ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ ОИЛАМИЗ ДАВРИСИДА ЎТКАЗАЙЛИК
Муносабат
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга саловат бўлсин!
Қурбон ҳайити бу йил бутун дунё халқларининг ҳаётига, соғлигига коронавирус пандемия хасталиги хавф солган бир даврда тўғри келди. Жумладан юртимизда ҳам бу кўзга кўринмас “бало” таҳдиди кучайиб вазият кескинлашди. Мана шу аҳволни ҳисобга олиниб Давлатимиз томонидан юртимизда коронавирус пандемиясини жиловлаш учун жорий қилинган карантин кунлари яна узайтирилди.
Ушбу жорий йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Уламолар кенгаши томонидан баёнот эълон қилинди. Баёнотда ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, зуҳо намозини ўқиш, ҳайит кунини, такбир ташриқ кунларини ва қурбонлик қилишни қандай ўтказиш ҳақида йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Баёнотда айтиб ўтилган йўл-йўриқлар, тавсиялар биз имомлар ва барча мўмин- мусулмонлар учун Қурбон ҳайитини қандай нишонлашда дастур-амал бўлиб хизмат қилади.
Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитини карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, оиламиз даврасида ўтказайлик!
Барчамизга қурбон ҳайити муборак бўлсин!
Ушбу сўзларимизни баёнот охирида айтилган қуйидаги гаплар билан тугатсак, мақсадга мувофиқ бўлади: “ Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, бало-ю қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.
Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз”.
Р.Акбаров
Қарши туман "Акбар халифа эшон"
масжиди имом хатиби