларда ўзимизни ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Ушбу айём кунларида бугунги синовли даврни эътиборга олган ҳолда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.
    Саҳобалардан бири мушкул аҳволга тушиб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада? Расули Акрам алайҳиссалом “Тилингни тий, уйингда қол ва хатоларингга йиғла”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
     Уламолар “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарзи айн даражасигача кўтарилади”, деб таъкидлаган. Фиқҳий қоида шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.
    Касаллик қайси юртда кенг тарқалса, карантин талабларига амал қилиш вожиб. Бундай пайтда чора-тадбирларни белгилаш соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, улар томонидан чиқарилган қонун-қоидаларга барча аҳоли амал қилиши зарур.
     Бу йил карантин туфайли юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашишимиз зарур. Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.
    Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.
Қурбонлик диний бир ибодат бўлиши билан бирга унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб хизмат қилади. Чунки, Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
    Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.
    Ҳайит кунлари халқимиз карантин талабларини инобатга олган ҳолда телефон орқали қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашишлари, масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилатли амалдир. Бу йилги Қурбон ҳайити кунлари карантин кунларига тўғри келиши муносабати билан, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда ушбу қоидаларга қатъий равишда риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Бу хусусда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти ҳам эълон қилинди.
    Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.
    Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.
Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
     Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”. Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.
     Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ҳушёрликни ҳар доимгиданда ошириш, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир.
     Айни шу синовли кунларда биздан сўралаётгани қўйилаётган талаб ва қоидаларга тўлиғича бўйсуниб, санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиш натижасида ўзимиз ва оила аъзоларимизни инфекция юқишидан ҳимоя қилишдир. Бу – синов, синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфаси қандайлиги кўринади. Ақл ва хотиржамлик билан иш тутайлик. Ана шунда ҳар қандай балони даф бўлишида Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади. 
 

Р. Усмонов
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби