УЛАМОЛАРНИ ҲАҚОРАТЛАШНИНГ ОҚИБАТИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Қадимдан бизнинг диёрларимиз мусулмонлари Ислом уламоларнинг ҳурматини баланд қўйиб келган. Уларнинг обрўси ва шаънларини ўз жойига қўйишни диний бурч деб билганлар. Аммо охирги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқалари олимларимизга нисбатан тилга олиб бўлмас ҳақоратомуз гаплар билан шаънларига тош отишлар негадир урчиб бормоқда. Хўш, динимиз таълимотлари бунга қандай муносабат билдиради?
Умумийликда бирор мусулмонни ҳақоратлаш фосиқлик деб саналади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “ Мусулмонни ҳақорат қилмоқ фосиқликдир, уни ўлдирмоқ эса кофирликдир” деб (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Аммо, оддий мусулмондан кўра мусулмон уламоларини ҳақорат қилиш гуноҳи икки чандон зиёда бўлиб гуноҳи кабира даражасига чиқади. Чунки эҳтиромда омма мусулмонларга нисбатан уламоларининг эҳтироми илм ва дин юкини кўтарганлари учун зиёда бўлади.
Олимни ҳақоратлашнинг зарари биргина ўша олимнинг шахсияти билангина чегараланиб қолмайди. Балки, бу ҳақорат олим кўтарган шариат илмига ҳам таъсир қилади. Чунки, олимни ҳақорат қилинса, одамлар кўз ўнгида унинг қадри тушиб кетади. Одамлар кўз ўнгида олимнинг қадри тушгандан кейин ундан илм ва насиҳат олмай қўядилар. Бу билан эса шариатга зарар етади.
Риёзус солиҳийн китоби шарҳида шундай дейилган: “Аҳли илмни ҳақорат қилиш оммани ҳақорат қилишдекмас. Оддий бир инсонни ҳақорат қилинса бу ҳақорат фақат ўша кишини ўзига жароҳат етказади. Лекин олимни ҳақорат қилинса бутун бошли уламоларга ҳамда улар кўтариб юрган шариатдан бўлган илмга ҳам жароҳат етказади. Чунки, уламолар ҳақида турли туман сўзлар кўпайса халқ уларга ишонмай қолади. Шунинг учун уламолар ҳақида турли гап сўзлар кўпайган вақтда Аллоҳдан қўрққан ҳар қандай тақводор мўмин – мусулмон киши шариатга зарар етиб қолишини олдини олиш учун тилини маҳкам тийиб юриши лозим бўлади”.
Бир ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: “Хўрозни сўкманг( ҳақоратламанг) чунки у (одамларни) намозга уйғотади”. (Имом Абу Довуд ривояти). Энди бир ўйлаб кўрайлик, бир ҳайвонни бомдод намозига уйғотгани учун ҳақорат қилиш мумкин эмас экан, инсонларга бутун бошли шариатни ўргатаётган уламоларни ҳақорат қилиш минг карра мумкин эмасдир!
Рустам домла Қиличев
Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими