ФИТНА ВА ЁЛҒОНДАН САҚЛАНАЙЛИК
(Ижтимоий тармоқларда тарқаган ёлғон хабарга муносабат)
Ҳар куни одамлар турли хил йўллар билан ҳар хил маълумотларни қўлга киритадилар, айрим кишилар эса турли хил хабарларни тарқатадилар. Айниқса, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали турли хил ҳақ-ноҳақ хабарлар тарқатилмоқда. Мана шундай ёлғон хабарлардан бири шу йилнинг 8-август куни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилди. Бу тарқатилган хабарда гўёки, Ўзбекистонда янги муфтий сайланишига номзодлар кўрсатиш бошланиб кетганлиги ва дарров янги номзод ҳам топилганлиги айтилади.
Ҳозирги даврда шундай бўлиб қолдики, айрим фитначилар атайлаб, ғаразли ниятда ҳар хил ёлғон хабарларни ўйлаб топади. Айрим кишилар эса унинг бу ёлғонини бутун оламга тарқатишга ҳаракат қилади.
Одамлар орасида фитна пайдо қилиш Ислом динида қораланади. Бу ҳақда Қуръони Каримда:
“Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” (Бақара сураси, 191-оят)
Бу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегнуоҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган” дейилади.
Хўш, кимдир бир ишни оқибатини ўйламай ёлғон хабарни ёзаяпти, нега бошқа кишилар бу хабарни ўйлаб кўрмай бошқаларга уни тарқатиб юбораяпти?
Аллоҳ таоло Қурони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолмангизлар” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Бир одам бир хабарни келтиса, бир оз ўйлаб кўришимиз, келтирилган хабар ростми ёки ёлғонми аниқлашимиз, ундан сўнг бу хабарни бировга етказишимиз лозим бўлади. Ёлғон хабарни ўйлаб топиш, уни одамлар орасига тарқатиб юбориш кимга керак, ким шу ишдан фойда кўради, ким шу ишдан зарар кўради?
Албатта, фитна ва ёлғонни тарқатиш ислом динига, мўмин-мусулмонларга катта зарар бериш, мўмин-мусулмонлар орасида фитна қўзғашдир.
Халқимиз “Ўйламай гапирган, оғримай ўлади” деган пурмаъно нақлни ўзаро муомиласида ишлатади. Худди шунга ўхшаш олдин бир хабарни тўғрими, нотўғрими бир ўйлаб кўрайлик. Бу хабардан кимга фойда бор-у, ким зарар бўлади. Тарқатаётган хабаримиз балки ёлғон бўлса, эртага юзимиз шувут бўлиб қолишини ўйлаб кўрайлик. Бу ҳақда Умар р.а. ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда:
“Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериш кифоя қилади” дейилади.
Келинг, фитна-фасоддан узоқ бўлайлик! Аллоҳ таолонинг динига зарар бериб қўйишдан ўзимизни асрайлик. Дини исломга фойда бераолмай турган бўлсак, унга зарар бериб қўйишдан ўзимизни тияйлик!
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати