1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАРҲУМЛАРГА ЕТАДИГАН САВОБЛАР

11-08-2020, 10:50 587 Ўқиш режими + -



Марҳумларга етадиган савоблар

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

     Аҳли сунна, аҳли ҳадис ва аҳли тафсирлар ижмоъ қилганларки, марҳумларга тириклардан икки нарса етиб туради: марҳумнинг тириклигида ўзи сабабчи бўлган нарса; мусулмонларнинг дуоси, истиғфори, садақаси, ҳаж ва бошқа савобли амаллари. 

         Марҳум тириклигида сабабчи бўлган нарсасида фойдаланишга Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида келтирилган Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис далилдир. Расулулллоҳ айтдилар: “Инсон вафот этгач, ундан учта амалидан бошқа амаллари узилади: садақаи жория, манфаати етиб турувчи илм, унинг ҳаққига дуода бўлувчи солиҳ фарзанд”. 

         Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзларидан олдин ўтган муминларга истиғфор айтганлари учун уларга мақтов айтди. Демак, марҳумлар тирикларнинг истиғфоридан фойда оладилар. Пайғамбаримизнинг суннатларида ҳам собит бўлганки, марҳум дуодан манфаат кўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳу васаллам) айтадлар: “Марҳумга саловат айтганингизда, ихлос билан дуо қилинглар”. 

         “Сунан”да Усмон ибн Аффоннинг (р.а.) ҳадисларида шундай дейилган: “Набий (соллаллоҳу алайҳу васаллам) Марҳум дафн этилгандан сўнг унинг тепасида туриб: “Биродарингизга мағфират сўранглар ва унга Аллоҳдан сабот тиланглар, зеро, у ҳозир сўралмоқда”, дедилар”;

         Марҳумга бошқалардан борадиган фойдалар қуйидагилар: Марҳумнинг номидан қилинган садақа ҳам унга нафъ етказади. “Саҳиҳи Бухорий”да Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинган ушбу ҳадис мавжуд: “Саъд ибн Убода йўқлигида онаси вафот этиб қолди. Шунда Набийнинг олдиларига келиб: “Эй Расулллоҳ. Онам мен йўғимда вафот этди унинг номидан садақа қилсам, савоби етадими?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар Набий. “Бўлмаса, сизни гувоҳ қиламанки, менинг ушбу боғим у кишидан садақадир”, дедилар Саъд (р.а).

         Шунингдек, Муслимнинг “Саҳиҳ” ида Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Набийга деди “Отам вафот этди ва мол-дунё қолдирди, лекин васият қилганлари йўқ. Мен у кишининг номидан садақа қилсам, унга кифоя қиладими?” Набий: “Ҳа”, дедилар”;

Агар марҳумнинг бўйнида тириклардан бирига бериладиган нарсаси қолсаю, тириклар уни кечиб юборса, марҳумга савоби етади. Марҳумнинг қарзини узиш ҳам унга манфаат етказади, чунки бу ҳолда қарз унинг зиммасидан соқит бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, марҳумлар ҳақида қилинадиган дуолар, улар номидан қилинадиган эҳсонлар савоби марҳумларимизга бориб етади. Аллоҳ таоло ўтганларимизнинг гуноҳларини мағфират қилиб ва Ўз раҳматига мушарраф айласин! 

 

Али домла  Ҳамроев 

Чироқчи тумани Кўктош ота жоме 

масжиди имом-хатиби