1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Виждон эркинлиги кафолати

20-08-2020, 19:01 466 Ўқиш режими + -
Ўзбекистон Республикаси  давлат мустақиллигини эълон қилган пайтидаёқ, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва мамлакат суверенитети ғояларига содиқ эканлигини билдирди. Бунда ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашни Конституциянинг муқаддимасидаёқ мақсад  қилган эди.
     Тарихий тараққиёт давомида инсоният динга  ва диний ташкилотларга муносабатни шакллантирибгина қолмай, балки конфессиялараро мулоқотнинг ўзига хос мувозанатини ҳам вужудга келтирди. 
Дарҳақиқат, 28 йил аввал мустақил ҳаёт йўлини танлаган ўзбек жамиятида бугунги кунда миллий ва диний қадриятлар мавқеи кучайиб, миллатлараро тенглик ва бағрикенглик мулоқоти, тотувликни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. 
Ҳуқуқий нуқтаи назардан  қараганда, республикада фуқароларнинг дин эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқи амалга оширилмоқда. Бу конституцияда ва қонун нормаларида қуйидагича ўз аксини топган.
Конституциянинг 7-боби шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган бўлиб, 31-моддасида  ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги эътироф этилган.
Конституциянинг ушбу моддасидаги қоидалар 1998 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида мазмунан бойитилди ва ривожлантирилди.
Ана шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан бири – виждон ва дин эркинлигини таъминлаш ҳисобланади. Шунга кўра, бугунги кунда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши – ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.
Шунингдек, ушбу Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни demokratkom@parliament.gov.uz манзилига йўллаш мумкин экани ҳам маълум қилинган.
Виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик масаласи ижтимоий ҳаётда ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган. Бинобарин, унинг замирида шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги, демократик принциплар, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби муҳим ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва аҳлоқий тушунчалар ётади. Виждон эркинлиги кишиларнинг руҳий оламига, уларнинг соғлом ва баркамоллигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис бу масаланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти ғоят муҳимдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уставидан тортиб барча халқаро шартномаларда, дунё мамлакатлари Конституция ва қонунларида виждон эркинлиги ўз ифодасини топган. 
Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир. Шу ўринда, ушбу омилларни инобатга олмаган ҳолда мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатлар ҳамда конфессиялар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турлича диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлаш мутлақо имконсиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
     Муҳокамага қўйилган мазкур ўта муҳим қонун лойиҳасида барчаларимиз фаол иштирок этиб, ўзимизнинг онгли ва пухта ўйланган асосли фикрларимиз ва таклифларимизни билдирсак мақсадга мувофиқ бўлади.



ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби:       Р. Усмонов