МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ.
САБР ( 6-қисм)
Сабр ҳар хил бўлади. Аллоҳга итоат қилишда сабр қилиш, мусибатларга сабр қилиш.
Аллоҳга итоат қилишда сабр қилиш бу Ислом рукнларини бардавом барпо қилиш учун керак бўлади. Масалан, намоз такрор-такрор бажарилиши лозим бўлган фарз амал.
Шунинг учун Аллоҳ айтади: Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир. (Тоҳо: 132).
Мўминлар билан бирга дўст бўлиб яшаш ва уларнинг баъзи бир хатоларига кўз юмиб қўйиш учун ҳам катта сабр керак бўлади:
Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма. (Кахф: 28).
Бошқаларни сабрли бўлишга чақириш ҳақиқатга чақириш билан баробардир.
Башариятнинг нажоти ҳам айнан мана шу нарсаларга боғлиқлигини Аллоҳ қасам ичиб шундай дейди:
Аср билан қасам. (Вал -аср)
Гуноҳлардан сақланишда сабр килиш бу инсоннинг ҳар қадамида ўша гуноҳларга қарши тура олишидадир.
"Мусулмон хулқи" китобидан.