ОХИРАТГА ИШОНИШ ИЙМОННИНГ БИР БЎҒИНИ
( 3-қисм)
Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун, доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади.
Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир нарсамни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун, доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочади.
Аллоҳга иймони бор одам: «Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади.
Аллоҳга иймони бор одам барча яхши фазилатларни ўзида жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади.
Бу эса, ҳар бир инсон учун, ҳар бир оила учун, ҳар бир жамият учун ва бутун инсоният учун ўта муҳим нарсалар эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.
Ҳа, бошқа масалалар қатори иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсон ўзича: «Унга иймон келтираману, бунга иймон келтирмайман», дейиши кулгили. Бунда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.
Аллоҳга иймон қандоқ бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Исломдагина собитдир. Шунингдек, Аллоҳдан бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ баён қилиб бериши ҳам фақат Исломда собитдир. Жумладан, ушбу биз ўрганаётган ҳадисда бу ҳақиқатнинг баёни қисман келгани айтиб ўтилди.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди