БЕМОРЛАР ДАРДИГА ШИФО БЕРСИН
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси – саломатлик ва хотиржамликдир.
Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турганимиз учун меҳрибон Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз!
Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли севган бандаларининг хато-камчиликларини ўчириб, гуноҳларини ювади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155-157 -оятлар).
Бемор кишининг кўнгилни сўраш – мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу...”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий, ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири – касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол аҳволларини сўрашдир.
Тўғри, ҳозирги кунда юртимизда коронавирус пандемиясини олдини олиш учун карантин эълон қилинган. Бундай шароитда телефон орқали беморлар ҳолидан хабар олиш ҳам маъқул амаллардан ҳисобланади.
Беморлар ҳолидан хабар олиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега) мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?”Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган беморларимиздан хабар олиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарнинг дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).
Аллоҳ таоло бемор кишиларнинг дардларига шифо берсин, беморларни даволаётган ва улар ҳолидан хабар олаётганларга Ўзи мададкор бўлсин!
Намоз Абдуллаев,
Косон тумани “Катта” жоме
масжиди имом хатиби