Сабрнинг мукофоти фақат яхшиликдир
Бугун бутун дунё халқлари қаторида юртимиз бошида ҳам синовли кунлар давом этмоқда. Огоҳлик ва эҳтиёткорлик биринчи ўринда турибди. Ҳар бир кишининг ўз саломатлиги учун курашиши, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари учун ҳам қилган яхшилигига айланди. Бугун кишиларнинг мақсадсиз юрмасдан тинчгина ўз уйида ўтириши энг хайрли вазифа бўлди.
Энг катта бойлик – тинчлик ва сиҳат-саломатлик эканлигини бугун барчамиз тўла англаб етдик. Бу синовли дамлар юртдошларимизнинг янада жипслашиши, бир фикрда бўлиши ва ҳар бир нарсанинг қадрига етиши кераклигини исботлаб бермоқда.
Яратганга шукрлар бўлсинки юртимизда бу касаллик-балога қарши самарали кураш олиб борилмоқда ва бу соҳада етарли тажриба тўпланди. Бундайин насиб қилаётган Аллоҳнинг улуғ неъматининг қадрига етиш эса ҳушёрлик ва огоҳликни қўлдан бермаслик орқали бўлади. Огоҳлик шундай нарсаки у орқали хотиржамликка эришилади.
Юсуф Хос Ҳожибнинг огоҳлик ва ҳушёрлик борасида: “Халқ ҳушёрлиги элга фойда келтиради, шу туфайли элда тинчлик ва тотувлик қарор топади”, деган ҳикматли ўгитининг маъноси шуки, халқимиз бугунги синовли кунларда қанчалар ҳушёр ва огоҳ бўлса, юртга шунча кўп фойда келтиради. Эл тезроқ фаровон ва осуда ҳаёт кечиришда бардавом бўлади. Зеро, юрт ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиш энг эзгу ва савобли амаллардандир.
Ушбу касалликни кенг тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Хусусан, турли оммавий тадбирлар, сайллар, ўйинлар бекор қилинди. Шунингдек, Ҳукуматимиз томонидан барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича тавсия берилди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ва хулосалари ўрганилган ва мавжуд вазият эътиборга олинган ҳолда чуқур маслаҳатлашувлар натижаси ўлароқ масжидларда ибодатларни амалга ошириш вақтинча тўхтатилиши мақсадга мувофиқ кўрилди.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади.
Ушбу касаллик асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади: Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят). Бу оятда ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тўхташга буюрилган.
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари). Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.
Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу касалликнинг олдини олиш учун энг яхши чорадир. Бунинг устига жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.
Бу эҳтиёт чоралари вақтинча бўлиб, мўмин-мусулмонларимиз тўғри тушунишлари лозим. Эпидемик ҳолат барқарор бўлгандан сўнг жамоат бўлиб ибодатларимизни давом эттирамиз, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимиз ҳаётини тинчлик ва осойишталикда давом этишини насибу рўзи айласин! Омин!
Ражабали Норқўчқаров,
Қашқадарё вилояти бош
имом-хатиби ўринбосари