БИДЪАТ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
2466
19-08-2020, 19:15
1 150
Ўқиш режими
+
-
БИДЪАТ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
«Бидъат» сўзи луғатда «бир нарсани янгитдан пайдо қилиш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳий маъноси «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир».
Уламоларимизнинг ижтиҳодига кўра «бидъат» икки турли бўлади. Бидъати ҳасана (яхши бидъат), бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана (яхши бидъат) қилиш динимизда қораланмайди, аксинча тарғиб бор. Баъзи бидъат амалларни қилиш вожиб ҳамдир. Масалан: Наҳв ва сарф илмини ўрганишни уламоларимиз вожиб деганлар. Чунки, бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбаъни ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Наҳв илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида бўлмаган. Бу илм Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида ўрганила бошланган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарсани ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради.
Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». – дедилар». Имом Муслим ривоят қилган.
Абдурроҳман ибн ал – Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ – гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса,бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча ана уларни бир қори(орти)га жамласам яхши бўлади», - деди.
Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда, одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди.
«Бу қандай ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал»,- деди ҳазрати Умар. Кечани охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». Имом Молик ривоят қилган.
Демак, мазкур ҳадиси шарифлар яхши бидъатга мисол бўлади. Бир оғиз сўз билан айтганда дин йўлига хизмат қиладиган ҳар қандай янгилик бидъати ҳасана, яъни яхши бидъатдир. Бу бидаътларни баъзилари бажариш вожиб бўлса, баъзилари мандубдир.
Мандуб бидъатга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилишимиз мумкин. Суннат бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Бу қандай ҳам яхши бидъа” дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун мадраса қуриш, китоблар чоп этиш каби дин асосларига зид бўлмаган, балки дин ривожига хизмат қиладиган амаллар бидъати ҳасана бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгидан пайдо қилса, у қайтарилгандир”, - дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод динимиз, деганларидир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир”, - дедилар». Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
Баъзилар автоулов ва электр энергиясидан фойдаланиш, илм – фан тараққиёти, техника ва техналогияларни ҳам бидъат дейдилар. Бу хато фикр. Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди.
Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди? Уламоларимиз “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл” деб таъриф берганлар.
Демак, динга алоқаси бўлмаган янгиликлар бидъат эмас, балки илм – фаннинг ютуқларидир. Албатта, мусулмон киши бирор бир амалнинг бидъат ёки бидъат эмаслигини аҳли илмлардан аниқлаб олиши ва уни бартараф этишда қандай йўл тутишни уламолар кўрсатмаси билан амалга ошириши мақсадга мувофиқдир.
Мавлонберди домла Ҳасанов
Шахрисабз туман «Янги қишлоқ-2»
жомеъ масжиди имом хатиби