ОХИРАТГА ИШОНИШ-ИЙМОННИНГ БИР БЎҒИНИ
(8-қисм)
Мазкур бало-офотлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғри сўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари, лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса, охират кунига иймон албатта лозим.
Биз ўрганаётган ҳадисда таъриф қилинган эҳсон-ихлосга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканини гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилмоғинг».
Бугунги дунёмизнинг асосий мусибати, унда Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиладиганларнинг йўқлигидандир.
Бугунги оламимизнинг мушкули унда «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан ибодат қилиб яшовчиларнинг йўқлиги ёки камёблигидандир. Шунинг учун, ҳеч бир нарсада ихлос йўқ. Ҳеч бир нарсани яхшилаб бажариш йўқ. Оқибати эса, ҳаммага маълум.
Ислом эса, бу мақомни ўн беш аср илгари Ислом ва Иймоннинг олий мақомига айлантиргандир. Эҳсон-ихлос мақомини юқори кўтаргандир.
Дарҳақиқат, мўмин-мусулмонлар ичида ушбу мақомга эришганлар кўп бўлган даврларда улар дунёни бошқардилар.
Бу мақомдагилар озайганда эса, оламда уларнинг тутган ўрни ҳам пастлади. Бу мақомдагилар йўқ бўлганда эса, мусулмонларнинг мавқеи тушиб, йўқ даражага келди
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
битирув малакавий иши дан олинди