ОХИРАТГА ИШОНИШ-ИЙМОННИНГ БИР БЎҒИНИ
(7 -қисм)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амримаҳол. Агар охират кунига иймон-ишонч қолмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.
Охират кунига иймон йўқолиб, «Одам ўлгандан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади.
Ҳа, агар золим зулмига жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлаверса, хулласи, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмаса бу дунё қандай дунё бўлади?
Кучсизлар, мазлумлар, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?
Мазкур бало-офотлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари, лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса, охират кунига иймон албатта лозим.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ
МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди