1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲ.

19-08-2020, 22:55 2 948 Ўқиш режими + -



Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ


Оила қуриш ислом дини тарғиб қилган инсоният наслини янада пок сақловчи,  шаъни ва улуғлигини таъминловчи қолаверса, жамиятни бир маромда бўлиши учун асосий воситадир. Никоҳ ўта масъулиятли жараёндир. Инсон мана шу тушунча билан оила қурса, у мустаҳкам бўлади. Фарзанд деб аталмиш энг буюк неъмат ана шу оилада дунёга келиб, вояга етади, камол топади. Боланинг соғлом туғилиши, баркамол бўлиб вояга етиши, тўғри тарбия олиши, албатта, оиладаги ҳолатга боғлиқдир. Бунда ота-онанинг роли беқиёс аҳамият касб этади.

Аллоҳ таоло "Рум " сурасиниг 21- оятида қуйидагича марҳамат қилади: Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

Оила қуришга ўта нозиклик билан пухта ўйлаб, кейин ёндошиш керак, қолаверса келажакда бахтни қўлдан бой бермаслик ва атрофдагиларга заҳмат етказмаслик учун тўғри асосда йўлга қўйиш муҳимдир. Амир Темур бобомиз келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйганлигини таъкидлаб ўтганлар. Зеро, оила мустаҳкам бўлар экан жамият мустаҳкам бўлади. 

Ҳозирги кунда баъзиларни яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга интилиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби ўлароқ қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилмоқда. Агар ушбу авлод вакилларида, бошқа авлод вакилларида учрамайдиган етук ақл-идрок, чирой, узоқ умр ва куч-қувват яна бир қанча яхши сифатлар бўлса, ирсий касалликлар бўлмаса қариндошдан олиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аммаларининг қизи Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганлар. Шунингдек, жонажон қизлари Фотима розияллоҳу анҳони амакиларининг ўғиллари Али ибн Абу Толибга берганлар. Демак, яқин қариндош билан никоҳда бўлиш мубоҳ бўлади. Энди қачонки, соғлиқ, қариндош уруғчиликни мустаҳкамлигига путур етиши ё ажрашиб кетиш эҳтимоли юқори бўлса, ундай ҳолда  ҳукм макруҳлик ва ундан ҳам ёмон даражагача ўзгариши мумкин. Қолаверса, олимлар ҳам одатда қариндошдан бошқа билан оила қуришга тарғиб қилади. Боиси миллатчилик, уруғчилик кескинлашиб кетишини олдини олиш, қонни янгилашдан иборат.

Ака-ука ва опа-сингилларнинг болалари бир-бирлари билан никоҳланишига шариатда рухсат бор. Аммо бегонадан бўлиши афзаллиги таъкидланади. Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар: 1. Диндорлик. 2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади. 3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши. 4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши. 5. Ҳасаби-насаби яхши бўлиши. 6. Ҳуснли бўлиши. Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди. 7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиши эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига путур етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар соғлом туғилиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади. 

“Ўзимники, сирпўшим, яхшимни ошириб, ёмонимни яширади, бору йўғимга кўниб, гапимни кўтаради”, деган яхши ниятлар билан қўйилган жиддий қадам, яъни яқин қариндошларнинг қуда тутиниши билан боғлиқ муаммолар ҳамма жойда учраяпти. Тўғри, оилавий келишмовчиликлар, аж­римлар бегоналардан қиз олиб, ўғил уй­лантирганлар орасида ҳам оз эмас. Аммо қариндош эру хотин оила­сининг нотинч­лиги, бузилиши яқинларнинг жанжаллашиб, мол-мулк талашиб, судлашиб юришига, соғлигини йўқотишига, эл-юртда обрўйи тўкилиши, ҳатто юзкўрмас бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, силаи раҳм, қариндошлик ришталарини узмаслик динимизда қатъий таъкидланган.

Фақиҳларимиз яқин қариндошдан қуда бўлишни заиф авлод вужудга келиши мумкин дея айтадилар. Баъзи фиқҳий манбаларда ҳам: “Бегона анжаб. Яқин қариндош асбар” деб айтишган. Бунинг маъноси қариндош ўртасидаги никоҳда сабр ва чидам талаб қилинади. Зеро, қариндош уруғчиликни сақлаб қолиш, силаи раҳмни узмаслик учун баъзан ёмон бўлса ҳам тишни тишга қўйиб чидашга  тўғри келади. “Анжаб” нинг маъноси фазрандлар қобилиятли ва иқтидорли бўлади деганидир.

Хўш, биз айтаётган яқин қариндошлар ким. Бу ҳақида фақиҳларимиз амманинг қизи, ўғли ё тоға ё холанинг қиз ё ўғли дея баён қилишиб, улар билан оила қуриш мумкинлигига иттифоқ қилишган бўлсада тажрибаларга асосланган ҳолатда бегоналар билан никоҳланиш мақсадга мувофиқроқ бўлади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам фақат яқин қариндошлари билан қуда-анда бўладиган бани Соибга қарата: “Нима-у? жуда нимжон ва заифлашиб кетганингизни кўряпман. Бўлди энди бундан кейин заифҳол бўлмаслигингиз учун никоҳда бегоналардан олинглар, деганлар”.

Қолаверса, қариндошлар ўртасидаги никоҳда бегоналардан фарқли ўралоқ ийманиш, тортиниш ва ҳаё кучли бўлади. Имом Ғаззолий роҳиматуллоҳ бу ҳақида: “Шаҳватнинг ҳар бир янги ва нотаниш нарсага бўлган  қуввати, кўз ўрганиб қолган одатдаги ва ҳар доим яқин бўлган инсонга нисбатан кучлироқ бўлади.”. 

Имом Шофеъий роҳиматуллоҳ: “Агар бирор қавм қизларини бошқа бегона қавмга узатмас, худди шундай бегона қавмдан қиз олмас экан бўлажак авлодининг ақли етук бўлишида шубҳа бор”.

Ибн  Қудома роҳиматуллоҳ: “Бегона билан оила қуринг. Сабаби фарзанд қобилиятли ва зукко бўлади”.

Маълумотларга кўра, ногирон болаларнинг салмоқли қисми қариндош-уруғлар билан никоҳ туфайли дунёга келар экан. Аянчлиси, шуни билган ҳолда никоҳга рози бўлиб, кейинчалик, афсусланаётганлар ҳам кам эмас. 

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари ва хавфи тобора ортиб бормоқда. Мутафаккир олим ва ҳаким Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” китобида қатор касалликларнинг наслдан-наслга ўтишини, суяк суришини ва яқин қон-қариндошлар орасидаги никоҳнинг зарарли оқибатларини алоҳида кўрсатиб ўтган. 

Соғлом, бақувват, бенуқсон фарзанд ва авлодлар ҳақида ўйлар эканмиз, аввало ҳар бир ўсиб келаётган ўғил-қизларимизга оила қуриш инсон ҳаётидаги энг муҳим масала эканлиги тўғрисида, кимга уйланиш, қачон турмушга чиқиш борасида тўғри маслаҳатлар бериб бориш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Биз учун қайсидир қариндошимиз билан қуда бўлиб, “қариндошчиликни янада мустаҳкамлаш” эмас, наслимиз  давомчилари бўлган авлодларимизнинг соғлом дунёга келмоғи муҳим бўлиши шарт. 

Жамият истиқболида соғлом, ақлли, маънан баркамол фарзандлар муҳим ўрин тутадилар. Улар тарбияси, ҳаёт йўлини танлашида халқимизнинг ибратли анъаналари ва диний-миллий қадриятларига асос­лансак, иншоаллоҳ, хайрли ниятларимиз амалга ошади.


М. Қораев

Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби: