1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АҚИҚА ВА ҚУРБОНЛИКНИ ЖАМЛАШ ЖОИЗМИ?

30-07-2020, 18:15 677 Ўқиш режими + -




Агар ақиқа ва ийдул азҳо қурбонлиги бир вақтга тўғри келиб қолса, ҳар иккисини битта жонлиқ устида жамлаш ҳанафий мазҳаби шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги мухтор қавлга кўра жоиз амалдир. Яъни, битта жонлиқ сўяётиб ҳам қурбонлик, ҳам ақиқани ният қилади ва ҳар иккиси учун ўтади, иншоаллоҳ. Ёхуд ақиқани ният қилиб сўяди ва бу иши байрам қурбонлиги учун ҳам ўтади. 
Бу фикрга эътироз билдирган моликий ва шофеий мазҳаби уламолари ўз қарашларига далил сифатида ақиқа ҳам, ийдул азҳо қурбонлиги ҳам мустақил равишда қасд қилинувчи алоҳида ибодат эканлигига урғу бериб, улар бир-бирига қориштирилмаслиги кераклигини таъкидлайдилар. Ушбу фикрга кўра, битта жонлиқ қурбонлик қилаётиб, ҳам байрам қурбонлиги, ҳам ақиқа ният қилинса, булардан бирортаси учун қабул бўлмайди.  
Бироқ, бу амални жоиз ҳисобловчи ҳанафий ва ҳанбалий уламолари эса гарчи бу иккиси алоҳида ибодат бўлса-да аммо жинси бирлигини эслатиб, масжидга кирган одам ҳар қандай намозни ўқиса ҳам ўша ниятидаги намоз учун, ҳам таҳийяьул масжид намози учун ўтишини юқоридаги фикр тўғрилигига далил қилиб келтирадилар. 
Бу иш жоизлигининг яна бир мисоли шуки, ҳам ҳайит байрами, ҳам жума намози бир кунга тўғри келса, ҳайит намози учун қилинган ғусл жума намози учун ҳам ўтаверади. 
Хулоса шуки, ушбу амал жоиз ҳамда масаладаги рожиҳ (кучли) қавлдир, биз учун. Бошқалар наздида ундай бўлмаслиги мумкин. 
Зеро, интернет оламида илмий савияси ва малакаси етмаса-да, ихтилофли масалаларни бир-бирига солиштириб, фалон қавл рожиҳ (кучли), пистон қавл эса маржуҳ (заиф), дея ўз савиясидан юқори ишларга журъат қилувчи "алломалар" талайгина. Аммо, биз ҳанафийлар ҳамда ҳанбалийлар учун ушбу қавл масаладаги энг тўғри ва мухтор қавл ҳисобланади, валлоҳу аълам.


Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ,
Тошкент Ислом институти мударриси.

Манба: Азон.уз