ОХИРАТГА ИШОНИШ- ИЙМОННИНГ БИР БЎҒИНИ
(4-қисм)
Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга моликдир. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир.
Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ва «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш қачон, кимга зарар келтирибди?
Мўмин-мусулмон инсон ўзига икки фаришта бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша икки фаришта Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига иймон келтиради. Ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни заррача бўлса ҳам номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу ёзилган нарсалар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса, ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Бу омил ҳар бир инсон, жамият ва барча инсоният учун ўта зарурдир.
Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса, одамлар хоҳлаган ёмонлигини хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлади. Иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган виждон азоби каби нарсалар фойда бермади. Чунки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас.
Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади. Баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қоладилар. Бошқалари эса, ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланадилар.
Шунингдек, фаришталарга иймони бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга ширк келтирсалар, бошқалари дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборадилар. Оқибатда турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади.
Демак, биз мусулмонлар бошқа нарсалардаги каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди