1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАҚИРЛИК НИМА?

13-08-2020, 14:46 1 468 Ўқиш режими + -

 

ФАҚИРЛИК НИМА?
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом дини фақирликни муқаддас деб билиб, буни биринчи ўринга қўядиган тоифанинг қарашларини оқламайди. Йўқчиликни фахр деб билишни дастлаб монийлик, ҳиндуизм, руҳонийлик ва шу каби фирқа тарафдорлари маъқуллашган ва бу қараш кейинчалик баъзи мусулмон тариқатчиларига ҳам ўз таъсирини ўтказган ёки пайдо бўлган.
 Аслида Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида ҳам фақирликни ёқловчи бирорта далилни учратмайсиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу:
الفقر فخري وبه أفتخر
Яъни “Фақирлик менинг фахримдир ва мен (ўзимга берилган фақирликдан) фахрланаман” ҳадиси шарифини ибн Ҳажар ал-Асқалоний ва бошқа муҳаддис олимлар  заиф деб айтишган.( Ҳанафий олим Алийюл қори Мирқотул Мафотиҳ китобида келтирган).
 Муҳаддислар наздида ҳадисдаги маъно Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимотига эътироз билдиришга далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ҳоҳлаган бандасига бойликни ато қилади ва шу сабабли банда ўзига берилган бойликдан воз кечган ҳолда фақирликка юзланиши мақбул амал ҳисобланмайди.
         Дунёдан юз ўгириш, унга муҳаббат қўймаслик ҳақида келган ҳадиси шарифларни фақирликни ёқловчи далиллар деб билмаслик керак. Чунки юз ўгириш учун аввало юз ўгириш мумкин бўлган нарсага эга бўлиш лозим. Чин маънода дунёдан парҳез қилиш бу қўлида бўла туриб уни суймаслик, қалбида унга жой қолдирмаслик деганидир. Яъни, бойликка эга бўлмай туриб ундан юз ўгирилмайди. Қўлида бойлиги бўла туриб унга муҳаббат қўймаслик ана ўша ҳақиқий юз ўгиришликдир.
         Ислом таълимотига кўра бойлик Аллоҳнинг катта ва шукронаси талаб этиладиган неъматларидан биридир. Фақирлик эса муаммолардан бири бўлиб, мусулмон киши Аллоҳдан унга дучор қилмаслигини сўраши ва қўлидан келганича бунга ўзи ҳаракат ҳам қилиши керак.
         Аллоҳ таоло бойликнинг нечоғлик катта неъмат эканлигини айтиб бундай марҳамат қилган: “Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?”[1] (Зуҳо сураси, 8-оят). Шунингдек, молу дунё истиғфор айтган бандаларига бу дунёда бериладиган мукофотлардан бири эканлигини қуйидагича баён қилган: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг. Албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола чақа ила мадад берадир, сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир”. (Нуҳ сураси 10-11-12-оятлар).
         Расулулуллоҳ салоллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ кишида яхши йўл билан топилиб, яхши йўлга сарфланадиган молу дунё бўлса қандай яхши”[2], деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад”да, имом Аҳмад “Муснад”да ва имом Табароний “Кабир”да ривоят қилган.).
         Аллоҳ таоло Бадр жангида асир бўлганлар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: “Агар қалбларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ билур ва сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир”, - деб айт”[3].( Анфол сураси, 70-оят).
         Ушбу ояти каримада улардан олинган нарса эвазига бериладиган нарсани “яхшироқ” дея орттирма даража билан сифатламоқда ва буни уларга қалбларидаги яхшилик мукофоти ўлароқ берилишини таъкидламоқда.
         Ҳадиси шарифларда фақирликка нисбатан инсон, жамият, иймон-эътиқод, хулқ-атвор, тафаккур, маданият, оила, башарият, хуллас, барча-барча нарсага таҳдид солувчи хатар сифатида қаралади. Буларни алоҳида шарҳлаб ўтамиз.
         Фақирликнинг эътиқодга зарари:
         Фақирликни диний эътиқодга зарар келтирувчи энг катта офатлардан бири дейиш мумкин. Йўқсиллик кўпинча ҳар қандай йўл билан бойлик тўплашга ундайди. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, фақирлик салбий ишларга сабаб бўладиган ҳаракатлантирувчи омил ҳисобланади. Тўқчилик эса, одатда танбалликка, ялқовликка боис бўлсада, бу салбий сифатларнинг зарари фақирлик келтириб чиқарадиган ёмон оқибатларга нисбатан камроқ бўлади.
         Фақирлик борлиқда ўрнатилган илоҳий қонуниятларга шаккоклик қилиш, ризқ тақсимотига нисбатан шубҳа гумонда бўлиш каби ҳолатларни келтириб чиқаради. 
Фақирлик дунёқарашни салбий кўринишга олиб келади. Айнан шу нарса олимлардан бирининг қуйидаги фикрларига сабаб бўлган бўлса не ажаб: “Фақирлик қайси юрт томон йўл олмасин, динсизлик унга “Мени ҳам ўзинг билан олиб кет” дер экан”. 
Зуннун Мисрий ҳазратлари айтадилар: “Сабр нималигини билмайдиган фақирлардан яхшилик чиқмайди. Сен сабр қила оладиганларга насиҳат қилгин”.
         Шундай экан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Фақирлик салкам куфр ҳисобланади”  деган сўзларидан ҳайратланмаса ҳам бўлаверади.
         Яна у зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Аллоҳим, куфр ва фақирликдан Ўзинг асра”.  Бу ерда фақирлик имонсизлик билан ёнма-ён келяпти. Ҳадиси шарифларнинг яна бирида бундай дейилган: “Аллоҳим, фақирликдан, йўқсилликдан, ҳорликдан паноҳ тилайман. Зулм қилиб қўйишимдан, ёхуд мазлум бўлиб қолишимдан Ўзинг сақла”. 
Шундай қилиб фақир бўлиб қолмаслик учун меҳнат қилиш керак, дангасалик ва ялқовликдан қочиш даркор!. 
 


Аҳмад домла Бойқобилов
Қарши шаҳар бош имом-хатиби