АЛЛОҲ ВА РАСУЛИГА МУҲАББАТ
Бисмиллаҳирроҳманирроҳийм
Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва унинг ҳабиби - Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламга салому салавотлар бӯлсин!
Ҳар бир инсон кимгадир, нимагадир муҳаббатли бўлади. Мўмин-мусулмоннинг қалбида эса Аллоҳ ва унинг Расулига нисбатан муҳаббат бўлади. Бу муҳаббат мўмин-мусулмон иймонининг комиллиги белгисидир.
Мўмин-мусулмон учун Аллоҳ ва унинг Расулига нисбатан муҳаббатли бўлиш биринчи галдаги ишдир. Демак, мўмин-мусулмонлар ва кимки ӯзини Ислом динида деб билса, Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббатда бӯлиши шарт ва зарурдирки, бу мезон мӯмин-мусулмоннинг иймон тақозоси ва динимизнинг таркибий қисмининг биридир.
Аллоҳ таъоло Қурьонда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га муҳаббат кўрсатиш ва У зотнинг барча кишилар ва нарсалардан кўпроқ севишни мўмин-мусулмонларга амр жумладан:
"Айтинг (эй Муҳаммад), агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳимлидир". (Оли Имрон сураси, 31-оят) деб марҳамат қилган.
Мазкур ояти карима билан яна бир бора шоҳид бӯламизки, мӯмин-мусулмонлар учун Аллоҳ ва унинг Расулини севиш иймоннинг аслидан экан.
Демак, "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур-Расулуллоҳ" нинг фақат тил билан айтишда иймонимиз комил бӯлолмайди, токи, қалб ва керак бӯлса бутун жону танимизни Аллоҳ ва унинг Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббат-севиш йӯлида тайёр қилмасак.
Бу фикрни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан ҳам исботлаймиз: "Аллоҳга қасамки мени ота-онангиз, фарзандларингиз, ва молу дунёларингиздан яхшироқ кӯрмагунча ҳақиқий мўмин бӯла олмайсизлар". (Имом Муслим ривояти)
Ниҳоят, мӯмин-мусулмонларнинг диндорлик вожиботи ва одоб-тартиботларидан бири шудирки, Аллоҳнинг ғазабидан қӯрқиб, унинг меҳру муҳаббат ва карамидан муҳаббат ила умидвор бӯлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳдан қӯрқиш баробарида Унга муҳаббатда бӯлиш мӯмин-мусулмонлар учун иймондандир.
Агар қалбимизда Аллоҳ ва унинг Расули ўрнида бошқа киши- қариндош уруғлар ва ё молу мулк муҳаббати бӯлса, бу ширкнинг аломати ё айни ӯзидир. Албатта, кишиларни ҳам севиб, уларга муҳаббат кӯрсатиш керак, аммо, фақат Аллоҳ розилиги ва Аллоҳ йӯлида "бериё" севиш керак. Зеро Аллоҳни севадиган мӯмин-мусулмон бандаларни севиш ва Аллоҳ севмайдиган кимсаларни мӯминлар ҳам севивмасликлари керак. Бу борада Расулаллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини айтишимиз ӯринлидир: "Увайсий розияллоҳу анҳу сӯрадилар: Ё Расулаллоҳ, иймон нима? Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: "Аллоҳ ва унинг Расули сенга барча нарсалардан кӯра маҳбуброғ бӯлмоғи".
Демак, бугунги кунда Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат кӯрсатиш йўли шудирки, биз мӯмин-мусулмонлар қалбимизда Аллоҳ ва унинг Расулига самимий муҳаббатда бӯлиб, Аллоҳ айтган фарзларини вақт-вақтида бажо келтириб, доимо Унинг зикрини қалбимиз билан бажо келтириб, У ҳаром қилинган нарсаларидан Ўзимизни тортиб, ҳамиша тўғри йўлда бўлмоғимиз лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламни севиш нияти ва муҳаббат кўрсатиш мақсадида, айтган ҳадисларига бақадри имкон амал қилиб, доимий равишда салому салавотлар айтиб, у зотнинг Ўзимиздан хушнуд қилайлик.
Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббатда бўлиш тартибини буюкларимиз шундай тартибда кўрсатишган: "Аллоҳ севгисининг аломати Қурьон севгисидир. Қурьон севгисининг аломати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам севгисидир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг севгисининг аломати Унинг суннатига ва гўзал ахлоқларига тобе бўлмоқдир".
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ва Расулига муҳаббатли қилсин!
Нусратулло домла Валматов
Шаҳрисабз тумани "Хожа Довуд"
жоме масжидининг имом-хатиби